Биласизми?

Рус консалтинг бюроси Тошкент кўчалари қиёфасини ўзгартириш бўйича лойиҳа тайёрламоқда

«Тошкент сени севади» — Россиянинг «Стрелка» консалтинг бюроси томонидан Ўзбекистон пойтахтининг жамоатчилик ҳудудлари реконструкциясига бағишланган халқаро лойиҳа номи ана шундай аталмоқда. Бу ҳақда бюронинг «Фейсбук»даги саҳифасида маълум қилинган, деб ёзади Kun.uz.

1 июнь куни консталтинг бюросининг бош директори Денис Леонтьев Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевга Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган, пойтахтнинг янгиланган жамоатчилик ҳудудлари лойиҳасини тақдим этди. Кўчаларни замонавий ҳудудга айлантириш бўйича дастурга жамоатчилик кенгаши тузиш бўйича ишчи гуруҳ вакиллари ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам баҳо беришди.

Денис Леонтьев лойиҳанинг муҳимлиги ҳақида шундай деди: «Стрелка» КБ халқаро консалтинг томон бир қадам ташлади ва собиқ иттифоқ шаҳарлари бўйича ишлашни бошлади. Дастлабки тизимли ҳамкорликни Тошкент билан йўлга қўйиш бошланди.

Биз беш йилдан буён Россияда ишламоқдамиз ва 365 та шаҳарда фаолият олиб борамиз, айнан шунинг учун бизнинг экспертизамизга бугунги кунда талаб катта. Бизнинг услубларимиз жаҳон бозорида рақобатбардош ва қизиқарли, бу эса рус консалтингини ташқаридан янгича қабул қилиш учун замин яратмоқда. Ривожланаётган иқтисодиётга эга мамлакатларда шаҳарларни қайта қуриб биз «softpower» сифатида ўзгаришлар муҳитини яратамиз, янги мутахассисларни жалб қиламиз ҳамда маданиятлар ва шаҳарлар ўртасида кўприклар бунёд этамиз».

Тошкентни инсонлар учун жозибадор қилиш учун «Стрелка» КБ лойиҳа босқичларини муҳокама этиш учун шаҳар аҳолисини жалб этишни ҳам ташкиллаштиради. Жонли учрашувлар ва тақдимотларга краудсорсинг унсурлари ҳам қўшилади. Платформа фойдаланувчилари ўз фикрларини билдиришлари шаҳар муҳитини ривожлантириш бўйича ўз ғоялари билан ўртоқлашишлари, шунингдек пойтахт кўчаларидаги муаммоли нуқталарни белгилаб беришлари мумкин. Пойтахт аҳолисидан олинадиган шаҳарнинг одатлари ва характерлари ҳақида маълумотлар лойиҳани амалга оширишда асқотадиган қимматли билимлар ҳисобланади.

Янгиланиш учун нишона ҳудуд Амир Темур шоҳкўчаси бўлади. Пиёдаларга қулай бўлиши учун пиёдалар йўлкаси (тротуарлар) кенгайтирилади ва велосипед йўлкалари барпо этилади. Шаҳар фаоллиги жуда юқори бўлган нуқталар — чорраҳаларда ҳордиқ чиқариш масканлари ва стрит-ритейл жамоатчилик ҳудудлари барпо этилади. Шоҳкўчада қўшимча соя берувчи 400 дан ортиқ дарахтлар ўтқазилади.