Қуйидаги материал Роман Абрамовичнинг талаба-ёшлар билан учрашувларда, суҳбатларда ва интервьюларда айтган фикрлари асосида тайёрланган.
1. Кўпчилик муаммолар онгда содир бўлади. Улар аслида қайсидир воқеа, омадсизлик, бошқалар хатти-ҳаракатиниг натижаси эмас. Улар бизнинг феълимиздаги салбий хусусиятлар сабабли юзага келади. Қуйидаги 10 та феъл-атвордан ўзингизни халос қилинг ва улар туфайли юзага келадиган муаммолардан қутулинг.
2. Шошилинч хулоса, қарор қабул қилманг. Бу одатингиз ҳаётни икки йўсинда мураккаблаштириши мумкин. Биринчидан, биз ҳаракатимиз нима билан якун топишини билсак ҳам, унга эътиборсиз равишда иш кўрамиз. Унутманг, хато туфайли ўзини авлиё билган одамнинг ярамасдан фарқи йўқ. Боиси унинг хато хулосаси ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам ҳаётини издан чиқариши мумкин.
Шошилинч хулоса чиқариш иллатининг иккинчи ёмон жиҳати шундаки, биз ўзимизни гўёки бошқаларнинг онгини ўқий оладигандек, ўзимизни бошқалар нега у ёки бу ишни қилаётгани, ниманидир ўйлаётганини тушунадигандек тутамиз. Яна хато қиламиз ва бу нодонлигимиз кўпчилик билан муносабатларимизнинг бузилишига олиб келади.
3. Фожиа ясашга одатланманг. Кичик омадсизликдан йирик фожиалар ясаш, шунинг асносида иш кўриш кўпчиликка хос одат. Пашшадан фил ясаш аслида мавжуд бўлмаган ёки аҳамиятсиз ваҳиманинг туғилишига олиб келади. Нега шундай? Эҳтимол, инсонлар ўзларининг нақадар керакли ёки аҳамиятли одам эканликларини кўрсатиш учун шундай қилишса керак. Нима бўлганда ҳам, бу – нодонлик ва ҳалокатлидир.
4. Қоидаларга ёпишиб қолманг. Сиз тўқиб чиқарган, ишонган "керак", "керак эмас"ларнинг аксарияти фойдасиз, хато бўлиши мумкин. Бу қоидалар кўп ҳолларда асабийлашиш, ўзингизни гуноҳкор ҳис қилишга олиб келса, эҳтимол уларни ўзгартириш керакдир. Бу қоидаларга эргашиш эвазига мияга кераксиз тўсиқлар қўйиб, бачкана буйруқлар берасиз. Шунингдек, бошқаларни бу қоидаларга мажбурлаш сиз тўғрингизда "ўзига бино қўйган", "худбин" деган фикр шаклланишига сабаб бўлади.
5. Қолипдан чиқиб фикрлашга одатланинг. Сиз гапираётган сийқаси чиққан сўзлар сизга панд бериши мумкин. Салбий хусусиятга эга бўлган фикрлар, нолиш сиз ҳаққингизда салбий тасаввурга сабаб бўлади. Айниқса, илк маротаба одам билан суҳбатда ижобий кайфият уйғотинг.
Фикрни жамлаб, уни таркибий қисмларга бўлинг ва бир-бирига қанчалар дахлдор эканини таҳлил қилинг. Бу сизга сўзнинг чинакам салмоғини кўришга, керакли гапни гапиришга, фикрни батамом нокерак жиҳатлардан тозалашга ёрдам беради. Қолиплардан қочинг. Ундан кейин бошқаларнинг сизга муносабатидан ҳайратга тушасиз.
6. Перфекционист бўлишга ошиқманг. Ҳаёт фақатгина "қора ё оқ", яъни "ҳамма нарса ёки ҳеч нарса" эмас. Кўп ҳолларда "етарли", бу – етарли эканини, сиз чегарада турганингизни англатади. Модомики кўнглингиздагидек иш қидирар экансиз, ҳеч қачон топа олмайсиз. Мукаммаллик инсонга хос жиҳат эмас.
Шу билан бирга, шу вақтга қадар манзур бўлиб келган ишлар ҳам наздингизда янада ёмон бўлиб туйилади. Одамлар билан мулоқотда ҳам кўнглингизга мос муносабатларни излашга интилманг. Акс ҳолда, бир умр ёлғизликда яшашга тўғри келади.
Перфекционизм ёки идеалликка интилиш, бу – сизни ҳаётдан завқ олишингизга тўсқинлик қиладиган, ҳар гал сизни сароб орзуларга бошлайдиган руҳий касаллик.
7. Умумий хулоса ясаманг. Бир ишда икки маротаба муваффақиятсизлик мунтазам омадсизлик, дегани эмас. Тасодиф зафар қозониш ҳам сизни даҳога айлантириб қўймайди. Яхши ёки ёмон бўлган бирор ҳолат, гарчи қайта такрорланса ҳам, вақтинчаликдир. Уларнинг ҳар бирига алоҳида муносабатда бўлинг ва умумий қабул қилманг. Қоидага кўра, ҳар нарса ўзича намоён бўлади, ундан ортиқ эмас.
8. Муносабатларни кўнгилга яқин олманг. Кўпчилик, ҳатто дўстларингиз ёки ҳамкасбларингиз сиз ҳақингизда 99 фоиз ҳолатда ўз вақтида гапирмайди, ўйламайди ва қайғурмайди. Сиз хизмат қилаётган ташкилотда ҳам, ҳаттоки сиз истиқомат қилаётган маҳалладаги қўни-қўшнилар ҳам афтидан сизга бефарқдек. Ҳа, бу айни ҳақиқат, ҳаммага ўз ташвиши етарли. Бу сиз учун фойдали.
Ҳаётда бошқаларнинг юксалиши ёки аксинча қулаши, илиқ ёки бефарқ муносабатининг аслида бошқалар учун дахлдор жиҳатларини топиш мушкул. Ҳар ким ўз ҳаётига ўзи жавобгар. Барча мана шу кайфиятда яшашга ўрганиб кетади. Агар одамлар ҳадеб ўзларини сизга хайрихоҳ ва меҳрибон қилиб кўрсатаверсалар, сиз ўзингизни шунча кўп бахтсиз ва кераксиз деб ҳисоблай бошлайсиз.
9. Туйғуларга ишонманг. Сиз ҳис қилаётган воқелик, бу – айни пайтда содир бўлаётган ҳолатнинг тўғри эканини англатмайди. Сиз буни ҳис қиляпсиз ва ҳислар кўпинча алдамчи бўлади. Кўп ҳолларда чарчоқ, очиққанлик ёки зориқиш, тушкунлик, ғазаб, хасталик ёлғон туйғуларга эҳтиёжни юзага келтиради.
Сизга вақтинчалик эркинлик, қувонч ёки ҳузур бераётган ҳислар сизнинг қаршингиздаги келажакни ўзгартиришга қодир эмас. Ҳислар тўғри бўлиши мумкин, аммо ҳақиқат бўла олмайди.
10. Ҳафсалани ўлдирманг. Ижобий бўлишни одат қилинг. Ҳаётда ёки ишда ёмон нарсани кутиш – унга дучор бўлишга сабаб бўлади. Бу амалда исботини топган. Салбий кайфиятда яшаш – дунёга синиқ ва чиркин шишали кўзойнакда боқишга тенг.
Нимададир камчилик кўрсангиз, унинг учун норози бўлиш, асабийлашиш шарт эмас. Уни ўзгартириш қўлингиздан келса, ҳаракат қилинг. Ҳар ноқулайликни борича кўриш, ҳар нарсада ўз хоҳишини талаб қилиш ўтакетган худбинлик. Модомики, воқеликларда ижобийлик қидирар экансиз, уларда кейинчалик ўз истакларингизни ҳам кашф қила бошлайсиз.
11. Ўтмиш билан яшаманг. Бу ҳаммасидан ҳам муҳимроқ маслаҳат. Ўрни келганда унутинг ва яшашда давом этинг. Дунёдаги энг жирканч ёвузлик, умидсизлик, бадбахтлик ўтмиши – эски хафагарчилик ва муаммолар билан яшаётган инсон қалбида ин қуради. Уларни онг чиғириғидан ўтказгани сайин ўтмиш ва бахтсизлик тобора бу одамни ўз домига юта бошлайди.
Ўтиб кетган муваффақиятсизлик билан курашманг. Энг яхшиси, уни унутинг ва ҳаётни давом эттиринг. Шунда ўтмишга сизни жароҳатлашига йўқ қўймаган бўласиз.
Роман Абрамович:
Россия ва жаҳоннинг муваффақиятли тадбиркорларидан бўлган Роман Аркадьевич Абрамович 1966 йилнинг 24 октябрь куни Россия Федерациясининг Саратов вилоятида туғилган. У 4 ёшида ота-онасидан ажралган ва Роман 8 ёшигача Коми автоном республикасининг Ухта шаҳридаги амакисиникида тарбияланган.
1974 йили Роман Абрамович Москвага, бошқа амакисиникига кўчиб келади ва шу ерда ўрта мактабни тамомлайди ва ҳарбий хизматни ўтайди. У 1983 йили Ухтадаги Ўрмонтехника саноати институтига ўқишга киради. Маълумотларга кўра, у институтдаги ўқишини ҳам охирига етказмаган.
Меҳнат фаолиятини оддий механик ишчи лавозимидан бошлаган бўлажак миллиардер 80-йилларнинг охири, 90-йилларнинг бошига келиб Роман кичик бизнесига эга бўлган, кейинчалик эса у нефть соҳасига қизиққан.
Унинг россиялик яна бир миллиардер Борисо Березовский ҳамда Россиянинг собиқ президенти Борис Ельцин оиласи билан яқин муносабатлари «Сибнефть» хусусий нефть компаниясини очишига хизмат қилган.
25 ёшигача у 20 дан ортиқ фирмаларни очиб-ёпишга улгурган. 1999-2000 йилларда Абрамович Госдума депутати, сўнг Чукотка ҳокими лавозимига тайинланади.