Диетологнинг фикри Ҳўппа семиз қорин ўрнига қориннинг тўртбурчак шаклдаги мушакларига эга бўлиш -- барча эркакнинг орзуси. Боиси бу кучли жинс вакилларининг ташқи кўринишдаги муҳим афзалликларидан биридир. Ортиқча вазн йиғиб, мешқоринни орттириб олиш жуда осон бўлса ҳам, ундан воз кечиш узоқ вақт ва иродани талаб қилади.
Жисмоний фаол бўлиш керак! Ҳеч бир мўъжизали парҳез ёки оздирувчи таблетка ёрдам бера олмайди. Қайтага улар ошқозонни ишдан чиқариб, янада семиришга сабаб бўлади. Озишда муваффақият қозониш овқатланишни меъёрига келтириш ва шунга уйғун ҳолда жисмоний машқларга одатланишга боғлиқ.
Нимадан бошлаш керак? Қорин ва ёнбош ёғларидан халос бўлишдан олдин ўзингизга мақсад қўйинг. Бу мақсадга етиш учун олдингизда узоқ муддат ва машаққатли меҳнат ётибди. Аниқроғи, бунинг учун сизга аҳволингиздан келиб чиқиб, 12 ҳафтадан ярим йилгача вақт керак бўлади. Модомики, бу фойдали машғулот учун ҳафсала ҳамда вақт ажрата олмас экансиз, унда семиришда давом этинг. Кўп ўтмасдан сумочилар қаторидан жой оласиз.
Эркакларда қорин нимадан катталашади?
Вазни ортиб бораётган ҳар бир эркакни шу савол қизиқтиради. Бош сабаблари: 1. Кам ҳаракат турмуш тарзи. Ўрта ёшли эркак уйлангач, ўз-ўзидан яхши тўланадиган идора ишига ҳаракат қилади. Натижада, унинг асосий вақти идорада компьютер қаршисида, курсига михланган ҳолда ўтади ва жисмоний фаоллик пасаяди. Уйда эса чарчаб келгач, еб-ичиб кейин ҳордиқ чиқаради. 2. Қоринга тушаётган калориянинг номувофиқлиги. Фастфуд, кечки шоҳона овқатланиш, қовурилган ва ёғли таомлар инсоннинг овқатланиш рационини бузади, ортиқча калорияни танаг олиб кириб, ёғга айланади. 3. Ирсий ёки эндокрин муаммолар. Кўпчилик эркакларда ортиқча вазн сабаби танада моддалар алмашинувининг секинлиги ҳисобланади. Бу эса қориннинг катталашишига сабаб бўлади. 4. Зарарли одатлар. Мисол учун, кеч овқатланиш ёки ёнбошлаб овқатланиш. Ёки ичиш-чекиш ҳам ҳазм тизимин ишдан чиқаради. 5. Касалликлар. Қандли диабет ҳам семиришга мойилликни оширади. 6. Ичак фаолияти билан боғлиқ муаммолар.
Илк қадамни бошлаш - Соғлом турмуш тарзига зид зарарли одатлардан воз кечинг. Зарурат туғилса, агар касаллик сабаб семираётганингизни сезсангиз, малакали шифокор билан маслаҳатлашинг; - Ичаклар фаолиятини яхшиланг. Ичакларни уларнинг деворларида қолиб кетган озиқ қолдиқлари -- шлаклардан тозаланг; - Ҳар куни бир неча стакан кефир ичишга одатланинг. Асосан, тонгда ва ухлашдан аввал. Кўпроқ тоза сув ичинг -- бу ичаклар фаолиятини яхшилайди; - Кундалик овқатланиш рационига турли хил ўсимлик ва ошқозонга фойдали бўлган апельсин, нок, помидор, олхўри, бодринг каби паст калорияли ва витамин-минералларга бой маҳсулотларни қўшинг. - Кундалик овқатланиш меъёрини изга солинг ва бунга амал қилинг; - Эркак киши аёлга нисбатан кўпроқ калорияга эҳтиёж сезади. Аммо, думба ёғига қилинган ошни егандан кейин курсида ором олиш эмас, далада ишлаш керак бўлади. Имкон қадар ёғли, қовурилган, дудланган ва тузланган маҳсулотларни истеъмол қилманг. Спиртли ичимликлар, хусусан пиво ичишдан ҳам воз кечинг; - Овқат миқдори одатда ейдиган овқатингиздан 25-30 фоизга камроқ бўлсин. Имкон қадар шошмасдан, таомни яхшилаб чайнаб сўнг ютинг. Бу овқатнинг ичакда яхши сўрилиши ва ошқозонга ёрдам беради; - Мувофиқ овқатланишда оқсил парҳезидан фойдаланиш самара беради. Хусусан, қайнатилган тухум, помидор,қатиқ, мевали салат ва қайнатилган гўшт истеъмол қилинг. Кечки овқатга қайнатилган картошка, нўхатли шўрва тановул қилишга одатланинг. Сосискани ҳам қайнатиб, тонг маҳали 2 тадан ортиқ еманг. Сабзавотли салатлардан кўпроқ енг. Гречка кўпроқ истеъмол қилинг. Тунда бирор салат ва енгилроқ овқатланинг.
Қорин ва биқин ёғларидан халос қилувчи машқлар
Югуриш ва сузиш семиришга қарши курашадиган энг фойдали машқлар. Машқ қилганда энг юқори куч билан ишлаш шартмас. Машқ жараёнида машқ нуқтасининг қоринга тушишига эътибор қаратиш керак.
Қуйидаги машқларни кун давомида бир неча марта, ҳар гал 10-30 маротабадан бажаринг.
Қорин мушакларига урғу қаратган ҳолатда "пресс"да ишлаш. Фитнес-коптокда машқ қилиш. Ётган ҳолатда гантелни силтамасдан, тик кўтариш. Ётган ҳолатда оғирликни бармоқ учларига ташлаган ҳолда танани силкитиш. Брусда осилиб туриш. Отжимание қилинг. Ёғга қарши курашда энг самарали машқлар: Гантелни кўтарган ҳолда ён томонларга энгашмоқ. Ётган ҳолда, оёқларни чўзиб, танани кўтариш. Оёқларни кенг очган ҳолатда гантелни силтамасдан кўтариш ва қўлларни олдинга чўзиб, гантелларни бирлаштириб, сўнг оҳиста пастга тушириш. Турникка осилиб, оёқ учларини иккала қўл орасига етказинг. Шунингдек, турникка осилиб, танани ҳар томонга буринг. Тўғри овқатланиб, жисмоний фаол бўлсангиз, тез орада сизнинг қад-қоматингизни "бузиб" турган ортиқча ёғлардан халос бўласиз.
Қуйидаги видеоларни томоша қилишни ҳам тавсия қиламиз:
https://youtu.be/5tYXSbzh0sM
https://youtu.be/MFjxe-F3vsE
https://youtu.be/2aTOOJXodCc
Доимо соғ-саломат бўлинг!