Биласизми?

Президент яна бир узоқ кутилган қонунни имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 июль куни «Медиация тўғрисида"ги қонунни имзолади. Мазкур қонун мамлакатда фуқаролик-ҳуқуқий низоларни судга қадар ҳал этишнинг муқобил усулларидан бири ҳисобланган медиация институтини жорий этишни кўзда тутади.

Қонунда «медиация», «медиатор» каби тушунчаларга изоҳ берилиб, медиация институтини қўллаш тартиблари ва шартлари келтириб ўтилган. Жумладан, қонуннинг 15-моддасига кўра, медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар қўлланилиши мумкин.

«Медиация тўғрисида"ги қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 июнда қабул қилинган ва Сенат томонидан 28 июнда маъқулланган. Ушбу Қонун 2019 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

ЎзАнинг маълум қилишича, судьялар иш ҳажмини камайтириш, шу орқали одил судловни таъминлашнинг самарадорлиги ва сифатини оширишнинг муҳим усулларидан бири фуқаролик-ҳуқуқий низоларни судга қадар ҳал этишнинг муқобил усулларини, жумладан, медиация институтини ривожлантиришдир.

Медиациянинг мақсади — низолашувчи тарафларнинг низоларини мустақил, ўзаро фойдали шартлар асосида ҳал этиш имкониятини топишга кўмаклашиш. Унинг асосий тамойилларига ихтиёрийлик, тарафларнинг тенглиги, бетарафлик, медиаторнинг холислиги, махфийлик кабилар киради.

Медиаторлар далилларни текширмайди ва тарафларнинг талаблари қонунийлигига баҳо бермайди, аксинча тарафлар ўртасида бир-бирларини тушунишга, ўзаро мақбул шартларда муаммони ҳал этиш имкониятларини излаш ва ҳал этишга кўмаклашади.

Медиация жараёни, мажбурийлик кучига эга бўлмаган, тарафларнинг ихтиёрийлигига асосланган конфиденциал жараён. Бу низолашаётган тарафларнинг ўз ихтиёрларига кўра танлаб олинган, бетараф учинчи шахснинг воситачилигида, шартномавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низони ўзаро муроса — ярашув йўли билан ҳуқуқий асосда ҳал этишдир.

Бетараф учинчи шахс — медиатор аслида судья ҳам, арбитр ҳам эмас ва келиб чиққан низо юзасидан ҳеч қандай мустақил қарор ҳам қабул қилмайди. Ҳакамлик судидан у айнан шу жиҳати билан фарқ қилади.