Мулоҳаза учун мавзу

Ортга суришдан эҳтиёт бўлинг!

Бугунги кун инсонининг энг катта ва бирламчи муаммоси: вақтни бошқара олмай, ундан тўғри фойдаланмаслигидир.

Вақт — кетдими, асло ортга қайтариб бўлмайдиган қимматбаҳо мулкдир. Агар уни бошқармасангиз, у сизни бошқаради ва ўзига бўйсундириб қўяди. Вақтни ўзлари истагандек йўнмаган инсонларни вақт ўзи истагандек йўнишга ўтади. Шундай экан, вақтни энг қийматли сармояга айлантириш ҳам, энг зарарли воситага айлантириш ҳам мумкин. Ҳаётимизнинг асоси бўлган вақтни тартибга солишнинг ҳам ўзига хос йўл-йўриқлари бор.

1) Ётоғингизга икки лавҳа осиб қўйинг. Бирини эрталаб, иккинчисини эса кечқурун ўқинг. Эрталаб “Бугун нима қилмоқчи эдим?” ёзувини ўқимасдан уйдан чиқманг. Кечқурун эса “Бугун нима қилдим?” ёзувини ўқимасдан, ўзингизга ўзингиз ҳисоб бермасдан ётманг. Бунинг фойдаси: “Бироз вақтим бўлганида уни қилардим, буни қилардим…” каби баҳоналарга ўрин қолмайди.

2) Бир ишни кейинга қолдиришнинг ифодаси бўлган “эртан” сўзини тақвимингиздан олиб ташланг. Чунки тарих “эртан”ларнинг қурбонлари билан тўлиб-тошган. Бу сўз бетайин ва палапартиш иш қиладиганларнинг энг севимли қалъасидир. Эртани бугундан кўра бемалолроқ деб ўйламанг. Акс ҳолда бунинг бадалини ўша ишни қилолмаслик билан тўлайсиз.

3) Ҳаётда ўз ўрнини топган машҳур инсонлар сингари бугунги ишни эртага қолдирманг. Бугунининг қадрини билмай эртани кутадиганлар кечанинг ўтганини ва эртанинг балки ҳеч келмаслигини ўйламайдилар, бу ҳақиқатни ақлларига сиғдиролмайдилар. Бежиз “Қолган ишга қор ёғар” дейишмаган.

4) Ишларингизни маълум бир вақтларга бўлиб, тартибли бажаришга одатланинг. Шунда энг қийин ишлар ҳам сиз учун осонлашади. Чунки тартиб умрнинг баракали ўтишини таъминлайди. Маданиятлар ривожланишининг шартларини ўрганиб чиққан социологлар ривожланган ва қолоқ миллатлар орасидаги энг муҳим фарқлардан бири “вақтни тўғри тасарруф қилиш” эканини аниқладилар.

5) Учрашувларингизга алоҳида эътибор қаратинг. Чунки ўз вақтингизни бекорга сарфлашга ҳаққингиз йўқлигини била туриб бошқаларнинг вақтини исроф қилишга қандай ҳаққингиз бўлиши мумкин?

6) “Ҳаёт жуда қисқа” деб шикоят қилишнинг ўрнига ҳар соатнинг ҳисобини берсангиз “бўш вақт” деган сўзнинг чўпчаклигига амин бўласиз.

7) “Вақтим бўлмаяпти, улгурмаяпман” деб шикоят қилманг. Биздан олдин яшаб ўтган, умримизнинг охиригача ўқисак ҳам улгуролмайдиган даражада кўп асар ёзиб қолдирганларнинг ҳам кунлари 24 соатдан иборат эди.

8) Мияга ором бериш учун ҳамма нарсани четга суриб қўйиш керак эмас. Чунки зеҳн ва бадан фаолиятининг чарчоғи миямизнинг маълум бир қисмлари томонидан бошқарилади. Шунингдек, ҳар бирида миянинг бир маркази устидаги юк озайиб, бошқа марказ актив ҳолга келади.

9) Камроқ ухлаб умр сармоянгиздан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинг. Ҳар куни 30 дақиқа эртароқ уйғонсангиз бир йилда 7,5 кундан ютасиз. Лекин бунинг асосий шарти шуки, ширин уйқунгизни нимага фидо қилаётганини биладиган идеалга эга бўлишингиз керак.

10) Вақтингизнинг сарфига пулингизнинг сарфидан кўра кўпроқ аҳамият беринг. Чунки пул топилиши мумкин, лекин вақт кетдими, асло қайтиб келмайди, ҳатто уни миллиардлаб пул эвазига ҳам қайтариб бўлмайди.

Қанчадан-қанча умрлар бор — узундан-узуну қадри йўқ, қанчадан-қанча умрлар бор — қисқадан-қисқа-ю қадри буюк. Сиз иккинчи тоифадан бўлишга ғайрат қилинг!

Абдуллоҳ Раҳимбаев

Манба: Tafsilot.uz