Дастлабки маълумотлар бўйича, 2018 йилнинг январь-май ойларида республика корхоналари томонидан 75,4 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан ўсиш суръати 110,8%ни ташкил этди. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.
Жами саноат ишлаб чиқариш ҳажми ўсишининг асосий омили бўлиб, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноатида ишлаб чиқариш ҳажмининг 7,0%га (жами саноат ишлаб чиқариш ҳажми ўсишига қўшган ҳиссаси 5,4 пункт), тоғ- кон саноати ва очиқ конларни ишлашнинг – 33,9%га (ўсишга қўшган ҳиссаси 5,0 пункт), электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондитциялашнинг 1,4%га (ўсишга қўшган ҳиссаси 0,1 пункт) ва сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни утилизация қилишнинг – 39,8%га (ўсишга қўшган ҳиссаси 0,3 пункт) ўсиши ҳисобланади.
Тоғ- кон саноати ва очиқ конларни ишлаш корхоналари томонидан 2018 йилнинг январь-май ойларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 12,9 трлн. сўмни ёки жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмининг 17,1%ни ташкил этди.
Тоғ-кон саноатида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар тури бўйича чақиқ тош қазиб олиш ҳажми ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 1,8 мартага, каолин - 2,0 мартага, газ конденсати – 19,0%га ва табиий газ – 6,3%га ошган. Шу билан бирга, нефть қазиб олиш ҳажмининг 9,4%га ва кўмирнинг – 4,0%га камайганлигини кузатиш мумкин.