Биласизми?

Ўзбекистонда илк маротаба Марказий Осиё ёшлар форуми ўтказилади

Жорий йилнинг 26—30 июнь кунлари Ўзбекистонда илк маротаба Марказий Осиё ёшлар форуми ўтказилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, шунингдек, Қозоғистоннинг «Жас отан» ёшлар қаноти ва «Нур отан» партияси, Қирғизистоннинг Давлат ёшлари, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси агентлиги, Тожикистоннинг Республика ҳукумати ёшлар ва спорт қўмитаси ҳамда Туркманистоннинг спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ва Махтумқули номидаги Туркманистон ёшлар ташкилоти кенгаши вакиллари иштирок этади.

Қардош халқлар ёшларини бирлаштирувчи мазкур форумдан асосий мақсад Марказий Осиё мамлакатлари ёшлари билан ҳамкорликда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишга қаратилган.

Форум доирасида ёшлар ҳаётига бағишланган кўплаб мавзуларда анжуманлар ташкил этилади. Жумладан, «Фан ва таълимни ривожлантиришда ёшларнинг ўрни», «Марказий Осиё минтақасидаги маданий ҳамкорлик», «Ёшлар туризми Марказий Осиё тараққиётининг асосий омили ҳисобланади», «Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли» каби мавзуларда давра суҳбатлари ҳамда мусиқий дастурлар намойиши бўлиб ўтади.

Форумнинг асосий тадбирлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилади. Якунда мамлакатлар ўртасида «Қўшма ҳамкорлик 2019—2021» меморандумини имзолаш режалаштирилмоқда.