15 июлдан Ўзбекистон ҳудуди орқали мамлакатлар халқаро аэропортларига транзитни амалга ошираётган 101 давлат (тўлиқ рўйхат) фуқаролари учун беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда мамлакатга визасиз кириш, вақтинча бўлиш ва ўтказиш пунктлари орқали чиқиб кетиш тартиблари жорий этилмоқда. Бупрезидент Шавкат Мирзиёевнинг 4 июлдаги «Чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасига кириш тартибларини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.
Бунда уларда учинчи давлатга чипталар бўлиши ҳамда ташувчи Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бўлинмаларига ўз вақтида йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотларни тақдим этиши лозим.
16 ёшга тўлмаган чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга визасиз кириши, вақтинча бўлиши ва мамлакатдан чиқиб кетиши уларда хорижга чиқиш паспорти ёки биометрик сафар ҳужжати мавжуд бўлса, улар қонуний вакиллари ҳамроҳлигида бўлса, ҳамроҳлик қилувчи шахс паспортида кириш визаси муддати амалда бўлган тақдирда Ўзбекистонга кирган вақтдан 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда жорий этилади.
Чет эл фуқароси Ўзбекистон ҳудудида бўлган вақтда 16 ёшга тўлган тақдирда, ички ишлар органлари миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида кириш визаси расмийлаштирилади.