Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва бош офиси Люксембургда жойлашган IFG Capital Partners компанияси ўртасида Самарқанд вилояти Ургут туманида жойлашган Яхтон вольфрам конини ишга тушириш режалаштирилмоқда, деб хабар қилмоқда “Халқ сўзи” газетаси.
“Агар тадқиқотлар ижобий бўлса, IFG мазкур вольфрам конини саноат йўли билан ўзлаштиришни ташкил этади. Мазкур компания дастлабки босқичга зудлик билан киришишни мўлжаллаяпти. Бу бурғулаш ишларини ҳам ўз ичига олади. Шу асосда мавжуд захиралар тасдиқлаб олинади, рудани қайта ишлашнинг оптимал сценарийси аниқланиши учун металл текширувлар ўтказилади”, - дейилади хабарда.
Маълумот учун, Яхтон Самарқанд вилояти Ургут шаҳри яқинида жойлашган вольфрам конидир. Бу ерда вольфрам уч оксидининг сезиларли захираси (20 тоннадан зиёд) мавжуд дея тахмин қилинмоқда.
Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Бобир Исломов бу борада эришилган келишувга изоҳ берар экан, Ўзбекистон минерал ресурсларга бой эканлиги, вольфрам саноати эса узоқ вақт фойдаланилмай келинган жавоҳир эканлигини таъкидлади.
IFG Capital сайтида айтилишига кўра – бу мустақил инвестицион фирма бўлиб, унинг асосий фаолияти Ўзбекистон ва Марказий Осиёга қаратилган. Компания металлургия ва тоғ-кон соҳасида молия ва консалтинг хизматларини таклиф қилади. Компаниянинг бош офиси Люксембургда жойлашган.
IFG ва IFG Metals and Mining бошқарувчи шериги Ольга Панкратованинг айтишича, компания Ўзбекистон вольфрам саноати тикланишида иштирок этаётганидан хурсанд ва мамлакатни нафақат дунёда вольфрам ишлаб чиқарувчилардан бирига, балки инвестициялар учун жозибали жойга айлантириш учун кўмак беришга тайёр.
Вольфрам – табиатда энг кам учрайдиган фойдали қазилмалардан бири. Wikipediaга кўра, бугунги кунда вольфрам заҳиралари фақатгина 10та мамлакатда борлиги аниқланган. Дунёда бир йилда ўртача 50 тонна вольфрам моддаси қазиб олинади.
Вольфрам – оғир, ўта қаттиқ ва эриш ҳарорати энг юқори (3695 градус) бўлган металл ҳисобланади. Айнан шу хусусиятлари учун вольфрамдан чўғланма лампа спирали, электрон пайвандлаш аспоблари, турли кесувчи ва тешувчи аспоблар (сверло), қиздриш спираллари ясалади.
Ҳарбий саноатда ҳам вольфрам тенги йўқ металл ҳисобланади. Вольфрамдан зирҳни тешувчи снаряд ва ўқлар, ракеталарнинг уч қисмлари, радиоактив ҳимоя воситалари ясалади.