Ўзбекистон вакиллари муай-тай WMF бўйича жаҳон чемпионатида 17 та медални қўлга киритган ҳолда умумий ҳисобда биринчи ўринни эгаллади. Мусобақа 11−18 март кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида бўлиб ўтди.
Жаҳон биринчилиги 12−15, 15−19 ва 19−37 ёш тоифалари бўйича ҳаваскор спортчилар ҳамда 19−37 ёшдаги профессионаллар (PRO-AM) ўртасида бўлиб ўтди.
Gazeta.uz'нинг хабарига кўра, ўзбекистонлик спортчилар 8 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритди. Шохруз Жўраев, Аслам Ортиқов, Сирожиддин Исломов, Мироншох Убайдуллаев, Шероз Холмирзаев, Шарофиддин Садуллаев, Суннатилло Рашидов ва Шерзод Эргашев шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Бобир Ҳакимов, Тоҳиржон Олимжонов, Достон Маликов, Темур Бултаков ва Мадинабону Қодирова вице-чемпионликни қўлга киритган бўлса, Умаржон Аҳмаджонов, Билолиддин Норхўжаев, Фурқат Юсупов ва Миршод Жумаев бронза медалини қўлга киритди.