Биласизми?

ЎФФ Самвел Бабаян масаласида баёнот берди

15 июнь куни Ўзбекистон футбол федерациясида мажлис ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот хизмати хабар берган, деб ёзади Kun.uz.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси жаҳон чемпионати саралаш ўйинларидан кейин ишқибозлар ва ОАВда юзага келган вазиятдан хабардор ва миллий терма жамоанинг кейинги тақдири ҳақидаги баҳс ва мунозаралар, таклиф ва мурожаатларни жуда яхши тушуниб турибди. Ўзбекистон Футбол Федерацияси ҳар бир футбол ишқибози ўзининг шахсий фикри борлиги ва уни эркин ифода қилиш ваколатига эга эканлигига ҳурмат билан қарайди.

Миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионати саралаш ўйинларидаги иштироки, терма жамоа мураббийлар штаби аъзоларининг атрофидаги хавотирли фикрларга ҳурмат сақлаган ҳолда маълум қиламизки, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Самвел Бабаян бошчилигидаги мураббийлар штабига иш ва вазифани охирига етказиб қўйиш учун имконият беради. Ўзбекистон терма жамоасининг 31 августда Хитойга қарши сафардаги ўйини ҳамда 5 сентябрь куни Кореяга қарши Тошкентдаги ўйинларига жамоани Самвел Бабаян тайёрлайди.

Миллий терма жамоанинг кейинги тақдири бўйича қарор 5 сентябрда Корея билан Тошкентдаги ўйиндан кейин қабул қилинади.

Шу билан бир қаторда қўшимча қиламизки, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Ижроия Қўмитаси Бюросининг қарорига кўра, шу йилнинг сентябрь ойида ЎФФ навбатдаги Конференциясини ўтказади. Унда ташкилий масалалар, шу жумладан, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти ва раҳбарлик лавозимларининг сайлови, ЎФФ структурасини ўзгартириш ва кадрлар масаласини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, мамлакат футболини ислоҳ қилиш бўйича дастурларни тузиб чиқиш каби долзарб масалалар кўриб чиқилади.