Биласизми?

Мўйноқда яна бир газ кони ишга туширилди

Мўйноқ туманидаги Қуйи Сурғил ҳудудида иккинчи қудуқ очилиб, газ конденсати олишга киришилди. «Ўзбекнефтгаз» АЖдан хабар қилишларича, жорий йилнинг январь ойида ушбу ҳудудда биринчи кон фойдаланишга топширилган эди. Шундан сўнг бу ерда геологлар берган маълумотларга таянган ҳолда бурғиловчилар ишни давом эттирдилар, деб ёзади «Халқ сўзи».

Таъкидлаш керакки, мамлакат нефть-газ саноатини ривожлантириш дастурида Сурғил кони алоҳида аҳамиятга эга. Уни қазиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва бой ресурсларни қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу ҳудудда катта ҳажмда газ захиралари мавжудлиги аниқланган. Яқин келажакда яна шундай бир неча қудуқлар топилиши ва ишга туширилиши кутиляпти.

Бугунги кунда «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг геофизиклар, геологлар ҳамда муҳандислардан иборат махсус гуруҳи Қуйи Сурғилда қидирув ишларини фаол олиб боришяпти. Энг замонавий махсус техникалар ва асбоб-ускуналардан фойдаланилаётганлиги эса янги конларнинг ўзлаштирилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.