Кутубхона

Миллат юрагидаги игналар

Фарғонада танасидан ўн олтита игна топилган чақалоқ хақидаги хабарни ўқиганимдан буён юрагим симиллаб, азоб беради.

Табрикламайсизми?! Яна довруқ қозонамиз. Тирик гўдак танасидаги игналар сони билан ҳам Гиннеснинг “Рекордлар китоби”га кирадиган бўлдик.

Ҳали бунақаси Гитлер даврида ҳам бўлмаган! Ҳатто, энг қонхўр деб ном чиқарган махлуқсийрат газандалар ҳам ўз жигарининг баданига атайлаб, бирма-бир бунча кўп игна санчмаган. Онанинг гапларини тингладим, яна битмаган ярам янгиланди. Яна шу, жамиятимиздаги ижтимоий муаммолар келтириб чиқарган оқибат. Унинг ҳам эри Россияга кетган, ҳозир ота уйида яшаётган экан.

Профессоринг хулосаси майли, оддийгина шифокор бўлсам ҳам ўн бир ойлик эмас, катта одам ҳам ўн олтита игнани ютиши мумкин эмаслигини яхши биламан. Буни ҳамма мендан яхшироқ билади. Қолаверса, рентген хулосалари ҳам бор. Демак, бу вахшийликни кимдир қилган! Ким?! Одам боласи, албатта! Она эмасдир!!! ИШОНМАЯПМАН!

Тўғри, она аталмиш шайтонсийратлар хақида эшитганман.. Майли, хақиқатни терговдан билармиз. Бу фожеага сабачиларни ҳам бир-бир тилга олармиз… Ҳозир жонлантириш бўлимида жон талашиб ётган болажоннинг отасига икки оғиз гапим бор:

Укам! Иним! Жигарим! Биламан, совуғи жон-жонингизни бурдалаб ташлаётган ўриснинг юртига ноилож, ишсизлик туфайли кетгансиз. Гулдек аёлингиз, фариштадай болангизни кимларгадир ишониб, аммо буткул хотиржам бўлолмай, қалбингизни ярмини ташлаб кетгансиз. Сизга насиҳат қилишга балки умуман хаққим йўқдир, лекин бошқа чидай олмайман.

Илтимос, шу гўдагингизнинг бахтиёр болалиги учун ҳам тезроқ қайтинг! “Унинг келажагини деб, шу ерларда юрибман” деманг, дархол юз бурманг! Ўтинаман, ўн дақиқагина юрагимга қулоқ солинг! Ҳозир ҳаёти шу темир терсакларга илиниб турган болангизнинг ширингина тили чиқиб қолган. Чулдираганча “да-далаб”, амакиси, тоғаларига мўлтираб, баъзан етти ёт бегоналарнинг қиёфасига жавдираб сизни қидиради. Чунки у сизни жудаям соғинган. Ҳозир ҳам, баданидаги ўн олтита игна билан ўлмай, ўлгиси келмай, Аллоҳдан сиз билан бўлгувчи ширин дийдорни тилаб ётибди. Уни бутун миллат дуо қиляпти, халқ болангиз билан бирга! Аммо, ўттиз уч миллион инсон “болам” деса ҳам, ҳеч қачон сизнинг ўрнингизни боса олмаймиз!

Биласизми, бугун у ширин туш кўрди. Тушида, уни кўтариб, осмонга отаётган экансиз. У қийқираб, қиқирлаб кулаётган эди. Бу шунақа ширин туш эдики, ҳамшира томиридан яна битта игна суқиб, дори юбораётганини ҳам сезмади. Бу шундай беғубор туш эдики, теграсида турган фаришталаргина уни кўра олишар эди…

У аллақачон ўлиши керак эди. Аслида одамнинг ўлимига оёғи билан босиб олинган битта игнанинг ўзи етади. Қон томир ичига тушиб, тўғри юракка бориб санчилса, манаман деган айиқдай эркакни ҳам йиқитади.

Укажоним, нима учун болангиз ҳамон тирик эканлигини энди тушунгандирсиз?! Балки, унинг қон томирлари игналардан қочиб, митти юракчасини авайлаётгандир?! Балки, игналарининг ўзи игналик қилмай, қилдай жонни, митти омонатни Аллоҳ учун сақлаб тургандирлар.

Мен шифокорман. Гўдаклар жони шунчалик мўртки, миллиён-миллиён давлати бор оталар битта бемор дилбандининг ҳаётини сақлаб қололмай, қон йиғлаб қолганларини кўрганман. Оталар борки, боласининг совуқ жасадини кўтара олмай, юзтубан гурсиллаб қулаганларига гувоҳ бўлганман. Тўрт муччасидан тўрталаси йўқ ногирон дилбандига ҳам шукур қилиб, кўзларига мўлтираб ўтаётганларни ҳам танийман. Шундай давлатмандларни биламан, яратган Эгам битта фарзанд бериши учун бор-будларини беришга тайёр! Гуноҳ дейдилару, фалон маблағга ўн марталаб уруғ эктириб, битта натижа ололмай сарғайиб ўтаётганлар қанча! Ширк бўлса-да, узоқ йўллар босиб, азиз-авлиёлар мозорларига чироқ ёқиб, қўчқор сўйиб, умидвор бўлиб юрганларни эшитганман. Ошна-оғайнилар ичида бошини кўтара олмай, битта тирноқсиз ўлиб кетганлар ҳам бор!

Сизга эса, бир ҳислатингизни ёқтирган Эгам соғлом, бақуввват фарзанд ато этибди. Қош-кўзларини қаранг — ўзингиз! Тўполончилиги ҳам ўхшаган. Дардга бардошлиги эса, балки сиз, балки узоқларга кетган бўлсангиз ҳам миқ этмай кутаётган онасидан ўтгандир?

Энди бошқа томонга ҳам бир қиё боқинг! Ҳов анави, мунғайиб қолган норасидаларни кўряпсизми? Кечагина отаси автобусда ёниб кетган юртдошларимнинг сағирлари улар. Анави кичкинтойни қаранг, ҳали қандай фожиа рўй берганини англамаган, “отангни олиб келишади” деган битта гапга суюниб, кўмир ёки бир қоп кулни эмас, кулиб хайрлашиб чиқиб кетган дадасини пойлаб турибди. Сочлари майда ўрилган қизалоқ-чи? У норасида ҳам дадаси, ҳам акасининг куйиб кетганидан бехабар, ваъда қилинган қўғирчоқ келишидан умидвор…

Бошқа болажонларни ҳам кўрсатайми? Бир чеккаларда кулмай, ўртоқларига қўшилмай қолган норасталарга кўзингиз тушдими? Улар оталари ўрмонларда, ташландиқ, овлоқларда, хуллас, Худо урган жойларда кафансиз кўмилиб, аза очилиб, очилмаган хонадонлардаги болалиги ўғирланган, руҳи буткул синган болалар!

Бошқа болалар ҳам бор! Уларнинг оталари аввал ростдан камбағал эди. Сиз каби узоқларга кетиб ишлаб, рўзғоридаги камчилигини битиришди. Фарзандларининг оғзи ошга етиб, юзига табассум югурганида уларни шайтон йўлдан урди. “Водка” ўлгурни ичавериб, ҳаром-харични фарқига бормай, ўнтадан қолган ўрис аёл билан чўчқадай яшаётганларнинг ҳалол фарзандлари, ана! Қўни-қўшни олдида тиллари қисиқ, диллари вайрон, пичинг гаплардан бошларини кўтара олмай қолишган. Номусга чидай олмай, жонига қасд қилганлари эса адирда ётишибди. Ота тарбиясини кўрмай, хомиладор бўлиб қолган қизлар, ўғирлик қилиб қамалиб қолган ўғилларни ҳам кўряпсизми?!

КЎРЯПСИЗМИ?!

Сиз ўз болангизга шундай қисматни раво кўрасизми?! “Ана, зўр яшаётганлари ҳам бор!” деб, алданманг, катта кетманг! Ҳа, бор! Инкор этмайман! Аммо данғиллама уйларда, зўр яшаётган болаларнинг ҳам қалби ярим. Чунки ота олисда! Россия, Кореядан келаётган пулларга қилинган энг сергўшт палов ҳам томоққа тиқилиб, йўл пойлашади. Олган бешчалари билан мақтаниб, ёдлаган шеърчаларини фақат она эмас, отасига ҳам айтиб беришни ҳоҳламаган бола бормикин дунёда?! Йўқ! Бундай болалар ҳали туғилмаган!

Ҳов анави, ўн бешга етиб қолиб, падарининг маслаҳатларига мухтожлик туяётган йигитчанинг қалбидагиларни ҳам айтайми? Чидайсизми? Агар давом этсам, фиғоним –жамики юртдошларимни кечаги автобусда қайта ёндиради! Оналари мардикорликка кетганларни эса умуман гапирмай қўя қолай. Улар хақида ёзадиган бўлсам, қалбимдан чиқадиган бомба шу нома терилаётган телефонимни портлатиб юборади…

Укажон, дилимни, дилингизни титиб ташлаган фарёдимни шу жойигача ўқий олган бўлсангиз, демак, болажонингизни жудаям соғингансиз. Демак, унга қаро қисматни раво кўрмайсиз! Қайтинг, ука!

Ана, кечаги мақоламдан сўнг аразлаб қолган “Ёшлар иттифоқи”нинг ҳам кўзи очиляпти. Аслида улар ҳам ёмон инсонлар эмас! Минглаб ёшларни ўз болаларимдан кам кўрмайман. Чунки биз бир жонмиз! Россияга кетиш учун пул топа олмаётган ёшларнинг ичида ҳам ишсизлари талай. Нима қилишни билмай, жавдираб туришибди. Илоҳим, ёвуз кучларга алданиб қолишмасин! Улар она тупроқни тарк этишмасин!

Сиз ишлаб оз бўлса-да тажриба ортиргандирсиз? Энди қайтиб, ниманидир ўрганган бўлсангиз ўзингиздан кичкиналарга ҳам ўргатинг. Ёнингиздаги дўстларингиз ҳам кам-кўстлари битган бўлса, қайтишсин! Сизларнинг тажрибаларингизга муҳтожмиз!

Демагог демасангиз яна бир гап айтай: келинг, ҳаммамиз бир бўлиб, чалажон Ватанимизнинг қаддини кўтарайлик! Агар беш қитъага тариқдай сочилиб кетган, зиёлиларимизни ҳам қайтара олсак, яна Улуғбек, Навоий, Бобур Мирзоларни тарбиялай оламиз… Юртда бошқача шабодалар эсяпти. Биз қурол ва жаҳолат билан эмас, билим ва адолат билан янги жамият қурамиз!

АНЧА ДАРДЛАРНИ ГАПИРИБ ОЛДИК, ЭНДИ ОЗГИНА ОРЗУ ВА ЧИРОЙЛИ НИЯТЛАР ҚИЛАМИЗ.

Эшитдингизми, мен билан олишган Қариялар уйининг раҳбарига ҳам инсоф берибди. Аллох қалбидаги меҳрни уйғотгани рост бўлсин! У профессор Пўлат Орипов, олим Ҳабибулло Қодиров, Саида Миртолипова, журналист Рустам Обидларнинг қандай инсон эканликларини англаб, ўз охиратини ҳам ўйлаб қолибди. Энди, фақат байрамлардагина очиладиган каттакон залга ёшлар ташриф буюришар экан. Бир вақтлар унутилган, унуттирилган оқиллар бўлажак олимларга сабоқ беришади! Бошқа қариялар ҳам эъзоз топишади! Етим болалар сони камаяди, балки умуман меҳрибонлик уйлари қолмас! Чунки бизда силаи раҳм кучли, чунки биз суягини хорламайдиган миллатмиз!

Қулоқ солинг! Кимдир Аллоҳга нола қилиб, гуноҳларини кечиришни сўраяпти. Ээээ… У сизни ишга олмай, сарсон-саргардон қилган порахўр-ку! Бугун яна иккита автобусдаги юртдошларимиз Қозоғистондаги қаҳратонда музлаб қолаёзганини эшитиб, тавбага юкунди, бир кун боши саждага ҳам тегади. Ҳа, яратганни эсга олиб, қабр азобини ўйлаб қолгани рост бўлсин! Демак, у ҳалол яшамоқчи. Иншааллоҳ, ишга чўнтагингиздаги пул, таниш-билишчилик билан эмас, салоҳият ва иқтидорингизга қараб қабул қилинасиз!

Қаранг, ибодатга шошиб қолган ректор олийгоҳга фақат билимли талабаларни қабул қилишга ваъда беряпти!

Ўқиш учун имтиёзга кўз тиккан, билими ҳаминқадар “иттифоқчи” ва аскарлар эса, имкониятни ўзидан анча аълочи дўстларига бермоқчи!

Ер эгаллаб, уй қуриб, қимматлиги учун сота олмаётган бойвачча уйсиз бечоралар хақида ҳам ўйлаб қолди.

Бюджет хисобидан тутуриқсиз фильмлар олиб, энди халқнинг кўзига қарай олмаётган режиссёр, ахлоқи бузуқроқ яллачи ва бошқалар ҳам ўзлигини танияпти!

Миллион-миллион долларларини чет эллардаги банкларда сақлаган миллиардер ҳам биз ўйлаганчалик Худо урган банда эмас экан! Ниятини эшитяпсизми? У халқдан тортиб олганларини яна ўзимизга қайтармоқчи! Янги иш жойларини яратмоқчи!

Энди шифокор одам ўлдирмайди, ўқитуви миллат келажагининг вақтини ўғирламайди! Мелиса одам урмайди, қонхўр, қабиқ юртдошларимиз бўлмайди!

“Эртак-ку!” деманг! Чунки, бир ижодкор сифатида юрагимнинг қони билан ўқиётганларингизни ёзаётган бўлсам, она сифатида тинмай дуо қилиб, Яратгандан юртга, халққа эзгуликларни, яхшиликларни сўраяпман. Мендака оналар қанчалигини биласизми? Миллионларининг чин дилдан қилган дуолари эса беижобат қолмайди!

Биласизми, шу уч кун бизларни бирлаштирди. Хатто, элпарвар Президентга тўғаноқ бўлаётганлар ҳам халқ қандай куч эканлигини теранроқ англаб етишди.

Норғул йигитларимиздан қолган 52 қоп кулга қараб, “Охиратдан олдин ёнмайлик!”, деган миллатнинг иймони, ғурури уйғонди!

Болангизнинг баданига санчилган ўн олтита игна миллат юрагини тешиб ташлади!

Энди биз халқ бўламиз! Иншааллоҳ, халқ бўламиз!

Муаззам Иброҳимова