Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов халқ таълими тизими ходимларининг ойлик маошлари ўта паст эканлигини қайд этди. У бу ҳақда ўзининг Ғacebookдаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
Вазирнинг билдиришича, ҳозирги вақтда республика миқёсида 11 мингдан ортиқ ўқитувчилик лавозимларида вакансиялар мавжуд ва 66 минг нафардан ортиқ олий таълим дипломига эга бўлмаган ўқитувчилар мактабларда фаолият юритишмоқда.Улар орасида эркак ўқитувчилар улуши 30 фоиздан кам бўлиб, Тошкент шаҳрида эса бу кўрсаткич атиги 10 фоизни ташкил этади.
“Бу муаммоларнинг асосий сабаби мактаб таълими тизимидаги ходимларнинг ойлик маошларининг ўта паст эканидир. Охирги уч йилликни сарҳисоб қиладиган бўлсак, умумий ўрта таълим соҳасида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик маошлари энг паст бўлиб, ўсиш суръати ҳам бошқа соҳа вакиллари маошларига солиштирганда анча паст бўлган. Натижада 2016 йилда мактаб таълими соҳасидаги ўртача ойлик молия соҳасиникига нисбатан атиги 48 фоизни ташкил этган бўлса, бу йилга келиб 42 фоизгача камайганини кўриш мумкин”, - деб ёзади Шерматов.
Вазирнинг қайд этишича, жойларда мактаб таълими тизими ходимларига мажбурий обуна (200 тадан ортиқ газета-журналларга), турли хил тадбирларга мажбурий чипталар сотиш, маошидан яна бошқа турли хил мажбурий ушланмаларни олиб қолиниши натижасида ўқитувчиларнинг шундоқ ҳам кам бўлган ойлик маошлари унданда камайиб уларнинг қўлигача етиб боряпти.
“Кейин эса ҳайрон бўламиз: нега таълимда ота-оналардан турли хил йиғимлар кўпайган, таълим тизими сифати тушиб кетган, болаларнинг тарбияси ёмонлашаяпти, уларни орасида жиноят ортаяпти, ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари кўпаймоқда деб”, - дейди халқ таълими вазири.
Шерматовнинг ёзишича, Япония, Сингапур, Корея каби давлатларнинг ривожланишининг сири ҳам айнан ўқитувчиларнинг ойлик маошлари юқори қилиб белгилангани ва ҳар бир ўқитувчи ўрнига ўнлаб талабгорлар борлигидадир.
“Шу фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли молиячиларимиздан Президентимиз томонидан қўйилган ушбу вазифанинг ечимига бу сафар бошқача ёндашишларини, аввалгидек турли баҳоналар топиш эмас, балки қўйилган вазифани ижобий ечиш йўлларини топишга ҳаракат қилишларини сўраб қоламиз.
Таълим соҳасидаги ҳолатни ҳақиқий ўзгартириш учун Xalq ta'limi vazirligi - Министерство народного образования тизими ходимларининг ойлик маошларини бир неча фоиз эмас, балки бир неча баробар ошириш зарур! Бу ўз навбатида жойлардаги истеъмол талабининг кўпайиши ҳамда иқтисодиётда фаолликнинг ошишига туртки бўлади”, дея қайд этган халқ таълими вазири.
Шерматов давлат айнан таълимга асосий сармоя киритиши, бошқа соҳаларга эса хусусий сектор сармоя киритишига шароит яратиши кераклигини таъкидлаган.
“Ёшларимизни билим олишга қизиқишлари ортиши учун улар ҳаётда ўқитувчилари бошқа соҳа вакилларидан кўра анча яхши яшаётганини кўришлари шарт! Лекин ҳозир жойларда ўртача ўқитувчининг шароити билан ўртача молиячининг шароитини солиштириб бўлармикин”, - дея хулоса қилади халқ таълими вазири.