Биласизми?

Магистрал газ ва нефть қувурларини қуриш учун лицензия амал қилиш муддати чекланмасдан берилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Нефть-газ тармоғида лицензиялаш тартиботларини қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнесни юритишни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди, деб ёзмоқда Kun.uz.

Ҳужжат билан магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.

Лицензияларни бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар “Ўздавнефтгазинспекция”нинг Нефть, газ ҳамда газ конденсатини қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш, магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш бўйича фаолиятни лицензиялаш комиссияси томонидан қабул қилинади.

Ҳужжатларни қабул қилиш, улар бўйича эксперт хулосалари тайёрлаш, лицензияларни бериш, лицензия битими тузиш ва унинг бажарилишини назорат қилишни «Ўздавнефтгазинспекция» амалга оширади.

Лицензия бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишда лицензияловчи орган тегишли хулосаларни тайёрлаш учун мутахассислар-экспертларни жалб этиш ҳуқуқига эга.

Магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш фаолиятини амалга оширишга лицензия амал қилиш муддати чекланмасдан берилади.

Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёхуд унинг бир қисмига берилиши мумкин.

Қуйидагилар магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш фаолиятини амалга оширишнинг лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) лицензиат томонидан магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, уларни ишлатиш ва уларни таъмирлаш соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, шунингдек, амалдаги экология, санитария, метрология, ёнғинга қарши ва техник нормалар, нормативлар ва қоидаларга риоя этиш;

б) юридик шахс штатида лицензияда кўрсатилган фаолият тури бўйича тегишли маълумотга ва камида уч йил иш стажига эга бўлган раҳбарлар ва муҳандис-техник ходимларнинг, шунингдек, хизмат кўрсатувчи техник ходимларда махсус тайёргарликнинг мавжуд бўлиши;

в) фаолиятнинг лицензияланаётган аниқ турини амалга ошириш, шу жумладан, тегишли моддий-техника базадан (бинолар, иншоотлар, муҳандислик коммуникациялари, технология асбоб-ускуналари, транспорт, назорат ва ўлчов воситалари, ташкилий техника, компьютерлар, норматив-техник ҳужжатлардан) ва бошқа техника воситаларидан фойдаланиш учун шароитларнинг яратилганлиги;

г) лицензиат томонидан давлат сири ҳисобланадиган маълумотлардан фойдаланиш билан боғлиқ ишлар бажарилган тақдирда режим органининг мавжудлиги.

д) лицензия эгасида эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ёки бошқа ҳуқуқ асосида лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун фойдаланиладиган бинолар, иншоотлар, муҳандислик коммуникациялари ва технологик жиҳозлар мавжудлиги.

Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақамининг тартиб рақами, лицензия бериш тўғрисида фаолиятнинг (ёхуд унинг бир қисмининг) лицензияланадиган тури кўрсатилган лицензия бериш тўғрисида ариза;

б) лицензия бериш тўғрисидаги ариза лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилиши учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

в) лицензияланадиган ишлар турларини бажарадиган мутахассислар тўғрисида маълумотлар (сони, маълумоти, мутахассислиги бўйича иш стажи);

г) техник жиҳатдан жиҳозланганлиги ва лицензияланадиган ишларни бажариш бўйича норматив-техник ҳужжатларнинг мавжудлиги тўғрисида маълумотлар;

д) фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга оширишда фойдаланиладиган бинолар, иншоотлар, муҳандислик коммуникациялари ва технология асбоб-ускуналарига мулк ҳуқуқининг ёки бошқа ашёвий ҳуқуқнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат;

е) Ўзбекистон Республикаси «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекциясининг тармоқ инспекцияси лицензия талабгори моддий-техника базасининг меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлигига оид қонун ҳужжатларига мувофиқлиги, шунингдек, ходимларнинг билимлари текширилганлиги тўғрисидаги хулосаси (магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш фаолияти бундан мустасно);

ж) “Ўздавнефтгазинспекция” ҳудудий бўлимларининг технология жараёнларининг ва технология асбоб-ускуналари ҳолатининг амалдаги нормалар ва қоидаларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси (магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш фаолияти бундан мустасно);

з) Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг моддий-техник базаси ва ишларни амалга ошириш технологиясининг табиатни муҳофаза қилиш ва экология талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси (магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш фаолияти бундан мустасно);

и) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги ҳудудий бошқармаларининг моддий-техник базанинг ёнғин хавфсизлиги нормалари ва қоидалари талабларига мувофиқлиги ва ходимларнинг улар бўйича тайёргарлик даражаси тўғрисидаги хулосаси;

к) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг моддий-техник базанинг, ишларни амалга ошириш технологиясининг лойиҳалаштириш ва қурилиш бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси (магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларидан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш фаолияти бундан мустасно);

л) лицензияланадиган ишларнинг назоратини ва қабул қилинишини ташкил этиш тўғрисидаги маълумотлар.