Биласизми?

Жиззахда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари жаҳон бозорига чиқарилади

Ўз таркибида кўплаб корхоналарни жамлаган «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, бунда рақобатдош, экспортга йўналтирилган қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги турдаги сифатли қурилиш материалларига бўлган ички эҳтиёжни қондиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу талаблар эса маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга кенг имкониятлар эшигини очмоқда, деб ёзади ЎзА.

Жиззах шаҳридаги Mingyuan Silu Industry масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси акциядорлик жамияти таркибига кирувчи корхоналардан бири ҳисобланади.

Корхона безакли қурилиш ойнаси ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унинг умумий қиймати 110 миллион доллар бўлиб, йилига 24 миллион квадрат метр ойна маҳсулоти ишлаб чиқариш лойиҳасининг биринчи босқичида 29 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Бунинг натижасида йилига 4 миллион квадрат метр безакли ойна ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва 210 та янги иш ўрни яратилди.

Корхона нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Бундай имконият корхона фаолиятини кенгайтириш ва маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишда амалий натижалар олиб келади. Айни кунда 1 кунда 6 минг квадрат метр ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ички бозорга чиқарилмоқда. Шу билан бирга, безакли қурилиш ойна маҳсулотларини Қозоғистон, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилмоқда.

Фориш туманида Mega Invest Industrial масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон - Буюк Британия қўшма корхонасида умумий қиймати 61,9 миллион доллар (36,4 миллион доллар банк кредити, 17,6 миллион доллар чет эл инвестицияси) ўзлаштирилиши эвазига йилига 2500 тонна базалт толаси, 3000 тонна базалт толасидан арматура ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида қарийб 30 миллион доллар (шундан 14,6 миллион доллар эквивалентида банк кредити, 8 миллион доллар хорижий ва 6,9 миллион доллар эквивалентида маҳаллий инвестиция) ўзлаштирилди ҳамда базалт толаси ва ундан арматура ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 90 та янги иш ўрни яратилган.