Исроил Ўзбекистонга энерготежамкор юқори технологиялар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини олиб кирмоқчи. Бу ҳақда Исроилнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Эдди Шапира Kun.uz мухбирига маълум қилди.
«Биз икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишни кўзлаб турибмиз. Бунинг учун, иккитомонлама ҳамкорлик бўйича комиссия фаолиятини қайта тиклаб, жорий йилнинг иккинчи ярмида шундай учрашувларни бошлаш кутилмоқда», деб сўз бошлайди элчи.
Шунингдек, шу йили икки давлат вакиллари, тадбиркор ва компания мутасаддилари иштирокида бизнес форум ўтказиш назарда тутилмоқда.
«Ҳамкорлигимиз асосий йўналишларидан бири - Ўзбекистонда эко иқлимга мос, мамлакат энерго самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи тизимни яратиш», таъкидлайди у.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Исроил ўртасида туризм салоҳиятини ҳам ривожлантириш иккитомонлама ҳамкорлик шартларида кўриб чиқилмоқда.
«Мамлакатлар ўртасида йўлга қўйилган тўғридан-тўғри авиақатновлар нафақат транзит йўловчи ташишга, балки сайёҳларни тарихий-маданий шаҳарларга олиб келишга ҳам ундаши лозим», дейди элчи.
Шунингдек, Исроил Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида юқори технологиялардан фойдаланишда кўмак бермоқчилигини билдирди.
«Умуман ҳамкорликнинг асосий мавзуси бу - технология. Ҳеч кимга сир эмас, бу йўналишда Исроил катта тажрибага эга давлат ҳисобланади. Муқобил энергия ва энерготежамкор технологиялар ишлаб келаётган Исроил компаниялари Ўзбекистонда фаолиятини бошлашга қизиқиш билдирган. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги соҳасига, жумладан ирригация ва иссиқхоналар ташкил этишга ҳам катта қизиқиш мавжуд», деб таъкидлаган исроиллик элчи.
Маълумот учун, айни пайтда Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги товар айланмаси қиймати 44 миллион долларни ташкил этади.