Биласизми?

Иш учун суҳбатларда берилган ажабтовур саволлар 10 талиги

Социологик тадқиқотлардан маълум бўлишича, ер юзидаги муайян иш жойига эга инсонларнинг 45 фоизи ўз ишидан нолир, бошқа бир муносиб иш топишни хоҳлар экан. Бундай шароитда эса ҳар кимдан “нега сенга тўлашим керак?”, “қўлингдан нима иш келади?” каби нигоҳ билан қаршисида турган иш берувчининг саволларига қойилмақом қилиб жавоб бериш маҳорати талаб этилади.

Айни пайтда юртимизда ҳам ишга олишдан аввал бўлажак ходим билан суҳбатлашиш анъанаси кенг урф бўлмоқда. Шу муносабат билан, қуйида сизга ҳар йили касб-ҳунар топишга ёрдамлашувчи Glassdoor нашри томонидан эълон қилинадиган, ишга кириш учун суҳбатларда сўралган навбатдаги энг ажабтовур саволларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Мазкур саволлар АҚШ ва Европадаги муассасаларга ишга кириш истагида бўлган номзодлардан сўралган.

Бугунги замонавий суҳбатлар айниқса номзодларнинг ўзгача ёки мажозий маънода айтадиган бўлсак, 3Д фикрлаши, ижодий ёндашуви ҳамда дунёқараши кенглигини синовдан ўтказади. Умид қиламизки, ишга кирувчи номзодалрдан сўралган қуйидаги 10 та савол сиз учун ҳам қизиқарли ва фойдали бўлади.

"Агар сизнинг қўлингизда $2,000 доллари бўлганида, уни 24 соат ичида қандай қилиб 2 маротабага кўпайтирган бўлар эдингиз?" -- Uniqlo савдо ва кийим-кечак тармоғи муассасаси, бошқарув менежменти лавозими.

"Нима деб ўйлайсиз, бу хонага нечта баскетбол устунини ўрнатиш мумкин?" -- Delta Airlines муассасаси, кооператив даромад бошқаруви лавозими.

"Агар сиз бирор бир савдо белгиси, яъни бренд бўлганингизда, ўзингизга қандай шиор танлаган бўлар эдингиз?" -- Boston Consulting Group муассасаси, консультант-маслаҳатчи лавозими.

"Музлаткични очганингизда у ерда пингвингни кўриб қолсангиз нима қилган бўлар эдингиз?" -- Trader Joe’s хизмат кўрсатиш муассасаси.

"Сизга кимдир тадбиркорлик билан шуғулланиш шарти билан $40 минг доллар маблағ берса, ишни нимадан бошлаган бўлар эдингиз?" -- Hubspot муассасаси, ҳисоб-китоб менежерлиги лавозими.

"Сизга Флоридада қайноқ какао сотиш вазифаси юкланганида ишни қандай қилиб уддалаган бўлар эдингиз?" -- J.W. Business Acquisitions компанияси, HR-менежери лаовзими.

"Агар қўшиқчи бўлганингизда илк альбомингизни қандай номлаган бўлар эдингиз?" -- Urban Outfitters компанияси, савдо-сотиқ менежери лаовзими.

"Дейлик сиз бирор бир йирик компаниянинг раҳбарисиз. Эрта тонгда уйқудан уйғонгач, биринчи бўлиб бизнесингизга оид қайси уч маълумотни текшириб кўрган бўлар эдингиз?" -- Dropbox, дастурлаш мутахассиси лавозими.

Нима деб ўйлайсиз, сиз учун отдек гавдали ғоз билан жанг қилиш осонми ёки ғоздек гавдали 100 та от билан жанг қилиш осонми? -- Whole Foods Market, қассоб лавозими.

"Агар ҳот-догни чўзсангиз, унинг катта бўлаги қайси томонда қолади ва нима учун?" – SpaceX компанияси, ривожланишни таҳлил ва тадқиқ қилиш мутахассиси лавозими.

Албатта, "Энг кучсиз жиҳатингиз нима деб ўйлайсиз?" каби саволларга жавоб бериш баъзида жуда осондек кўринади. Аммо суҳбат чоғида иш берувчи сизни ҳар томонлама ўрганишга киришади. Билимингиздан ҳам кўра, улар учун феъл-атворингиз муҳим ҳисобланади. Боиси, иш жараёнида вазифанинг самарадорлиги ходимнинг билими эмас, қатъий ва иродали эканига боғлиқ бўлиши илм-фанда исботланган.

Барчангизга ишда ва ҳаётда омад ёр бўлсин!