Вазирлар Маҳкамасининг “Инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этиш борасидаги фаолият учун давлат органлари ҳамда ташкилотлари раҳбарларини моддий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, деб ёзади Kun.uz.
Ҳужжат билан Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этиш борасидаги фаолият учун раҳбарларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича ҳар йили танлов ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этиш борасидаги фаолият учун давлат органлари ҳамда ташкилотлари раҳбарларининг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича танлов ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда танлов ғолиблари рейтинги ҳар йили 1 майгача оммавий ахборот воситаларида чоп этилишини ва уларга тегишли сертификатлар ҳамда пул мукофотлари топширилишини таъминлайди.
Белгиланишича:
а) танлов қуйидаги номинацияларда ўтказилади:
“Инвестицияларни жалб қилганлик, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантирганлик учун”; “Янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этганлик учун”; “Инвестиция фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштирганлик, шунингдек, инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаганлик учун”;
б) танлов ғолибларига Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг захира фонди маблағлари ёки маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳар бир номинацияда энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида пул мукофотлари топширилади.
Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда 2018 йилнинг 1 августигача бўлган муддатда ҳар бир номинацияда танлов ғолиблари сертификатларининг эскизларини белгиланган тартибда тайёрлайди ва тасдиқлайди.