Замонавий нейровизуализация ёки содда тилда айтадиган бўлсак, асаб касалликларини ўрганувчи фан инсон мияси фаолиятининг ўзгаришига сабаб бўлувчи энг кўп кузатилган омиллар рўйхатини шакллантирди. Улар мияга турлича таъсир ўтказади: қайсидир бири унинг моддалар ишлаб чиқариш фаолигини камайтирса, бошқаси миянинг шаклини ёки кимёвий таркибини ўзгартириб юборади, баъзилари эса аксинча, фаолиятини яхшилайди.
Сизга қуйида саломатлингиз учун зарур бўлган, мия фаолиятига яхши ва ёмон таъсир қилувчи 10 та омил ҳақида сўзлаймиз. Бу маълумот ва даллилар руҳий мавзуларни ёритишга ихтисослашган нашрлардан олинган бўлиб, илмий қарашларга асосланган.
Кам уйқу
Кам ухлаш ёки ухлай олмаслик мия ҳажмининг кичрайишига сабаб бўлади. Бу 2015 йилда Оксфорд университетида ўтказилган тадқиқот натижаларининг хулосаси. “Neurology” асаб касалликларини ёритишга ихтисослашган журналда чоп этилган тадқиқотнинг натижаларига кўра, қайси ёшда бўлишидан қатъи назар, уйқусизлик мия ҳажмининг торайиб, функцияларининг қисқаришига сабаб бўлади.
Миянинг толқиши ва ҳордиқ чиқармаслиги унинг зўриқишига олиб келади. Натижада, миянинг юқори, олд ва қуйи қисмида (мия пўстлоғи асаб тизими), яъни инсоннинг нутқи, сезги, идроки ва зеҳни, қарор қабул қилиши, ахборот алмашиши каби ҳаракатларини назорат қилувчи ҳудудга жиддий зарар етади.
Асар мутолааси
"Сиз ўзингиз ёзаётган эмас, аслида ўзингиз мутолаа қилаётган китобнинг измида бўласиз," деган эди буюк адиб Жорж Луис Борхес. Чиндан ҳам, аргентиналик ёзувчи ҳақ – буюк асар буюк иблисга ўхшайди: инсон онгини осонлик билан ўз таъсир доирасига олади. Миянинг бу ҳолати илмий тадқиқотда ҳам ўз исботини топди. Маълум бўлишича, инсон китоб мутолаа қилаётганида мия таркибида ўзгариш содир бўлади.
"Brain Connectivity" (Миянинг дахлдорлиги) журнали ҳомийлигида ўтказилган тажриба учун Роберт Ҳарриснинг "Помпей" асари танлаб олинди. Тарихий мавзудаги бу асар драматик сюжет, ҳис-ҳаяжонли, фожиали манзараларга бой. Китобни ўқишга берилиб кетган ўқувчининг мияси мунтазам текшириб борилганида, унинг миясининг қуйи чап томонида, яъни нутқ ва фикрни ифодалашни назорат қилувчи ҳудуд сиртида нейронларнинг фаол ҳаракати кузатилган. Яъни, миянинг таъсирчанлик даражаси ошиб, асаб толалари зўриқиши содир бўлган.
Айтмоқчимизки, китоб танлаётганда имкон борича ҳиссий туйғуларга таъсир қилмайдиган, жангари, жиноятчилик ва бошқа инсоннинг руҳий ҳолатига зарба берадиган асарларни ўқишга шошилмаслик керак.
Шу билан бирга, бадиий асарларнинг инсон миясига ижобий таъсир қилиши ҳам илмда исботини топган. "Psychological Science" (Руҳият илми) журналида ёзилишича, Франц Кафка ва бошқа классик, инсонни мушоҳадага бошлайдиган асарлар ўқувчининг зеҳнлилик, идрок даражасини юксалтирар экан.
Видео ўйинларни ўйнаш
Бу ўйинларни меъёрида, дейлик ярим соатга етказмасдан, вақти-вақти билан ўйнаш мақсадга мувофиқ. Унинг вақти соати билан ўйнаш мияга ижобий таъсир қилиши ҳам ўз исботини топган.
Бу тажриба Торонто университети олимлари томонидан ўтказилган. "Call of Duty" (бурч чақириғи), "Medal of Honor" (ғурур медали) каби отишма ва жангари жанрдаги видео ўйинларга муккасидан кетиш мияда пайдо бўладиган электромагнит тўлқинларининг кўпайиб кетиши ва унинг зўриқишга олиб келар экан.
Гап шундаки, бундай жараёнда бор диққатнинг тасвирга қаратилиши инсоннинг ўз идрокини назорат қила олмаслик, мулоҳазани унутиш оқибатида унинг феъл-атворида янгича иллатларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Яъни, миянинг синтез қобилияти ишдан чиқиб, жаҳлдорлик, сўкиниш, жиноятга мойиллик ошади. Бу иллатлар унинг шахсий ҳаётига ҳам таъсир қилади, феълида намоён бўла бошлайди.
Медитация
Медитация – танани ва руҳиятни соғломлаштириш машқи. Тадқиқотлар натижаси медитациянинг мия фаолиятига ижобий таъсир қилишини кўрсатмоқда. 2011 йилда АҚШнинг Массачусетс бош шифохонаси олимаси Сара Лазар томонидан бу йўналишда илмий изланиш олиб борилган. Сара тадқиқот учун 16 нафар руҳий касалликлар туфайли даволанаётган беморни танлаб олади ва улар билан 8 ҳафта мобайнида, ҳар куни 30 дақиқадан медитация машқларини ўтказади.
Магнит резонанси усулида, яъни электромагнит импульс ёрдамида тажриба иштирокчиларининг мияси сканер қилиниб, мия тўқималарининг товуши ўрганилди. Якунда шу маълум бўлдики, руҳий осуда ва ички идрокни ривожлантирувчи бу машқлар бош мия пўстлоғининг бош суягидаги чакка қисмига яқин ҳудуд, яъни ўқиб-ўрганиш, руҳий сиқилиш каби ҳолатни назорат қилувчи ҳудуд фаолиятини яхшилаган.
Боиси медитация машқлари вақтида миянинг ички қисмида жойлашган, дофамин ва бошқа зарур гормонлар ишлаб чиқарувчи қора модда суюқлигининг миқдори ошар экан.
Қора модда суюқлигининг кўпайиши инсонга ўз-ўзини англаш ва таҳлил қилишига, раҳм-шафқат ва меҳр-муҳаббатли бўлиш ҳисларини мустаҳкамланишига хизмат қилади. Натижада миядаги жаҳл ва тушкунлик нейронлари жойлашган ҳудуд фаолияти сустлашади.
Шу сабали ҳам, илмда руҳий медитация билан шуғулланиш тушкунликни енгишнинг самарали усули экани айтилади.
Спорт билан шуғулланиш
Спорт билан шуғулланишнинг келишган ва мускулларга бой танани ривожлантиришдаги ўрни беқиёс. Шу билан бирга, унинг мия фаолиятидаги аҳамияти ҳам юқори. Бу ҳақида "Archives of General Psychiatry" (умумий психиатрия архиви) журналида эълон қилинган.
Маълум қилинишча, камида 3 ой давомида ҳафтада 3 марта 30 дақиқадан бирор спорт тури билан, дейлик велосипед ҳайдаш ёки машқ қилишга мўлжалланган залларда шуғулланиш гипокамп – бош мия пўстлоғидаги чакка қисмининг 12 фоиздан 16 фоизгача кенгайишини таъминлар экан. Яъни, жисмоний фаоллик орқали миядаги хотира сиғими кенгаяди.
Яна бир тажриба шуни исботладики, узоқ масофага югуриб келгандан кейин инсон янги сўзларни 20 фоиз тезроқ ўрганиш кўникмасига эга бўлар экан.
Буни илмий қарашни қуйидагича изоҳлаш мумкин. Яъни, тананинг фаол ҳаракати мияда марказий асаб тизими фаолиятини яхшилайдиган ва асаб тўқималари саломатлигини таъминлайдиган нейротроп моддаларни ишлаб чиқилишига сабаб бўлади.
Даврий ёки сурункали касаллик
Сурункали ва даврий касалликлар оқибатида тананинг жабр кўриши ҳам мия фаолиятига таъсир қилади. Бунда асосий таъсир ва муаммо миянинг пешона қисмидаги пўстлоғида, унинг асаб тўқималари билан алоқага киришувида содир бўлади. Натижада, туйғу ва ҳисларни назорат қилиш қийинлашади.
Бунга оид тадқиқот халқаро "Невросайнс" (асаб илми) журналида чоп этилган.
Агар юзингизнинг пешона ва чакка қисмида сезилаётган оғриқ ҳафтада мобайнида давом этса, сизда мия фаолияти билан боғлиқ касаллик ривожланаётган бўлади ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг. Бу – АҚШнинг Норсвестерн университети олими Данте Чиалвонинг тавсияси.
Янги билимларни ўзлаштириш
"Янги бирор нимани ўрганмасдан ҳеч қачон тунги уйқуга кетма!" деган испанларнинг машҳур тавсиянамо мақоли бор. Бу одат мия учун ҳам фойдали экан.
Буни миядаги биокимёвий таркиб билан изоҳлаш мумкин. Яъни, одам бирор маълумотни эслаб қолиши учун унинг миясидаги асаб тўқималари (нейронлар)бир-бири билан алоқага киришиши керак. Бунинг учун эса миядаги оқсиллар липидлар (ёғлар) ва ёғ кислотасининг ўзаро бирикуви керак бўлади.
Мисол учун, янги тил ўрганиш ҳам миядаги қора модданинг кўпайишига хизмат қилар экан. Бу АҚШда ўтказилган ва "The Science of Neurology" (руҳият илми) журналида чоп этилган тадқиқотда ҳам ўз исботини топган.
Яъни, катта ёшли бўлган ва хотирасининг пасайиб бораётганидан шикоят қилган кексаларнинг илмий салоҳияти ўрганилганида, уларнинг қизиқиш доираси тор бўлгани маълум бўлган. Худди шу тажриба ёши катта ва хотираси ўткир бўлган қатлам орасида синаб кўрилганида, уларнинг дунёқараши ва билими кенг доирада эканлиги аниқланган. Бу инсонларнинг кўпчилиги 2-3 та тилни ҳам билган.
Бунга ўхшаш тажриба Лондонда ҳайдовчилик касби эгалари ўртасида ҳам ўтказилган. Маълум бўлишича, шаҳар кўчаларини икир-чикиригача билиш, дунёни ва географик билимлардан хабардорлик ҳам хотирани кенгайиши, миянинг яхши ишлашига хизмат қилади.
Тамаки чекиш
Тамаки ҳақида сўз кетганида, унинг фақат ўпкага таъсири ҳақида гапириш хато. Чунки никотин миянинг кимёвий таркибини ҳам ўзгартириб юборади.
Германиянинг Бонн университети олимлари ўтказган тадқиқотда бу қараш ўз исботини топган. Тадқиқотда тажриба сифатида 43 нафар кашанда танлаб олинган ва уларнинг миялари ўрганилган.
“Тамаки қармоғи”га илинган кашандаларнинг миясида унинг фаолияти учун жуда зарур бўлган N-Ацетиласпартат аминокислотасининг камайиб кетгани маълум бўлди. Бу чекувчилардаги ҳаётдан завқланиш, хурсанд бўлиш туйғуларини чеклайди ва бирор хасталикда оғриқларга бўлган бардошни камайтиради.
Шунингдек, тамаки истеъмоли натижасида юрак ва мия учун муҳим бўлган холин моддасининг миқдори ҳам қисқариб кетади. Натижада, шизофрения каби руҳий хасатликлар келиб чиқади. Аммо кашанда соғлом турмуш тарзига қайтса, танаси ушбу камчиликларни осонлик билан бартараф қилади.
Жонглёрлик санъати
Сиз бирор фокус турини биласизми? Учта коптокчани ҳавода айлантиришни билиш нафақат қобилият, балки мия учун ҳам кони фойда экан. Ҳар қандай ҳаракатли фокус миядаги оқ модда улушини оширар экан. Бу хулоса Оксфорд университетида ўтказилган илмий тадқиқот натижаси. Ҳатто кексаликда ҳам бу усул фойда бериши мумкин.
Миядаги қора модда ахборотларни қайта ишлаётганида, оқ модда нейрон ва тўқималар ўртасидаги алоқани боғлайди.
Тажриба учун 24 нафар кўнгилли танлаб олинган ва 6 ҳафта давомида ҳар куни 30 дақиқадан уларга жонглёрлик санъатидан сабоқ берилган. Бу машқлар иштирокчилар миясининг маълумотни ўтказувчанлик, яъни кўриш, ҳис қилиш қобилиятини оширгани аниқланган.
Ҳаддан ташқари семизлик
Бу ерда гап вазни камида 120 кг бўлган одамлар ҳақида кетмоқда. Танада ёғнинг миқдори ҳаддан ташқари кўпайиши нафақат модда алмашинуви жараёни, балки мия фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳақида "Neurology" журналининг йиллик махсус сонида эълон қилинган. Унда ёзилишча, инсоннинг тобора семириб бориши миянинг шу қадар кичрайишига сабаб бўлар экан. Альцгеймер касали ҳам асосан танасида ёғ миқдори кўпайган одамларда учраши кузатилган.
Маълум бўлишича, семизлик миянинг ахборот ташувчи қисмига жиддий шикаст етказади, керакли моддалар ишлаб чиқарилишига тўсқинлик қилади. Бу ҳолат олимлар томонидан қонда холестерин – ёғсимон модданинг кўпайиб кетиши билан изоҳланмоқда.