Худо бераман деса, муваффақият ғойибдан келади. Бугун ён-атрофга диққат қилсак, ҳаётимизни ижобий томонга ўзгартириб юборадиган, муваффақият келтирадиган омиллар жуда кўп. Мисол учун, ижтимоий тармоқлар. Бизнинг қулоқларимиз ижтимоий тармоқнинг салбий хусусиятларига ўрганиб қолганидан бўлса керак, интернетни ўзимизнинг омад қуролимизга айлантиришга у қадар ҳам ҳафсала қилмаймиз. Ваҳоланки, дунёда ижтимоий тармоқ орқали бойиб кетаётганлар ҳам кам эмас. Ижтимоий тармоқда машҳурликка эришиб, бунинг орқасидан шуҳрат ва даромад топганлар ҳақида қуйида ҳикоя қиламиз.
1. Сьюзан Бойл Қўшиқчи Сьюзан Бойл гарчи истеъдодли бўлса-да, у куйлаган "Бир орзуни қилдим орзу" (I Dreamed a Dream) таронаси YouTube тармоғида чиқмагунига қадар у унчалик ҳам машҳур эмас эди. Видео тармоқдаги дебютдан сўнг 47 ёшли Сьюзан Британиянинг чинакам истеъдоди деб тан олинди ва жаҳон миқёсида машҳурликка эришди. У қўшиқни куйлаганида ишсиз юрган эди. Ўзи хабарсиз ҳолда танилган бу хонимга тез орада таклифлар туша бошлайди ва у реклама ва роликлардаги иштироки учун қисқа фурсатда $8 миллион ишлаб топади. Сизнинг ҳам бебаҳо овозингиз ва қобилиятингиз бўлса, марҳамат, куйланг ва ижтимоий тармоқлар ёрдамида муваффақият қозонинг.
2. Бриттани Фурлан
Бриттани Фурлан Vine кўнгилочар тармоғининг ном қозонган аёл юлдузларидан бири. Унинг мазкур тармоқда 9 миллион нафар издоши (фолловери) бор. Бу ҳаваскор қизиқчи-юморист тармоққа жойлаб борган 6 сонияли ҳазил-мутойибалари эвазига жуда тез танила бошлаган. Натижада, у телеканалларда ўзининг шахсий комедия-шоуларини ташкил этишга муваффақ бўлган. Модомики, сиз ҳам сўзга уста, ҳар нарсада моҳият ва юмор кўриш қобилиятига эга экансиз, имконингизни бой берманг.
3. Кейт Аптон Америкалик бу модель ва актриса иш қидириб юрганида ўзи иштирок этган видеолардан бири YouTube'га жойланади ва қисқа фурсатда миллион маротаба кўрилади. Бунинг эвазига эса Кейт Twitter'да 170,000 нафар издошга эга бўлади. Ва, албатта, бугун муваффақият бу қизнинг ортидан эргашиб юрибди. Актёрлик ёки моделлик истеъдодингиз борми? Унда қараб турманг ва бундан фойдаланинг.
4. Уэдли Эстайм Ҳатто, спортда ўзини намоён қилган атлетлар ҳам ижтимоий тармоққа шуҳрат истаб аъзо бўладилар. Улардан бири америкача футболнинг таниқли юлдузи - Уэдли Эстайм. Мазкур спортчи ўзининг спорт маҳоратини намойиш қилиш учун видеолар ёзиб олиб, YouTube видео тармоғига жойлаштира бошлайди. Натижада, унга нуфузли америкача футбол жамоаларидан даромадли таклифлар туша бошлайди. У Virginia Tech жамоаси билан шартнома имзолаб, ҳам даромад ҳам шуҳрат топган спортчилардан. Спортда тенгсиз бўлсангиз, маҳоратингиз билан жамоатчиликни ижтимоий тармоқ ёрдамида бохабар қилинг ва муваффақият қозонинг.
5. Амалия Улман Аргентиналик фотограф ва рассом ижодига мансуб расмларни Instagram фото тармоғига жойлаштирмагунича ном-нишонсиз юрган эди. У илк маротаба онлайн суратлар кўргазмасини "Маҳорат ва мукаммаллик" номи билан тармоқда эълон қилади. Аввалига эътиборсиз онлайн кўргазма вақт ўтиб, жадал оммалашади ва ижодкор Instagram'да қисқа фурсатда 65 минг нафар издошга эга бўлади. Бугун гўзал суратлар олиш ҳар доимгидан ҳам осонлашди. Муҳими, ғоя ва тафаккур, гўзаллик ва моҳиятни бир суратда мужассам қила олиш истеъдоднинг сизда борлиги.
6. Алекс Ли Тасодифан машҳур бўлиш мумкинми? Тасаввур қилинг сиз тинмай меҳнат қилиб, арзимас пул топаётган соатларда сизни кимдир машҳур қилиб юборса? Алекс шу тарзда машҳур бўлган. Унинг истарасини яхши кўриб қолган бир ўсмир қиз Twitter'га Алекснинг "Таргет" дўконида хизмат кўрсатаётган жараёни акс этган суратини "Келишган" ҳештеги билан эълон қилади. Бу сурат эса бир неча соатлар ичида тармоқ фойдаланувчилари томонидан #alexfromtarget ҳештеги остида 800 минг маротаба ретвит қилинади. Ли машҳурлигидан бехабар ҳолда ишини якунлаб телефонини ёққанида унга сон-саноқсиз табриклар кела бошлайди. Дўконга келган мижозлар ҳам уни суратга олиб Twitter'да эълон қилишлари натижасида 16 ёшдаги Алекс кўзга яқин болага айланади. Тез орада клип ва роликларда, The Ellen Show деган нуфузли шоуларда, ҳатто фильмларда иштирок этиб, чинакам юлдузга айланади. Худо бераман деса, бир ондаёқ ҳаётингиз муваффақият онларига тўлиб-тошади. Фақат бунга сабабчи бўладиган яхши инсонларга дуч келсангиз бўлгани.
7. Нэш Грир Америкалик 19 ёшли Нэш Грир айни кунда таниқли интернет шасхлардан бири. У аввалига Vine тармоғидаги 6 сонияли ҳазил-мутойиба, табиий ва қизиқ видеолари билан машҳур бўлди. Айни кунда Нэш Youtube'да алоҳида канал очган. Унинг Vine тармоғида унинг 12 миллион, Instagram'да 8 миллион, YouTube'да 4 миллион, Twitter'да 5 миллион нафар томошабин ва мухлислари бор. У бирор маҳсулот ҳақида эълон қиладиган 6 сонияли видео тавсифлари учун $25,000 дан $100,000 долларгача ҳақ олади. Реклама ва ҳазил-мутойибани уйғунлаштира олишда тенгсиз бўлсангиз. сиз ҳам бу ишга киришиб кўринг.
Хулоса шундай - "ёмон, ёмон" деган билан ижтимоий тармоқ ижодимиз, қобилиятимизни намоён этадиган, омадимизни топишга ёрдам берадиган платформа. Унга ким нима истаб кирса, ўшани топади. Жумладан, шуҳрат ва даромадни ҳам.
Омадингизни берсин!