Ўрмонда аҳил бўрилар тўдаси яшар экан. Кун келиб кекса тўдабоши батамом куч-қувватдан қолибди. Навбатдаги овга чиқиш арафасида йўлбошчи бундан кейин тўдага етакчилик қила олмаслигини маълум қилибди. Тўда орасидан ёш ва бақувват, қуюқ кулранг мўйнали бўри чиқиб тўдабошининг олдига борибди ва бундан кейин бўрила жамоасига бошчилик қилишга изн сўрабди. Кекса бўри розилик билдириб, буни эълон қилибди. Овчи бўрилар янги йўлбошчи раҳбарлигида озуқа топиб келиш учун жўнаб кетишибди.
Орадан бир кун ўтиб янги сардор бошчилигидаги тўда мўл-кўл ўлжа билан қайтибди. Ёш йўлбошчи кекса бўрига 7 нафар овчига ҳужум қилиб, ҳеч бир қийинчиликсиз бор-будини талон-тарож қилганликларини мақтаниб гапириб берибди.
Орадан кунлар ўтиб, янги сардор навқирон ва жасур тенгдошларини бошлаб навбатдаги овга кетибди. Орадан кўп вақт ўтса ҳамки, овчи бўрилар овдан қайтишмабди.
Анчадан кейин эса тўдабоши бўрилар маконига ҳаммаёғи қонга буланган, мўйнаси тирналган ҳолда қайтибди. Унинг ёнида аҳволи ўзиникидан ҳам оғирроқ бор-йўғи икки бўри қолган эди.
Ёш йўлбошчи кекса раҳбар бўрига йўлда уч нафар йўловчига дуч келгани, уларга ҳужум қилиб, жангда ўзи ва 2 ҳамроҳи зўрға омон қолишганини айтибди.
"Илк бошқарган овингда 7 қуролланган овчини хонавайрон қилиб қайтган эдингиз. Бу гал эса уч йўловчининг сизларни бундай ачинарли аҳволга солганини қандай тушунмоқ керак?", кекса бўри ҳайрат билан сўрабди.
Собиқ тўдабошининг саволига ёш сардор шундай жавоб қайтарибди:
"Ўшанда биз шунчаки 7 овчига ташланган эдик. Бироқ, бу гал биз ҳужум қилганлар 3 нафар қадрдон дўстлар экан".