Биласизми?

Энди жисмоний шахслар мол-мулк солиғи ва ер солиғини ҳам оширилган ставкаларда тўлайди

Энди жисмоний шахслар мол-мулк солиғи ва ер солиғини ҳам оширилган ставкаларда тўлайди. 100 энг кам иш ҳақи миқдоридан ортиқ солиқ қарзи бўлганда эса суд орқали қарзларни қоплаш ҳисобидан ундирув объектга қаратилади. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 15 сентябридан бошлаб фойдаланилмаётган объектлар мулкдорлари — юридик шахсларга қуйидаги таъсир чоралари қўлланилмоқда: улар соддалаштирилган солиқ солиш тартибидан умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказилмоқда, мол-мулк солиғи ва ер солиғи эса объектнинг «туриб қолиш» муддатига қараб оширилган миқдорда ундирилмоқда.

Амалдаги тартибга тузатиш киритилди, бунинг натижасида:

Биринчидан, мол-мулк солиғи ва ер солиғининг белгиланган ставкаларига оширилган коэффициентлар энди жисмоний шахслар – қурилиши тугалланмаган объектлар, бўш турган бинолар, нотурар иншоотлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари (мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари ва эгаллаган майдон ҳажмидан қатъи назар) мулкдорларига нисбатан ҳам қўлланилади. Улардан кўрсатилган солиқлар аввалига икки карра, ярим йил ўтгандан сўнг — беш карра, бир йил ўтгандан сўнг ва кейинчалик — 10 карра миқдорда ундирилади.

Мазкур ҳолда механизм юридик шахсларга нисбатан қўлланиладиганидан фарқланмайди. Жисмоний шахсларга тегишли фойдаланилмаётган объектлар ёппасига инвентаризация ўтказиш йўли билан аниқланади. Сўнг мулкдорлардан аниқ молиялаштириш манбаларини, муддатлар ва бошқа ҳисоб-китоблар асосланмасини кўрсатган ҳолда аниқланган объект бўйича аниқ «ҳаракатлар режаси» сўралади. Мазкур маълумотлар асосида «йўл харитаси» ва инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Икки ой муддатда инвестиция лойиҳасини тақдим этмаган ёки амалга оширмаган мулкдорларга нисбатан таъсир чораларини қўллаш тўғрисида хулоса тайёрланади. Кейинги ойдан бошлаб (хулоса олинган пайтдан эътиборан) солиқлар оширилган миқдорда тўланади.

Шу билан бирга, инвестиция лойиҳаси амалга оширилмаган ёки тақдим этилмаган хусусий мулк объекти бўйича солиқ қарзи текширилади. Агар у 100 баравар энг кам иш ҳақи миқдоридан ортиқ бўлса, суд тартибида уни қоплаш ҳисобидан ундирув мазкур объектга қаратилади;

Иккинчидан, энди таъсир чоралари фақат фойдаланилмаётган объектларнинг хусусий мулкдорларига нисбатан қўлланилади. Яъни Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган давлат органлари муассиси бўлган давлат корхоналарига нисбатан энди мазкур тартиб татбиқ этилмайди. Бироқ устав капиталида хусусий инвесторлар билан бир қаторда давлат улуши бўлган субъектларни умумбелгиланган солиқ солиш тизимига ўтказиш ҳамда уларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини оширилган ставкада тўлаши юзасидан амалиётда саволлар юзага келиши мумкин.