Биласизми?

Эҳтиёт бўлинг, «маънавият»!

«Маънавият» босиб келяпти!

Маънавиятчилар ҳамлага шай!

Важоҳатли қийқириб, довуллар гумбур-гумбури ва карнай-сурнай нолиши остида улар дабдаба билан окоплар ичига сакрамоқда. Улар қайтди!

Ёш муаллима ғаддор юк машинаси ғилдираклари остида қолганида мум тишлаган, эрксевар журналист судланаётганида итоаткорона сукунат сақлаган, коррупция, таниш-билишчилик, иқтисодий ва ижтимоий бесаранжомлик қаршисида тили соқов, кўз кўр бўлган маънавиятчиларнинг тўсатдан қалами туға бошлади: улар «тузлуққа тупуриб», Тошкентни ҳақоратлашга, уни зерикарли деб масхаралашга, ҳатто «муқаддас сигир» — маънавиятга дахл қилишга журъат этган «шовинист», «миллатчи», «ксенофоб» ва шунчаки ёмон одам — Никита Макаренкони фош қилишга киришиб кетишди.

Одатда эринибгина ҳаракат қиладиган ЎзА оламга дов соляпти, пропаганданинг охирги вагонига илиниб олишга улгурган «Қалампир.уз» ҳам ортда қолмасликка уриняпти. Бир суткада ёмғирдан кейинги қўзиқориндай болалаган буюртма мақолаларнинг сонини қўя турайлик, бу ғазабли ҳақоратномаларнинг бирортаси ҳам савия жиҳатдан Никита Макаренконинг тиззасидан юқорига сакрай олмагани кулгини қистатади. Қорақоғоз остидан чиққандай ўхшаш ташвиқий шаблонлар, маънавият ва буюклик ҳақидаги жимжимадор ёлғон, пўписа ва ad hominem — бори шу, «ярамас» Никитага муносиб жавоб бўла оладиган бирорта (бирорта!) аргумент йўқ.

Савол туғилади — қўлингиздан келгани шуми? Советча мезондаги сазойига кунингиз қолдими? Қолипга солинган формула ва бир-бирингиздан кўчиришдан бошқа нарсага ярамайсизми? Қудратли ЎзА бурнидан тепароққа қарайдиган, «Ахир бу маънавиятимизга зид!» деган шиордан ақллироқ нарса ўйлаб топа оладиган бирор муаллифга соҳиб эмасми? Балки ўзини ҳурмат қиладиган барча зиёлилар буюртма алаҳсираш ёзиб беришдан бош тортгандир? Бу ҳақда эшитиб, моховни кўргандай сапчиб тушгандир?

Йўқ, жаноблар! Бу — тенг кураш эмас. Бу — мағрур истеҳкомга қарата ночор акиллаш. Профессорнинг олийгоҳ бўсағасидаги дайдилар билан баҳси. Кунг-фу устасининг пакки ўрнига «маънавият» билан қуролланган ўспиринларга қарши жанги.

Бир ҳафтача муқаддам, Тошкентнинг беаёв жазирамаси тиғлари танамга ботиб, сувимни сиқиб чиқараётганида боғлардан бирининг ўриндиғида ястаниб, Тошкент қанчалар зерикарлилиги, бу ерда қувончлар камлиги ҳақидаги мақола ғояси устида ўйлаётган эдим. Аммо, тан оламан, Никита мендан ўзиб кетди. Фикрларимни ҳам ўзимдан теранроқ ифодалаб берди. Ҳатто мен севган Бокуни — Кавказ безаги бўлмиш жонли, ёрқин, қувноқ ва ранг-баранг шаҳарни ёдга олди. Пропаганданинг жазаваси қўзигани унинг ҳақлигини исботлади холос.

Макаренконинг ажойиб мақоласида айтилган фикрларга қандай қўшимча қилишим мумкин?

«Маънавият» — буюк сўз, аммо биз уни ёлғон мундарижа билан тўлдирдик. Ҳозирги шаклдаги маънавият — бижғиётган насиҳатгўйликнинг чирик тўқималаридан тикилган Франкенштейндир.

Бу рўдапо жамиятни долзарб масалалардан чалғитишга, ақлларни буюк ахлоқ, руҳоният ҳақидаги чўпчаклар билан гангитиб, ҳур фикрлиликни, сиёсий ва социал масалаларга қизиқишни бичишга мўлжалланган. Шубҳали қадриятлар эвазига ўзини эрк ва иштиёқдан маҳрум этишни истамаганлар эса «маънавият» занжиртасмалари остида мажағланиб, яхшироқ қисмат қидириб узоқларга қочишга мажбур бўлмоқда. Муаллиф ҳақ — энг яхшилар кўчиб кетиш ҳақида ўйламоқда.

Йўқ, жаноблар, иш бундай кетмайди! Ягона универсал ахлоқ мавжуд эмас. Жамиятнинг ва инсоннинг ахлоқий қадриятлари доимий равишда ўзгариб боради. «Маънавият» — конструкт, охирги ўн йилликлар уйдирмаси бўлиб, ўтмиш ахлоқи ва феъл-атвор моделларига мутлақо мувофиқ эмас. Совет даврида ҳам худди шу йўсинда «ўзбекчилик» ўйлаб топилганди. «Маънавият» — ўзбекларнинг генетик феъл-атвори эмас, уларнинг маданий мероси атрибутлари йиғиндиси ҳам эмас, ахир улар юз йилгина олдин мутлақо бошқача фикрлар ва яшар эди. Уч юз йил муқаддам эса уларнинг аждодлари тамомила бошқача ахлоқ кодексига эга эди. Бу оламда ҳамма нарса ўзгаришларга юз тутиб боради, «маънавият"нинг мангулигига ишонадиганлар эса қаттиқ янглишади.

Бундан ташқари, ахлоқ нафақат замонда, балки маконда ҳам фарқланади. Ҳар бир инсон ўз қадриятлари ва принципларига эга, ўз ахлоқини бошқаларникидан устун қўядиганлар, ўз нуқтаи назарини ягона ҳақ қараш деб ҳисоблайдиганлар қаттиқ янглишади.

Ўзбекистон — кўп миллатли мамлакат, ҳар бир миллат эса бир-биридан тубдан фарқ қиладиган инсонлардан ташкил топади; агарда барча фуқароларнинг турмуш тарзи, қизиқишлари, ахлоқий қарашларига ҳурмат кўрсатилмаса, уларга тақиқлар ва оммавий танбеҳ бериш йўли билан муайян феъл-атвор модели зўрлаб сингдирилса, ҳаммани бир мушт қилиб тугиш, ягона жамиятга бирлаштириш жуда қийин бўлади. Бу биздаги энг яхши жиҳатларни ўлдиради, ахлоқий ахталарга, чўкаётган кеманинг бефойда зирапчаларига айлантиради. Гап дискотекаларда, ўйин-кулгида эмас — гап эркда, шахс эркинлигида, сўз эркинлигида, виждон эркинлигида, фикр эркинлигида (бирдан-бир шарт — бошқага зиёнинг тегмасин, ўзганинг эркига дахл қилма).

Битта эркинликни бўғсангиз, умуман эркинликнинг ўзини, тафаккур ва ижод қобилиятини ўлдирасиз. Битта тақиқ иккинчисини келтириб чиқаради, пировардида тақиқлар йўлларимизга гилам мисоли тўшалади. Тақиқлар жиноятчилик ва бузуқликни тутиб тура олади деб ўйлайдиган қаттиқ адашади. Мутлақ эркинлик одамларни айнитади деб ўйлайдиганлар қаттиқ адашади. Йўқ, у шунчаки инсонга танлов ҳуқуқини, ўзи хоҳлагандай бўлиш ҳуқуқини беради.

Шаҳарлар урбанизация, модернизация, космополитизм марказлари бўлмоғи лозим, улар тараққиёт ғилдиракларини айлантиради. Энг ривожланган шаҳарлар кунига 24 соат яшайди, улар жуда меҳмондўст, ҳаммага бағрини очади, ишлаш ва кўнгил ёзиш учун барча шароитларни яратиб беради, ҳар қандай ғояни қабул қилади. Аммо бизни шаҳарлар анъанавийлик ва сохта маъсумлик ўчоғи бўлиши, эрта ухлаши кераклигига, жамият бир хил фикрлашга, бир хил кийинишга мажбурлигига, ҳаётга бир хил қарайдиган одамлардан таркиб топиши лозимлигига ишонтиришмоқчи.

Йўқ, жаноблар, бу имконсиз! Жамият хилма-хиллиги билан гўзалдир. Ҳар бир инсон — алоҳида дунё, ўз ҳис-туйғуларига, фикрларига, орзу-мақсадларига, умидларига соҳиб микрокосм. Мана шу каби ҳар хил, қизиқ, ғалати ва унча ғалати бўлмаган одамлардан жамият тузилади. Одамнинг моҳиятини кийим-кечак, ташқи кўриниш, тил ёки ирқ белгилаб бермайди. Барчани ахлоқий мезонлар ичига сиғдириб, маъсумлик либосига буркаб бўлмайди. Соқолни қиртишлаб, барчани итоаткор фуқарога айлантириб қўя олмайсиз. Тақиқлар на у томонга, на бу томонга ишлайди, зеро инсон қалбини маъсумлик матосига ўраш, соқол-муртини қолдирмай қириш, бўғовларга солиш имконсиз. Танани таҳқирлаш мумкин, лекин бу ҳолда тана қалб етаклови билан қочиб кетади — одамни ақли, истеъдоди ва инсонийлиги учун қадрлайдиган ўлкаларга қочиб кетади.

Ижодий фикрловчилар тоифасидан, ностандарт мутахассислардан, истеъдодлардан маҳрум бўлган жамият ортга кетишга, инқирозга, тарих жинкўчаларида жунжикиб яшашга маҳкумдир, фақатгина хаёлий маънавий устунликка бўлган кўр-кўрона ишонч тушкунлик, машаққат ва азият оқшомларида алдоқчи тасалли бўлади.

Биз — юлдузларнинг дарбадар болаларимиз (зеро танамиздаги ҳар бир атом марҳум юлдуздан қолган дайди чангдир), биз муайян замон ва маконда — илдизларимиздан узоқда мавжудмиз, илло онгли мавжудот бўлиб туғилиш шарафидан хушбахтмиз. Коинот улуғворлиги ва миқёси олдида ожиз ва урвоқдай майда бўлсак ҳам, шунга қарамай, фикрлаш, бунёд этиш, қайғуриш, қувониш, йиғлаш ва севиш қобилияти билан унинг бўшлиқларини нурафшон этамиз. Келинг, бизни қуюшқонга солиб, тор фикрли инсонларга, фазовий чиқиндига, пода, гала ва жамоаларнинг туссиз аъзоларига айлантиришга бўлган хатти-ҳаракатларга қатъиян «Йўқ!» дейлик, бизни ўзига хос мавжудот — инсон қилиб турган эрк, илҳом, танлов, севги, ҳамдардлик ва бошқа хислатлардан ўзимизни жудо этмайлик.

Элдор Асанов, журналист ва тадқиқотчи

Манба: Газета.uz