Саломатлик

Чекишдан воз кечиш умрни узайтиради

Чекишдан воз кечиш кекса ёшда ҳаёт давомийлигини оширади, деб хабар қилмоқда олимлар. Улар хулосаси тадқиқот натижалари билан мустаҳкамланган. Илмий изланиш эса American Journal of Preventive Medicine журналида чоп этилди.

АҚШнинг Мэрилендидаги саратон Миллий институти мутахассислари олти йил ичида 70 ёшдан катта бўлган 160 минг кишини кузатиб борди. Улар орасида доимий чекувчилар ва чекишни ташлаганлар бўлган. Тадқиқот иштирокчилари орасида, унинг якунига қадар вафот этганлар сони чекмайдиганларда 12,1 фоизни, чекувчиларда эса 33,1 фоизни ташкил қилди. Чекишни ташлаганлар орасида ўлим хавфи эҳтимоли 30 ёшдан ундан воз кечганларда 16,2 ҳамда 60 ёшидан ташлаганларда 27,9 фоизни ташкил этди.

Чекиш билан боғлиқ бўлган ўлим ҳолатлари асосан ўпка, йўғон ичак, ошқозоности бези ва ошқозон саратони, юрак хасталиги, диабет, пневмония ва ўпкаларнинг доимий касаллиги сабаб юз берган.

Ёшлик пайтида чекиш 50 ёшдан кичик кишиларда юрак ва қон-томир касалликлари  хавфини 8 баробар оширади. Бу ҳақида Heart журналида чоп этилган мақолада маълум қилинди.

"Барча чекувчиларни юрак билан боғлиқ жиддий муаммоларга йўлиқиш хавфини пасайтириш мақсадида тамакидан воз кечишга чорлаш лозим. Бу айниқса, ёшларга тааллуқли", - дейди Буюк Британиядаги Шеффилд университети илмий ходими Амелия Ллойд.

Ллойд ва унинг ҳамкасблари Шеффилддаги госпиталлардан биридаги деярли 2000 беморнинг саломатлиги ва уларнинг кейинги тақдирини кузатиб, шундай хулосага келишди. Беморлар миокард инфарктининг кенг тарқалган шакли ривожланиши натижасида шифохонанинг жонлантириш бўлимига келиб тушишган.

Уларнинг орасида ёши улуғ инсонлар билан бирга ёшлар ҳам бўлган. Олимлар уларда бу касалликнинг ривожланишига нима сабаб бўлганига қизиқиб қолишди. Бунинг учун тиббиёт ходимлари Бирлашган Қиролликнинг статистика хизматига бу инсонларнинг қандай озиқлангани ва қандай зарарли одатларга эга бўлгани борасида ёрдам сўраб, мурожаат қилишган.

Тадқиқотчилар юрак хуружига олиб келувчи хавфнинг асосий омили чекиш эканлигини тезда аниқлашди. Бу зарарли одат юрак ва қон-томир соҳаларида жиддий муаммолар ва ҳаттоки ўлим хавфини барча беморлар учун тахминан 3 баробар, ёшлар ва 50 ёшгача бўлган кишиларда эса - 8 баробар ошириши маълум бўлди.

Манба: Kun.uz