Биласизми?

AliExpress’да буюртма қандай расмийлаштирилади

AliExpress бу шунчаки интернет-дўкон эмас, балки у йирик савдо-сотиқ майдони, юқори технологияли “шарқ бозори”дир.

AliExpress сайти ўзи ҳеч нарса сотмайди, балки у сотувчи ва харидор ўртасида воситачи бўлиб хизмат қилади, холос. Бундан ташқари, сайт маблағларни ўз эгаларига етказишда ишончли ҳамкор, баҳсли ҳолатларда эса арбитр вазифасини бажаради. AliExpress’нинг маълумотларига қараганда, сервисда 200 мингдан ортиқ сотувчилар 30  та туркумга тегишли 100 млн турдаги маҳсулотларни сотиш билан шуғулланишар экан. AliExpress’да жуда кўп нарсани харид қилиш мумкин. Худди бизнинг Янгиобод бозори сингари) (ҳазил).

Хўш, AliExpress’да буюртмани қандай расмийлаштирамиз? Бунинг учун нималарга эътибор қаратиш керак?

Албатта, сервисда товарларни рўйхатдан ўтмасдан харид қилиш мумкин. Аммо унда рўйхатдан ўтиш харидорга бир қатор қулайликларни тақдим этади. Масалан, харидор ҳар гал буюртмани расмийлаштириш пайтида етказиш манзилини такрор киритмайди, товар ҳақидаги қўшимча маълумотларни сотувчи билан муҳокама қилади, рейтинг дастурида иштирок этади, AliExpress’нинг турли дастурларида қатнашади ва янгиликлардан хабардор этиб борилади.

Сайтда рўйхатдан ўтиш учун интерфейснинг юқори ўнг тарафида жойлашган “Регистрация” тугмасига босинг. Исм-фамилиянгиз ва электрон почта манзилини (лотин алифбосида) киритинг. Янги паролни икки марта киритинг. Сўнг капчани ёзиб, “Создать ваш профиль” тугмасига босинг.

Бу муҳим!

  • Исм ва фамилиянгизни тўғри киритиш жуда аҳамиятли.
  • Контакт маълумотлари ва етказиш манзилини тўғри ва аниқ киритилганлигига ишонч ҳосил қилинг.

Келинг, энди мавзуга қайтсак.

AliExpress’да буюртмани расмийлаштириш

Диққат: AliExpress’да Ebay’дан фарқли ўлароқ, аввал ишлатилган товарлар сотилмайди. Сервисда сиз фақат янги маҳсулотни ёки техник воситалар ҳолатида қайта ишланган (refurbished) товарларни харид қилишингиз мумкин. Шунинг учун товарга алоқадор таърифларни диққат билан ўрганиб чиқинг.

Шунингдек, AliExpress’да ўз маҳсулотларининг сифатига жиддий эътибор қаратадиган масъулиятли компаниялардан тортиб, ўзининг буюмини исталган йўл билан ўтказишга ҳаракат қиладиган майда шоввозлар фаолият юритишини ҳам эсингизда сақланг.

Албатта, фирибгар сотувчиларни рейтинг ва шарҳларга қараб фильтрлаш мумкин. Аммо баъзи сотувчилар харидорларга маълум бонус эвазига маҳсулот ҳақида ижобий фикр қолдиришни сўрайдилар ва шу йўл билан ўз рейтингларини кўтармоқчи бўладилар. Шу сабабли сотувчи ва маҳсулот тўғрисидаги маълумотларни синчиклаб ўқиб чиқинг.

Услубий, имловий хатолар билан ва умуман нотабиий  тилда ёзилган фикрларга умуман ишонманг.

Сайтда товарни категориялар бўйича ёки бевосита товар номини қидириш майдонига киритиш орқали излаш мумкин. Шунингдек, кенгайтирилган фильтрация орқали керакли товарни тез ва осон қидирии имконияти бор.

 

photo_2016-08-23_21-50-22

Сотувчи ва товар ҳақидаги шарҳларни эътибор билан ўрганиб чиқиб, харид жараёнини бошлаймиз.

Кўп ҳолларда етказиш вариантлари орасида 15 кундан бошлаб 2 ойгача бўлган бепул етказиш турлари ҳам мавжуд бўлади. Шу билан бирга жўнатмани кузатиш мумкин бўлган пулли етказиш хизматлари (DHL, EMS ёки оддий почта) ҳам амал қилади.

Маҳсулот сизга маъқул келган бўлса, керакли опцияларни танлаб уни саватга жойланг (“Добавить в корзину”).

photo_2016-08-23_21-50-28

Агар харидни амалга оширишга тайёр бўлсангиз, “Оформить заказ” тугмасига босинг.

photo_2016-08-23_21-50-32

Кейинги босқичда эса етказиш манзилини танлаш ёки киритиш талаб этилади.

photo_2016-08-23_21-50-16

Манзил кўрсатилгач, тўлов усулини танлаш керак бўлади. AliExpress ҳам бошқа интернет-дўконлар сингари бир нечта тўлов усулларини қабул қилади. Мисол учун, тўловни валюта картаси, веб-пул сервислари (Яндекс Деньги, Qiwi Wallet, WebMoney), банк ўтказмаси ёки Western Union орқали амалга ошириш мумкин.

Тўлов усули танлангандан кейин “Оплатить сейчас” тугмаси босилади.

photo_2016-08-23_21-50-18

Мана, бўлди. Буюртма расмийлаштирилди.

Бу муҳим!

  • Тўлов амалга оширилгач, AliExpress картадан пулларни қабул қилади ва текширади (бунга тахминан бир кун кетади). Шундан кейин сиз тўловни амалга оширган ҳисобланасиз.
  • Агар буюртма сотувчи томонидан сизга ҳали жўнатилмаган бўлса, “Мои заказы» саҳифасидан буюртмани бекор қилиб, пулларни қайтариб олишингиз мумкин.
  • Сизга товар жўнатилганлиги тўғрисида хабар келгач, жўнатиш вақтининг ҳисоби бошланади. Агар максимал жўнатиш вақти ўтиб, сиз ҳамон товарни қабул қилмаган бўлсангиз, сотувчидан пулларни қайтаришни сўрашингиз мумкин.
  • Максимал жўнатиш вақтига яқин қолгач, Aliexpress киритилган электрон почтаси орқали товар етказилганлигини тасдиқлашни ёки сотувчи билан баҳсга киришишни сўрайди. Агар сиз ушбу хабарга жавоб қайтармасангиз, товар етказилгаган деб ҳисобланади.
  • Албатта, агар жўнатиш вақти тугаётган бўлса, товар ҳимоя функциясини фаоллаштириш мумкин.

Товарни қабул қилиб олгач, сайтда шарҳ қолдиришдан эринманг. Бу сизнинг харидор сифатидаги рейтингингизга таъсир қилиб, бошқа харидорларга маҳсулот ва хизмат борасида қарор қабул қилишга кўмаклашади.

Мавлон Марасулов