Январь-июнь ойларида аҳоли умумий даромадлари 109,2 трлн сўмни, бир кишига ўртача ҳисоблаганда 3,3 млн сўмни ташкил этди, дея хабар қилди давлат статистика қўмитаси.
Реал даромадлар номинал даромадларни чакана нархлар ва тарифлар ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда номинал даромадларнинг реал харид қилиш қобилиятини ифодалайди. Истеъмол нархларининг ўзгариши сабабли ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳолининг умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 112 фоизни, аҳоли жон бошига умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 110,1 фоизни ташкил этди.
Аҳолининг умумий даромадига пул даромадлари ва натура шаклидаги даромадлар киради ҳамда доимий асосда, такрорланувчи хусусиятга эга бўлган, йиллик ёки ундан кам вақт оралиғидаги даврда уй хўжалиги ёки унинг алоҳида аъзоларига тушадиган тушумлардан таркиб топади.
Аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлари бўйича Тошкент шаҳрида (7,467 млн сўм) ҳамда Навоий (5,093 млн сўм), Бухоро (3,966 млн сўм) ва Тошкент (3,474 млн сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлари қайд этилганлиги кузатилди. Аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиши Сурхондарё вилоятига (15,9 фоиз) тўғри келади. Шунингдек, Хоразм (15,6 фоиз), Самарқанд (14,6 фоиз), Андижон (13,5фоиз), Наманган (12,2 фоиз) ҳамда Бухоро вилоятларида (11,9 фоиз) аҳоли жон бошига умумий даромад кўрсаткичларининг реал ўсиши республика даражасидан юқорини ташкил этган.
Аҳолининг умумий даромадлари ҳажмининг сезиларли даражада ўсиши асосан умумий даромадлар таркибида 65 фоиз улушга эга бўлган меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар (ёлланма ишчиларнинг даромадлари ва мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар) ва 28,2 фоизни ташкил этувчи трансфертлардан олинган даромадларнинг сезиларли ўзгариши ҳисобига юзага келган.