Биласизми?

Афғонистоннинг Балх давлат универститетига ўзбек тили ва адабиёти дарсликлари топширилди

«Ўзбек тили ва адабиёти» таълим йўналишига оид 20 номдаги дарслик ва ўқув қўлланмалари тўплами Балх давлат университети маъмуриятига топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистоннинг Мозори-Шарифдаги бош консули М.Абдураззоқов мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Балх давлат университети ректори А.Ҳақиқ Ўзбекистон томонидан Афғонистонга кўрсатилаётган беғараз ёрдам учун миннатдорлик билдирди. «Ўзбек тили ва адабиёти» таълим йўналишига оид китобларнинг тақдим этилиши ўзбек ва афғон халқи ўртасидаги асрий ва азалий бўлган адабий яқинликнинг яна бир ифодаси эканини қайд этди.

Бугун Термизда фаолият юритаётган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида 100 га яқин афғонистонлик ёшлар таълим олмоқда. Таълим даргоҳи ахборот-ресурс маркази сиёсий, ижтимоий-гуманитар, техника йўналишидаги фанлар бўйича дарслик ва қўлланмалар, бадиий адабиётлар, Ўзбекистонда ишланган 50 дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли фильм, аудиотўпламлар билан таъминланган.

Мулоқот чоғида афғон ёшлари Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олиш, касбий маҳоратини ошириш истагида эканини маълум қилди. Хусусан, Балх давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчилари Ўзбекистонда магистратура курсларида ўқиш, Балх давлат университети ва Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетлари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Тадбирда доирасида ўзбек тили ва адабиёти ўқув дарсликлари ва қўлланмалари, қўшимча адабиётлар, электрон китоблар, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси чоғидаги нутқининг инглиз ва форс тилларида чоп этилган брошюралари, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари бибилиографияси ва бошқа кўплаб илмий-оммабоп адабиётлар топширилди.