Ўқитувчиларни мажбурий меҳнат ва мажбурий обуна, турли йиғилишларга жалб этиш тўхтатилди. Ўқитувчилар юритадиган ҳужжатлар сони 7 тадан 3 тага қисқартирилди. Шу билан бирга мактабларнинг текшириш сони 26 баравар камайди. «Халқ таълими фидойиси» давлат мукофоти таъсис этилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидлаш лозимки, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари тоифасига қараб 40 фоиз дан 72 фоиз ошди. Психологлар иш ҳақи 103 фоиз, мактаб директори ва ўринбосарлари, Ахборот-ресурс маркази раҳбари ва кутубхоначилар маошлари 33 фоиз кўтарилди.
Халқ тизими соҳаси ходимлари учун имтиёзли ипотека кредитлар, истеъмол кредитлари, жумладан автокредитлар, уларнинг оила аъзолари тадбиркорлик фаолиятини юритишлари учун кредит маблағлар ажратиш механизмлари ишлаб чиқилмоқда.
Таълим муассасаларининг кўчмас мулкини ижарага беришдан тушган ва бюджетдан ташқари топилган маблағларнинг 99 фоизи умумтаълим мактабларига берилади. Мактаб раҳбарига даромадларнинг жами суммасидан 10 фоизини ўз хоҳишига биноан моддий рағбатлантириш ҳуқуқи берилди. Бу халқ таълими тизимида коруппцияни бартараф этишга ўз ҳиссасини қўшиши лозим.
Касаба уюшмалари федерацияси кўмагида таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган, давлат мукофотларига сазовор бўлган 70 нафар педагог кадрларга ҳар йили давлат ва хўжалик бошқаруви органларига қарашли санаторий-соғломлаштириш муассасаларига имтиёзли ва бепул йўлланмалари тақдим этилади. Бу йил илк бор Касаба уюшмалари федерацияси ҳомийлигида «Йил фан ўқувчилари» 10 миллион сўм мукофот пули билан тақдирландилар.
Педогогларга яратилаётган шароитлар натижасида 2018 йилда 13 минг нафар эркак ўқитувчилар мактабларга қайтдилар. Биргина, 2018 йилда 11,5 мингдан ортиқ (2016 йилда 1900дан ортиқ, 2017 йилда 9500 дан ортиқ) олий ўқув юртини тамомлаган ёш мутахассислар мактабларга ишга қабул қилинди. 2019 йил 1 январдан пенсия ёшидаги ўқитувчиларнинг пенсияси тўлиқ тўланиши муносабати билан 7 мингдан ортиқ тажрибали ўқитувчилар мактабларга қайтиб ишга олинди.