Иш

Зўр етакчи бўлмоқчимисиз? Кундалик тутинг

Етакчиликка интилиш деярли барчанинг табиатида бор, агар кимки бунга интилмас экан, бу қобилияти ҳали ўзини намоён қилмабди. Айниқса, эркаклар ўз қатъияти, бир сўзлиги, кескинлиги билан етакчиликка мойил жинс саналади. Ҳақиқий етакчиларнинг муваффақияти вазиятни ўзига хос тарзда идрок этиб, қарор қилишларидадир.

Оддий одамлар воқеани идрок этгунча етакчилар бунинг моҳиятини англайди, қолганлар тушунгунича етакчилар муносабат билдириш босқичига етади.

Етакчида тафаккур қобилияти бўлиши лозим: у ўз тажрибасига таяниб эски муаммоларни ечишнинг янги йўлларини қидирмоғи даркор. Кундалик тутиш дунёга турли тарафдан боқишга ёрдам беради, ҳодисани бошқатдан баҳолай оласиз, рақобатчиларингиздан аввал қарор қабул қила оласиз.

Кўп йиллар бизнес-маслаҳатчи бўлиб ишлаган Нэнси Адлер (Nancy Adler) ўз тажрибасига асосланиб кундалик тутишни тавсия этади.

Нэнси Адлер

Профессор, тадқиқотчи, рассом. Етакчилик мавзуида тадқиқот ўтказади ва кишиларга маслаҳат беради. 125дан ортиқ мақола ёзган. Уч фильм продюсери. 10 китобнинг муаллифи.

Нима қилмоқ керак?

  1. Дафтар сотиб олиш керак. Онлайн кундалик юритсангиз, қўлда дафтарга ёзганчалик мириқиб шуғулланмайсиз.
  2. Кунда 15 дақиқа вақтни кундалик ёзишга ажратинг. Бу осон эмас. Мабодо 15 дақиқа ҳам бўш вақтингиз топилмаса, уч дақиқа ажратинг. Ҳар нима бўлса ҳам кундаликни ташлаб қўйманг.
  3. Ҳеч ким халақит бермайдиган тинч жой топинг.
  4. Ҳар куни аниқ бир вақтни белгилаб олинг. 15 дақиқангизга ҳеч қайси юмуш дахл эта олмасин, сиз ўз-ўзингиз билан маслаҳатлашяпсиз.
  5. Нимаики хаёлга келмасин қоғозга туширинг. Имло хатоларига бош қотириб ўтирманг, ўзингизни эркин қўйиб, бамайлихотир ёзинг.
  6. Кундалигингизга ҳеч кимнинг кўзи тушмасин. Мулоҳазаларингиз ўзингизгагина тегишлидир. Ҳеч бир эксперт бермаган маслаҳатни ундан оласиз.

Кундалик юритишни нимадан бошлаш керак?

Агар кундалик юритишда тажрибангиз бўлмаса, Нэнси Адлер сизга кўмаклашади. Бир вараққа саволлар ва жавобларни ёзинг.

  • Айни вақтда ўзимни қандай ҳис қиляпман?
  • Етакчилигим тўғрисида ўзимнинг фикрим қандай?
  • Етакчиликда, ҳаётда ва оламда нималарга диққатимни қаратсам арзийди?
  • Охирги 24 соатда қандай энг ёқимсиз (ёки ёқимли) ғояни эшитдим?
  • Сўнгги ҳафтада ўз фаолият соҳамга ёки бошқа соҳага тегишли қандай мароқли ташаббус ҳақида эшитдим?
  • Бу ҳафтада нима мени ҳаммадан кўпроқ қувонтирди? Бахтли бўлиш учун нима қилишим керак?

Тасаввурингизни санъат бойитсин

Санъатга мурожаат қилиш етакчиларга ёрдам беради. Етакчи тасвирий санъат асарларига боқиб янгича нуқтаи назарларни кашф этади.

Бу уйдирмадек туюлиши мумкин. Аммо сурат ва ҳаётий муаммоларни идрокда таққослаш ғаройиб ғоялар туғилишига туртки беради. Масалан, Йел университетида ёш шифокорларга санъат тарихидан умумий курс ўтилгач, ташхис қўйишни яхшироқ уддалаганликлари аниқланган. Сабаб нимада? Сабаб шуки, инсон рассом, шифокор, директор ёки бошқа касб эгаси бўлса ҳам, санъат мазмунни англашга ўргатади. Мазмунни ижодий англаш кўплаб нуқтаи назарларнинг биридир.

Мақсадни эсдан чиқарманг

Етакчиларнинг қўлида кўп имкониятлар бор, аммо уларнинг айримлари мазмунни англай олмасликка чалинган. Ҳозирги вақтда сизга ёки жамиятга айнан нима керак? Шу саволни ўзингизга бериб кўрингчи. “Бугун нима иш қиламан? Ҳаётда менинг вазифам нима?” - деган саволларни ҳам.

"Тингланг. Ички овозингизни қанчалик диққат билан тингларкансиз, ташқи овозларни чўчимасдан шунчалик яхши эшитасиз." Даг Хаммаршёльд (Dag Hammarskjöld), 1953–1961 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош котиби

"Худди бошқалар ўз даври учун масъул бўлгани сингари биз ҳам ўз замонамиз учун жавобгармиз. Муҳими тарих куйига йўрғалаб қолмасдан уни яратишдир". Мадлен Олбрайт (Madeleine Albright), 1997–2001 йилларда АҚШ давлат котиби

Сизнинг етакчилигингиз шунчаки муваффақиятли эмас, аҳамиятли бўлсин. Аниқ белгиланган мақсадсиз стратегия ва тактика беҳудадир.

Кундалик саҳифаларини тўлдириб борган сари уни қайта мутолаа қилишга бериласиз. Ўзингизга четдан баҳо берасиз. Дунёни ва одамларни бошқа нуқтаи назардан англайсиз.

lifehacker.ru мақоласи асосида тайёрланди