Биласизми?

Уй қуриш учун ғиштлар

Мақолани бошлашдан аввал жуда ушбу мақолага мос тушадиган ажойиб ҳинд мақола ёдимга тушди:

Амални эксанг – одат ўсиб чиқади.

Одатни эксанг – характер ўсиб чиқади.

Характерни эксанг – тақдир ўсиб чиқади.

Ушбу мақол одамни ўйлантириб қўяди: Наҳотки биз бажараётган у ёки бу амаллар одам ҳаётида муҳим ўринни эгалласа?

Бизнинг ҳаётимиз, агар мантиқан ўйлаб қарасак, турли одатлардан иборат. Кун давомида ўзимизни қандай тутишимиз, фикрлашимиз, биз ишонадиган турли ирим-сиримлар, қайсидир одамни ёқтириш ёки ёқтирмаслигимиз – буларнинг ҳаммаси одатдан бошқа нарса эмас. Йўлимизда учрайдиган ҳар бир янгиликни миямиз аввало хавфсиз ёки хавфлилигини текшириб кўради, секин аста бу янгиликка кўникамиз, кейин эса у одат тусига киради. Бизнинг истакларимиз келажакдаги тақдиримизни шакллантириб, атрофимизда шу тақдирга мос одамларни пайдо қилади, биз айнан истакларимиз, одатларимизга кўра атрофимиздаги реал воқеъликни шакллантирамиз .

Психология фанида “одат” деган тушунчага қуйидагича таъриф берилади: Одат – бу яхши ўзлаштирилган амал бўлиб, одам бу амални ҳар доим бажаришга эҳтиёж сезади. Одат бирон бир амал кўп маротаба такрорланганда пайдо бўлади ва онгимизда мустаҳкамланади. Онгимизда одат мустаҳкамланиши учун биз одатнинг шаклланишига сабаб бўладиган амалдан ҳар доим завқланишимиз керак. Шундай экан, одатнинг шаклланиши учун фақат амални такрорлаш кифоя қилмайди, балки ундан завқ олиш ҳам муҳимдир.

Психологларнинг тадқиқотлари натижасида шу маълум бўлдики, бирон бир одатнинг пайдо бўлиши учун одамларга 18 кундан 254 кунгача вақт керак бўлар экан. Бироқ, юқорида айтиб ўтганимиздек, одатнинг шаклланишида амалдан завқланиш жуда муҳим, акс ҳолда одат 1 ҳафтада ҳам, 1 ойда ҳам шаклланмайди.

Кундалик ҳаётимизда одатдан ташқари, “кўникма” ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бироқ кўникма ва одат бир-биридан фарқ қилади. Уларни адаштирманг. Кўникма – бу ўрганиш ва ирода йўли билан бажарилган ва кейинчалик мустақил бажариладиган ҳаракатлардир. Масалан велосипед ҳайдаш бу одатми? Ахир биз велосипед ҳайдашни бир ўрганиб олсак, кейин уни бемалол бошқарамизку? Йўқ бу одат эмас, лекин масалан, велописедда ишга келиш олдидан ҳар куни кафега кириб ўтиш бу одат.

Одат ва кўникманинг бир-биридан фарқи шундаки, одат доимо ижобий ва ёқимли ҳислар билан боғлиқ бўлади. Одатни худди бизга завқ бағишладиган маросимга ўхшатиш мумкин. Кўникма эса бундай ҳислардан ҳоли. Шундай экан, одатдан кўра, кўникмани шакллантириш осонроқ, сабаби, кўникмани пайдо бўлиши учун амални қайта-қайта такрорлашнинг ўзи кифоя.

Одамда бирон нарсага мажбурлагаш орқали кўникмани шакллантириш мумкин (масалан, болага ёзишни ўргатганда), бироқ одат учун мажбурлаш усули фойдасиздир. Агар одам бирон бир амални бажарганда руҳий завқланиш олса, ёки ёқимли ҳисларни туйса, бу амални қайта бажаришга интилади ва одат жуда тез шаклланади.

Миямизда серотонин моддаси ишлаб чиқарилади. Айнан серотонин бирон нарсага ўрганишимиз ва унга нисбатан кўникишимизга олиб келади. Серотонин эса одам ўзида ёқимли ҳисларни сезганда ишлаб чиқарилади. Биз салбий ҳисларни ўзимизда сезганимизда эса норадреналин ажралади. Шундай экан қандай амал бизда ёқимли ёки салбий ҳисларни пайдо қилишига қараб, бу у ёки бу амални бажаришга интиламиз ёки уни бажаришдан қочамиз.

Хўш бизнинг одатларимиз зарарлими ёки фойдалими?

Одатлар бизнинг бу дунёдаги ҳаётимизни қандай кечишига ўз таъсирини ўтказади. Албатта ҳар биримиз “зарарли одатлардан” қутулиб, “фойдали одатларни” шакллантиришга ҳаракат қиламиз. Зарарли одатлар деганда, биз соғлиғимизга зарар келтирадиган ва умуман бизнинг атрофимизни ўраб турган ва биз билан доимий мулоқотда бўладиган одамлар нотўғри деб қабул қилган одатларни тушунилади. Масалан, доимий фастфуд истеъмол қилиш соғлиқ учун зарарли, тирноқни тишлар ёрдамида олиш эса кимгадир оддий ва шу билан бирга безарар одатдек туюлса ҳам, атрофдагилар назарида жирканишга сабаб бўлади. Хўш зарарли одатларнинг асл моҳияти нимадан иборат? Нима учун биз баъзида зарарли одатларга интиламиз? Гап шундаки, одам ўзини хавфсиз, қулай сезиши, лаззат олиши учун турли одатларни ўзида шакллантиради. Одам хавфсизлик, қулайлик, лаззат ҳисларига эришиш учун фойдали одатлар билан бирга зарарли одатлардан ҳам фойдаланади. Ҳар қандай зарарли одатда (ҳоҳ у фастфуд истеъмол қилиш ёки сигарет чекиш бўлсин) шундай нарса борки, одам одатнинг зарарли эканлигини онгли равишда тушуниб етса-да, беихтиёр уни қилишга мажбур, сабаби, шу туфайли у юқоридаги ҳисларга эриша олади.

Бизнинг руҳиятимиз шундай тузилганки, биз ҳар доим лаззатга ёки хотиржамликка энг қисқа йўл орқали эришишга ҳаракат қиламиз. Эски одат билан хайрлашиш учун биз янги одатни йўлга қўйишимиз керак. Лекин янги одат бизга эски одатдан кўра, кўпроқ лаззат бера олгандагина биз эски одатни ташлай оламиз.

Бироқ жамиятда одатларнинг турлари кўп. Уларни жуда оддий ва мураккаб одатларга бўлиш мумкин. Мураккаб одатлар – ўз номи билан муракаб, зеро ичкиликка берилган одамга оддийгина қилиб “ўзингизни қўлга олинг, иродали бўлинг” дейиш билан иш битмайди. Бундай одатларни даволашда одамнинг бир ўзи ҳеч нарса қилолмайди, албатта мутахассис ёрдами керак.

Қулайлик ҳудуди”

Одамзот ҳамма нарсага кўникади. Бу гап жуда тўғри айтилган, зеро шундай одамлар борки, улар ифлос жойларда яшайди, ёмон овқатланади, жанжалкаш бўлади. Биз бундай вазиятда – “улар шунга кўникиб қолган” деймиз. Бироқ бундай салбий ҳаётга қандай кўникиш мумкин? Назаримизда бундай ҳаёт билан яшаб бўлмайдигандек туюлади. Бироқ бизнинг организмимиз ҳамма нарсага мослашувчан. Эртами, кечми одам ҳар қандай вазиятда юзага келадиган салбий кечинмаларга ўрганиб қолади: бу кечинмалар “ўтмаслашиб қолади” ёки улар “орқа фонга ўтиб кетади”, аниқроғи улар бизни безовта қилмай қўяди. Организмимиз ҳар қандай шароитга кўникиш йўлларини излайди, акс ҳолда у фаолият кўрсатишдан тўхтайди. Ҳаёт кечириш одам учун – бу дунёдаги энг муҳим нарса, шундай экан у ўлимни орқага суриш учун ҳамма нарсага кўникади. Шундай йўл билан одам ўзи учун “қулайлик ҳудудини” яратади. Бу “қулайлик ҳудудида” одам ўзини балки хавфсиз сезиши мумкиндир, лекин у янги нарсаларга интилмайди, ривожланмайди, дунёни ўрганмайди. Қулайлик ҳудудида яшаган одам ўз орттирган одатларидан қутулиши жуда қийин бўлади. Қутулиш учун одам ўзида шундай “қулайлик ҳудуди” мавжудлигини англаб етиши ва бу ҳудуддан чиқиш учун фаол изланиши керак.

Одатларни ўзгартириш учун бизга туртки керак. Биз одатлар осонликча пайдо бўлмаслигини тушундик. Масалан, одам нонуштага бутерброд ўрнига сули ёрмасидан бўтқа (овсяная каша) истеъмол қилишга аҳд қилди, дейлик. Бироқ, у баъзи ҳоллардагина ушбу бўтқани тайёрлаш учун ўзида куч топа олади. Чунки колбасали бутерброд тайёрлаш учун кўп машаққат талаб этилмайди, шунинг учун ҳам одам “қулайлик ҳудудидан” чиқмаган ҳолда колбасали бутерброд истеъмол қилишни афзал кўради. Қийинчилик туғдирадиган ва ёқимсиз ҳисларни юзага келтирадиган ишлар бизда одатнинг шаклланишига ҳалақит беради. Одам вазн йўқотиш мақсадида қиладиган парҳезларининг “самарасизлиги” замирида ҳам шу тамойил ётади.

Биз бирон одатни ўзимизда шакаллантиришга ҳаракат қилар эканмиз, уни бутун жамият томонидан қабул қилинганлигига эмас, балки ўзимиз бу одатдан нима фойда топаётганлигимизга қараб иш тутишимиз керак. Масалан, яна ўша бўтқа масаласига келсак, биз бутерброддан сўнг ошқозонга “қулоқ тутишимиз” зарур, сўнгра, бўтқа истеъмол қилгандан сўнг ошқозон уни қандай ҳазм қилганига эътибор беришимиз керак. Бўтқа енгил ҳазм бўлиб, узоқ вақт бизни тўқ тутганига ишонч ҳосил қилгач, биз эртами, кечми бўтқа истеъмол қилишга одатлана бошлаймиз.

Сўнгги сўз ўрнида шуни айтишим керакки, биз ҳар бир бажараётган амалимизга онгли назар билан қарасак, келажакда зарарли одатларимизда қутулиб, фойдалиларини кўпайтиришимиз мумкин бўлади.

Мақола муаллифи: Надежда Навроцкая

Рус тилидан Умид Абдусатторов таржимаси

"Ҳаёт сифати" саҳифаси билан ҳамкорликда тайёрланди.