Суқрот (мил.авв. 470 – 399) мумтоз Юнон файласуфи, мантиқ ва фалсафа фани асосчиларидан бири. Суқрот Платон ва Ксенофонт каби йирик олим ва муаллифларнинг устози. У Афинада таваллуд топган.
Суқротнинг ҳаёти ва ғоятда гўзал фикрлари илм-фанга унинг ўқувчиси Платоннинг хотиралари орқали маълум бўлган.
Платоннинг маълум қилишича, калта, пакана бўйли, йирик ва япалоқ бурун, бўртиб чиққан кўзли Суқрот нотиқлиги, доно ва мунозаралардаги мулоҳазакорлиги билан барчани ўзига мафтун қила олган.
Суқрот милоддан аввалги 399 йилда Юнонистондаги сиёсий вазият туфайли ўлимга ҳукм қилинади ва у заҳар ичиб, ҳаётдан кўз юмади.
Машҳур фикрлари:
Кўп ҳолларда кучли эҳтиёж чексиз нафратнинг сабабчиси бўлади.
***
Бизга туҳфа қилинган икки кўз, икки қулоқ ва бир тилдан кўриниб турибдики, кўпроқ кўриш, кўпроқ тинглаш ва камроқ гапириш жоиздир.
***
Билим – бу ҳаётдаги ягона эзгулик, ва нодонлик эса – бирдан бир иблисдир.
***
Оқкўнгил одам кексаймайди, у доимо бола каби беғубор бўлади.
***
Нима бўлганда ҳам уйлан. Агар яхши хотин тушса, бахтиёр бўласан. Ёмон хотин тушса, файласуф бўласан. Бу эса ҳар бир эркак учун зарур фазилат.
***
Бир нарсани, яъни ҳеч нарсани билмаслигимни билганим учун мени энг доно одам, деб ҳисоблашса керак.
***
Мол-давлатини муносиб сарфлашни билмаса, бадавлатнинг бойлиги мақтовга лойиқ эмас.
***
Ёлғон сўзлар иблис бўлмасалар ҳам, улар қалбни иблисларча жароҳатлайдилар.
***
Камига қаноат қилган одам – энг давлатманд одам. Қаноат – бу инсонларга Худога яқинлашишлари учун берилган энг қиммат ҳадя.
***
Гўзаллик – бир фурсат умр кўрувчи золимлик.
***
Ҳаётнинг ниҳояси – Худо каби мангу бўлишдир: Худога эришган қалб эса Унга ўхшаб боради.
***
Ҳурмат бор жойда қўрқув ҳам бўлади. Аммо, қўрқув ҳурмат бўлмаган жойда ҳам бўлади.
***
Болаликда камтар, ўспиринликда мўътадил, кексайганингда мулоҳазакор бўл.
***
Муҳаббат ибтидоси қанчалар оташин бўлса, у шу қадар музлаб ниҳоя топади.
***
Ҳамманинг ҳам руҳи абадий. Аммо, тўғри яшаган одамнинг руҳи абадий ва илоҳийдир.
***
Қандай бўлишни истасанг, шундай бўл. Бу – муваффақиятга эришишнинг ягона шарти.
***
Ҳайрат – доноликнинг ибтидоси.
***
Бошқалар қолдирган билимларни мутолаа қилиш – улар машаққат билан эришган натижага осонлик билан эга бўлишни англатади.
Инглиз тилидан Шуҳрат Сатторов таржимаси.