Халқнинг назарига, эл-юрт ардоғига сазовор бўлган инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлиш бир томондан ҳар қандай инсонга ғурур, енгиллик бахш этса, бошқа томондан уларнинг салобати, “юк”и босади. Ўзбекистон Халқ артисти, Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти совриндори Шерали Жўраев билан мулоқот пайтида ҳам ана шундай шараф ва масъулиятни ҳис этдик.
— Сиз билан 2017 йилнинг аввалида дийдорлашиб турибмиз. Хабарингиз бор, ўтган йил мамлакатимиз ҳаётида бир қатор ўзгаришлар юз берди. Шу билан бирга, оғир йўқотишларни ҳам бошдан кечирдик. Келинг, суҳбатимизни ўтганлар ёди билан бошласак...
— Ҳаётнинг азалий ва абадий қонуни шу! Ўтганларни Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин. Чиндан ҳам, Юртбошимизнинг вафоти барчамиз учун оғир мусибат бўлди. Чунки ул зот мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси эдилар. Юртимизни истибдоддан халос этиб, оёққа туришини таъминладилар. Мен у киши билан кўп маротаба ҳамсуҳбат бўлганман. Кўп сафарларга бирга чиққанмиз. Айниқса, марҳум Юртбошимиз билан Маккаи Мукаррамада, муборак Каъбатуллоҳнинг ичига кирганимиз асло эсимдан чиқмайди. Биринчи Президентимиз бутун ҳаётини шу халқ, Ватан учун бахшида қилди. У кишининг жуда кўп хислатлари, фазилатларига гувоҳ бўлганман. Инсоннинг қандайлигини бир қарашда билардилар. Ҳамиша узоқни кўзлаб, ақл-заковат билан иш тутдилар. Жойлари жаннатда бўлсин.
Ўтган йилда замонавий ўзбек адабиётининг икки буюк дарғасидан ажралиб қолдик. Улар ҳам энг яқин қадрдонларимдан эдилар. Абдулла Ориповни “Митти юлдуз” тўплами орқали таниганман. “Биринчи муҳаббатим” қўшиғи ҳар иккимизга ҳам катта шуҳрат олиб келди. Кейин “Дунёни қизғанма”, “Ўзбекистон – Ватаним маним”, “Хайр энди...”, “Ваҳки ишқ саҳросида...” сингари шеърларини қўшиқ қилиб айтдим. Жуда кўп давраларда бирга бўлганмиз. Абдулла аканинг ҳар бир шеърида у кишининг қалби уриб туради.
Эркин Воҳидов билан ҳам узоқ йиллардан бери қадрдон эдик. “Ўзбегим” қасидаси ва қўшиғи учун ўша пайтлар бизнинг бошимизга не кунларни солишмади... Бизни шовинистга, миллатчига чиқарганлар бўлди. Газеталарда фельетонлар ёзилди. Бир йили ана шундай газеталардан бирини олиб тушкун кайфиятда Эркин Воҳидовнинг уйларига бордим. Мақолани кўрсатсам, “Қўяверинг, мана энди сиз ҳам бизга ўхшаб қолибсиз”, деб ҳазиллашдилар. Ярим кечагача уйларида чақ-чақлашиб ўтирдик. Машиналарида мени то уйимгача олиб келдилар. Йўл-йўлакай “Эркин ака, инсоннинг барча яхши-ёмон томонлари, ютуқларию камчиликлари, сувратию сийрати, буюклигию тубанлигини акс эттирадиган битта шеър ёзинг”, дедим. Эркин ака “маъқул” дегандек бош ирғадилар. Шу тариқа “Инсон" қасидаси дунёга келди. Бу қўшиқ ҳам катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Буюкларимизнинг жойлари жаннатда бўлсин...
— Ўтган йилнинг декабрида мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлди. Сиз ҳам иштирок этган бўлсангиз керак?
— Албатта! Фарзандларим билан бирга сайлов участкасига бориб, Юртбошимизнинг буюк ишларини давом эттиришга қодир бўлган, у киши билан узоқ йиллар елкама-елка ишлаган, фидойи, халқпарвар инсон Шавкат Мирзиёевга овоз бердик. Шавкат Миромонович эл-юрт манфаати учун ўз ҳузур-ҳаловатидан воз кечган, ҳамиша халқнинг ёнини олиб, ҳалол меҳнаткашга қалқон бўлиб келаётган ақлли, тадбиркор раҳбар. Мен у кишини депутатлик пайтидан бери биламан. Иш вақтининг салмоқли қисми далада, қўли қадоқ деҳқоннинг ёнида ўтганидан ҳам хабардорман. Ундан бошқа яна кимга овоз беришим мумкин? Буюк Йўлбошчимиз бошлаган эзгу ишларни фақат шу инсон муваффақият билан давом эттиришига, Ватанимиз тинчлиги ва фаровонлигини сақлай олишига ишонаман.
— Ватан, унинг тинчлиги ҳар биримиз учун муҳим. Айниқса, дунёнинг турли нуқталарида нотинчлик давом этаётган бир пайтда...
— Юртимизни бало-қазолардан Аллоҳнинг ўзи асрасин. Қолаверса, бу юртни улуғ аждодларимизнинг, буюк зотларнинг покиза руҳлари ўраб турибди. Буюк мутафаккир Мир Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида 770 нафар авлиёнинг номларини тилга олганлар. Улардан аксарияти бизнинг диёримизда яшаб ўтишган. Қусам ибн Аббос, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, Абу Мансур Мотуридий сингари улуғларнинг покиза хоклари ҳам шу тупроқда ётибди. Бундай юртга иншааллоҳ бало тегмайди. Лекин биз ҳар биримиз ана шу Ватаннинг, тинчликнинг қадрига етишимиз керак.
— Ватан мавзуси ҳақида жуда кўп қўшиқ айтгансиз. Уларнинг ҳар бири тингловчининг қалбига чуқур кириб бора олган...
— Ватан ҳақида шунчаки тил учида куйлаб бўлмайди. Уни севмасдан туриб унга қўшиқ бағишлашнинг кераги йўқ. Ватаннинг қадрини ундан олисда юрганлар яхши билади. Мен ҳам бошқа мамлакатга борсам, бир ҳафтадан ортиқ туролмайман. Юртимни соғиниб қоламан.
Ҳеч эсимдан чиқмайди. Бир йили Россиянинг узоқ ҳудудларидан бирига концертга бордик. Россияда яшаётган бир ҳамюртимиз мени ўз машинасида олиб юрди. Яна икки-уч нафар юртдошларимиз ҳам биз билан бирга эди. Машинасида “Ватан деб оҳ урмакни ватансиздан сўраб кўр” деган қўшиғим бор экан. Бир кенглик олдида машинани тўхтатди. Ҳаммамиз машинадан тушдик. Ўша қўшиқ янграяпти. Ҳалиги юртдошларимиз ҳаммаси баралла йиғлаб юборишди. Мен ҳам уларга қўшилдим. Хорижга кўп қатнайдиган бир мухлисим бор. Сафарга чиққанида ўзи билан доим менинг Ватан ҳақида айтган қўшиқларим жамланган дискни олиб кетади. Айниқса "Ўзбекистон — Ватаним маним", "Ўзбегим", "Олтинга топилмагай Ватан"ни сел бўлиб эшитади. "Бу қўшиқлар мусофирликда менга Ватан бўлади, шуларни эшитсам, ўзимни Ватанда, деб ҳис қиламан, Ватанимдан қувват оламан", дейди у. Ватан ҳақидаги қўшиқнинг асосий вазифаси ватанпарварлик туйғусини қувватлантириш, руҳий мадад бериш, деб ҳисоблайман. Бу учун қўшиқчининг ўзи, энг аввало ҳақиқий ватанпарвар бўлиши керак.
— Ота учун фарзанднинг яхши-ёмони бўлмайди. Лекин истеъдод ҳаммага тенг берилмаслиги ҳам ҳақиқат. Сиз санъаткор сифатида Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраевлар ижодига қандай қарайсиз?
— Дунёда ирсият, насл-насаб деган тушунчалар бор. Ота-онанинг қайсидир хислати албатта ўз ўғил-қизларига кўчиб ўтади. Масалан, санъатга, маърифатга ошнолик менга отамдан ўтган. Падари бузрукворим Нурмуҳаммад ота санъатга, боболаримиз меросига иштиёқманд инсон эдилар. Ҳазрат Навоийнинг китобларини ўқиб, бизга мағзини чақиб берардилар. Далада қўй боққани чиққанимизда отам отга миниб олар, мен орқаларидан мингашиб борардим. Шунда “Қаро кўзум”ни хиргойи қилганларида беихтиёр кўзларимга ёш келарди. Мен ҳам ана шундай чиройли қўшиқ айта олармикинман, деб ўйлардим. Мен у кишига ҳавас қилиб, қўшиқчиликни танлаганман. Аммо отам раҳматли қўшиқчи бўлишимга бошида қаттиқ қаршилик қилганлар. Тақдирда бор экан, шу касбни танладик. Ўзимга хос жиҳатларни гоҳ Шоҳжаҳонда, гоҳ Зоҳиршоҳда кўравераман. Бирини-иккинчисидан устун қўёлмайман. Ҳар иккиси ўз овози, ўз йўлини топиб боряпти.
— Халқ учун сиз буюк ҳофиз, машҳур санъаткорсиз. Уйда эса оила бошлиғи, фарзандлар учун ота, набиралар учун бобо... Уйдаги ва кўчадаги Шерали Жўраевнинг фарқи нимада?
— Мухлислар учун имкон қадар мулойим, хушмуомала бўлишга, қаттиқ гапириб бировнинг дилини оғритмасликка ҳаракат қиламан. Уйда эса имкон қадар қаттиққўл, жиддий бўлишга уринаман. Фарзанд тарбияси қатъиятни талаб қилади. Лекин набиралар ҳали ёш. Улар меҳрга, эркалашга лойиқ.
— Мухлислар ҳақида гапирдингиз. Кўпчилик “мухлислар бевафо бўлади, бугун биттасига, эртага бошқа бировга қарсак чалаверади”, дейишади. Бу фикрга қандай қарайсиз?
— Мухлис бўлмаса, санъаткор ҳеч ким эмас. Шу боис мухлиснинг меҳрини, эътиборини оқлаш керак. Худога шукр қиламан, анча йиллар катта саҳналарда кўринмай юрган бўлсам-да, чин мухлисларим мени унутиб юборишмаган. Улар билан кўришганимда, кучли меҳрни, уларнинг тафтини, қалбини ҳис этаман. Менга бошқа яна нима керак?
— Айни кунларда "Миллий" телеканалида "Парижон" клипи кўрсатилаяпти. Ушбу клипнинг тақдимоти муносабати билан бўлиб ўтган концерт ҳам намойиш этилди. Томошабинлар ва мухлисларнинг таассуроти бир олам. Клип олиш сизнинг ижодингиздаги дастлабки тажриба. Айтингчи, ўзингиз бу клипдан қониқдингизми?
— Саволингизга ҳа ва йўқ, деб жавоб бераман. Маромига етмаган қўшиқ, чала асарни мухлисларга тақдим этишни ҳам санъатга, ҳам мухлисларга нисбатан ҳурматсизлик, деб биламан. Шу сабабли, қўшиқнинг дастлабки варианти яратилгандан кейин ҳам узоқ муддат унга сайқал беришга, халққа манзур бўладиган шамойилини топишга ҳаракат қиламан. Қисқа муддатда яратилган қўшиқларим жуда кўп, лекин уларнинг куртаклари анча олдин кўнглимда очилган бўлади. Қайсидир баҳонайи сабаб туртки бўлиб, бу қўшиқлар дунёга келади. Шу маънода "Парижон" клипи маромига етганидан кейин тасмага ёзилди, деб ҳисоблайман.
Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Ижодкор ўзининг асарларидан, ижод маҳсулларидан буткул мамнун бўлса, қониқиш ҳиссига берилиб кетса, ўша куни унда ижодкорлик қобилияти йўқолади. Умрбоқий асар яратмоқчи бўлган одам ҳеч қачон ўзидан ҳам, ижодидан ҳам қониқмайди. Ниятим, "Парижон"дан ҳам чиройли, гўзал қўшиқлар яратиш.
— Мухлисларни яқин орада янги қўшиқлар, концерт дастурлари билан хушнуд этиш ниятингиз борми?
— Яқинда Ўзбекистон Миллий кутубхонасида буюк бобокалонимиз Ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги муносабати билан “Ишқ дарсини Навоийдин олурлар” деб номланган мусиқий кечамизни томошабинлар эътиборига ҳавола этдик. Унда буюк шоиримиз ғазаллари билан айтилувчи бир қанча янги қўшиқлар ҳам ижро этилди. Албатта янги қўшиқлар устида ишлаяпмиз. Бир қанчасини тайёрлаб ҳам қўйдик. Аммо уларнинг барини бирданига ҳавола этмоқчи эмасман. Ҳар бирини ўз мавриди билан етказмоқчиман. Мухлисларга аталган туҳфаларимиз кўп. Вақти-соати билан насиб этса, ҳаммасини билиб олишади.
Шу ўринда биз сингари санъаткорларга кенг йўл очиб, катта имкониятлар яратиб бераётган давлатимиз раҳбарига ўз номимдан, шу билан бирга, мухлисларимиз номидан миннатдорлигимни билдириб ўтмоқчиман.
— Суҳбатларингизда кўп бор хиёнат, алдовларга дучор бўлганингизни айтгансиз. Ана шу хиёнатлардан сўнг чиқарган хулосангиз?
— Боя тилга олинган тадбирда Ҳазратнинг бир ғазалларини куйга солиб айтдим. Унда шоир ўз кўнгилга хитобан айтмоқда:
Ҳажр ўтида истасанг ёқилмағайсан, эй кўнгул, Ёрдин зинҳор ҳам айрилмағайсан эй кўнгул. Ваҳ, не толеъдурки топмай умре истаб ёрни, Чун сени ёр истағай топилмағайсен эй кўнгул.
Биласиз, ҳазрат Навоий яқин дўсти Ҳусайн Бойқаро тахт тепасига келмасидан аввал узоқ йиллар дарбадарликда ҳаёт кечирганлар. Бир муддат Самарқандда таҳсил олганлар. Навоийнинг болалик пайтлари ёзган биргина байтлари учун Мавлоно Лутфий 12 минг байт куллиётини алмаштирмоқчи бўлганлари ҳам тарихдан маълум. Мана шундай буюк зот ҳам ўз даврида жуда катта қийинчиликларни бошдан кечирган, хиёнат, алдов, туҳматларга рўпара келган. Эҳтимол шунинг учун ҳам:
Олам аҳли бевафодурлар, аларнинг хайлидин,
Эй кўнгул, бўлсанг вафо ойинидин огоҳ, қайт,
дея ёзғирган бўлсалар керак. Демак, одамзоднинг табиати шунақа экан-да! Нега биз бундан ажабланишимиз керак? Мен ҳам илгари бундай кимсалардан қаттиқ ранжиганман. Аммо уларнинг аксарияти ўз қилмишларига ярашасини олишди. Мен уларга заррача ёмонлик қилмадим. Аммо тақдирнинг ўзи ҳисоб-китобини ўрнига қўйди. Энг муҳими, яхши инсонлар кўп. Шулар туфайли сайёрамизда ҳаёт бардавом.
— Яхши инсонларга, сизни ҳамиша соғиниб кутадиган мухлисларга тилакларингиз?
— Ҳар бир хонадонда тинчлик, хотиржамлик бўлсин. Ҳар бир қадрдон ҳамюртимизни, шу жумладан, бизни тинглайдиган, бизни кутадиган мухлисларни Аллоҳ ўз паноҳида асрасин. Мен барчангиздан юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг, фаровонликнинг, тўкин-сочинликнинг қадрига етишни сўрардим. Дунёда кўп мамлакатларни кезиб, Ўзбекистондек файзли, обод диёрни учратмадим. Мана шу юртнинг эртаси учун, тараққиёти учун ҳар биримиз камарбаста бўлайлик.
Манба: Darakchi.uz