Биласизми?

Саратон хасталигига қарши онкологлар энг кўп берадиган 12 та маслаҳат

Саратон – замонавий касалликлар орасида учраётган бедаво хасталиклардан бири. Ҳозирча уни келтириб чиқарадиган омил тўғрисида аниқ бир хулоса айтилмаган. Аммо саратонни турмуш тарзи, озиқ-овқат маҳсулотларида сохта, кимёвий таркибга эга бўлган маҳсулотлар, буюмлар ва зарарли, ифлосланган экология келтириб чиқараётгани ҳақида илмий қарашлар илгари сурилади.

2012 йилда жаҳон миқёсида саратон туфайли ҳайтдан кўз юмганлар сони 8.2 миллионни ташкил қилган. Онколог ва экспертлар фикрича, саратон хасталигининг ўсиш кўрсаткичлари шу тахлит давом этса, келажакда бу офат ҳатто ер аҳолисининг 70 фоизига таҳдид солиши мумкин. Саратоннинг ҳар 3 тадан 1 кўринишини эрта аниқлаш орқали даволаш мумкин.

Сиз ўзингиз қуйидаги тавсияларга таяниб, саломатлигингизни таъминлашингиз, танада юзага келиши мумкин бўлган хасталикни бартараб этишингиз мумкин.

  1. Газланган рангли ва ширин сувларни ичишни бугундан тўхтатинг. Бу каби сувлар диабет ва семизлик билан бирга, саратон касаллигини ҳам бошлаб келади. Айниқса, қорин бўшлиғи ва ички аъзоларда саратоннинг келиб чиқиш эҳтимоли ошади. Бу ичимликлар одамнинг семиришига катта таъсир ўтказишини инобатга олиб айтиш мумкинки, улар саратондан хасталаниш эҳтимолини 87 %га оширади.

  1. Жисмонан фаол бўлинг. Саратон оёқда кўпроқ юриб, камроқ ўтирадиганларга хавф сола олмайди. Кун бўйи ўтириш ҳам ички саратон хасталикларини олиб келиши мумкин. Ҳар 40-45 дақиқада туриб юришга одатланинг. Агар телевизор кўришга муккасидан кетган бўлсангиз, бу одатдан аста-секин воз кечинг. Телевизор қаршисига михланиб қолиш саратоннинг хавфини 54 фоизга оширади. Кун давомида табиат қўйнида, очиқ ҳавода сайр қилинг.

  1. Вазнингизни назорат қилинг. Тўғри, ҳеч ким ўзи хоҳлаб семирмайди. Вазн одамга нафақат малол келади, шу билан бирга саломатлик учун ҳам хавфли. Тана оғирлиги индекси, яъни бўйингиз ва вазнингизнинг бир-бирига мувофиқ келиши жуда муҳим. Мисол учун, бўйингиз 160 см ҳамда вазнингиз 70 кг бўлса, сиздаги тана вазни индекси 27.3 бўлади. Бу кўрсаткич 29.9 гача хавфсиз ҳисобланади. Агар бўйингиз 180 см ҳамда вазнингиз 90 дан ошса, бу – саломатлигингиз хавф остида дегани .

  1. Соғлом овқатланиш. Асосан мевалар ва сабзавотлар енг. Бу танадаги тўқималарнинг саломатлигини таъминлайди. Айниқса, целлюлоза, лигнин ва пектин витаминларига бой дон-дунлардан тайёрланган таомларни кўпроқ истеъмол қилинг. Меваларни сотиб олишда эҳтиёт бўлинг. Кимёвий усулларда чиройли ёки катта ҳажмга келтирилган меваларни истеъмол қилманг. Шунингдек, тайёр товуқ гўшти ёки грилл маҳсулотларини камроқ еганингиз маъқул. Унда FDA токсини – саратонга сабаб бўлувчи заҳарли модда мавжудлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд.

 

  1. Спиртли ичимлик ичишдан воз кечинг. Кўп миқдорда спиртли ичимликлар истеъмол қилиниши оғиз ва томоқ саратонига сабаб бўлиши мумкин. Жуда воз кеча олмасангиз, аста-секин ичишни камайтиринг. Унутманг, аслида ҳаётдан соғлом ҳолда завқланиб яшаш энг катта сарҳушликдир.

stom12

  1. Имкон борича тузни кўп истеъмол қилманг. Туз қон ва қон айланиш тизимига салбий таъсир кўрсатиб, ҳужайраларни зарарлаши мумкин.

 

  1. Ёш оналар учун, айниқса янги туғилган гўдагини эмизиш ҳам бола, ҳам она учун бирдек фойдали. Бу саратоннинг ҳам олдини олади. Ғамхўр эр сифатида турмуш ўртоғингизга бу маслаҳатни беришни унутманг.

  1. Қўшимча дори-дармон олишни унутинг. Унинг ўрнига яхши еб-ичинг. Қўшимча гормон ва дорилар ички аъзоларнинг заҳарланишига олиб келади. Дорини фойдасидан зарари кўп.

 

  1. D витаминига бўлган кундалик эҳтиёжни қондиринг. Бу витаминнинг беминнат манбааси эса қуёшдир. Қуёшли кунда 15 дақиқа сайр қилиш ҳам саратоннинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

 

  1. Тамакидан воз кечинг. Унинг саратонга олиб келиши исботланган. Тамаки ва сигарет таркибидаги 4800 хил кимёвий модда ички аъзоларни емирилишига олиб келади.

  1. Тунда ётоқхонада нурли чироқлардан фойдаланишни бас қилинг. Чироқлар танадаги биологик соатларни уйғотиб, ҳужайра ва тўқималарга мириқиб дам олгани халақит қилади. Жуда бўлмаса, хир нурли қизил чироқчалардан фойдаланинг, нимқоронғу хонада дам олинг.

  1. Маҳаллий вакцинация марказларига мурожаат қилиб, саратон инфекциясининг олдини оладиган вакцина олинг.

Унутманг, саратон бир кунда пайдо бўладиган касаллик эмас. Шундай экан, соғлом турмуш тарзи саломат яшашнинг энг маъқул йўли.

Доимо соғ-саломат бўлинг!