Биласизми?

Руҳшуносларнинг фикрича, «дилимиздаги»ни фош қилаётган 15 та гавда ҳаракати

Айтишларича, тана ёки гавда тили кўпинча инсоннинг дилидаги чинакам сўзларини айтишга уринар экан. Инсонларнинг гавда ҳаракати, кўзи ва қўл ҳаракати феъл-атворнинг ажралмас қисмидир ва баъзида бошқаларга ўз эгаси тўғрисида кўп нарсани "гапириб" қўяди.

Шу сабабли, сиз ҳам бу сўзланмаган белгилар орқали алоқа қилишнинг сирлари, хатти-ҳаракатларнинг мазмунидан бехабар бўлсангиз, улар янги лойиҳангиз ёки ишингизни барбод қилмасидан, гавда тили ҳақида билиб олинг.

Қуйида тақдим қилинаётган маълумот ва далиллар тажриба ва кузатувларга, илмий асосга эга. Мазкур тадқиқот жараёнида кўплаб инсонлар, асосан бирор иш ёки лойиҳада муҳим ўрин эгаллаган одамларда учрайдиган 15 та энг кўп тарқалган гавда ҳаракати ўрганилиб, руҳшунослар таҳлилидан ўтказилган.

  1. Қад-қоматни букчайтириш

Бирор учрашув ёки суҳбат чоғида букчайиб олиш, столга энгашганча ётиш ҳурматсизлик белгисидир. Бу сизнинг зерикаётганингиз ва бу учрашувга хоҳиш ҳамда эҳтиёжингиз йўқлигини билдиради. Сиз раҳбарингиз ёки қаршингиздаги суҳбатдошингизга қараб уни нега эшитишингиз кераклигини айтишга журъатингиз етмаслиги аниқ, аммо буларни сизнинг ўрнингизга букчайиб қолган гавдангиз айтади.

Бошқача айтганда, букчайиш одамнинг ичида умиди қолмаган, ҳафсаласи йўқ ҳамда унинг қулаётганидан дарак беради.

Инсон қуввати ҳам электр токига ўхшаб кетади ва тик, расо қад-қоматда бир текис ҳаракатланади, миягача етиб бориб, унинг фаол ишлашини таъминлайди. Елкаларни кенг қўйиб, қадни тик тутиб туриш сизнинг кучли, қатъий ва ишонса бўладиган шахс эканингизни англатади.

Шу сабабли ҳам, оддий учрашув ёки муҳим муҳокамалар бўладими, гавдангизни тик тутиб, муваффақиятни қўлдан бой берманг.

  1. Бармоқ ёки қўлни ишга солиш

Қўл ва бармоқ ҳаракатлари – сизнинг ҳақиқатни ёрқинроқ ифодалашга бўлган интилишингиз белгиси. Қучоқни кенг ёйиш, кафтлар ёрдамида шар шаклини ясаш, кафтни намоён қилиш орқали одамлар билан алоқага киришиш – бу лидерлик белгиси ва сизнинг бошқалардан яширадиган сирингиз йўқлигини, тўғрисўз одам эканингизни англатади.

Суҳбат ёки маъруза чоғида қўлни, бармоқларни ишга солмаслик, улар ёрдамида тилнинг айтаётганларини ҳаракатда ифодаламаслик сизнинг ҳамма қатори, айтаётганига бефарқ одамлардан фарқ қилмаслигингизни билдиради. Бу аудиторияга ёмон таъсир қилади.

Гапираётганингизда қўлларингизни яширманг. Акс ҳолда, сизни тинглаётганлар сизга ишонишмайди.

Кафтни очган ҳолатда қўлларни бир-бирига яқин келтириш сиз ўзингиз гапираётган фикрни ёки мақсадни тушунишингиз белгиси.

Қўл ҳаракатлари турли миллатлар маданиятида ҳам турлича мазмун касб этади. Мисол учун, кўпчилик суратга бармоқлари ёрдамида "V" ҳарфини ясаб тушишга одатланган. Яъни, бу - "ҳаммаси яхши", "кайфият ажойиб" деган маъноларни англатади. Аммо бу белги Австралия, Янги Зеландия, Британияда ҳақорат маъносини англатади.

  1. Қўл соати ёки телефонга тез-тез қараш

Суҳбат асносида қўл соати ёки телефонга ҳадеб қарайвериш ҳурматсизликнинг яққол белгиси. Бу бесабрлик ва ўзига бино қўйганликни ифодалайди. Бу одатингиз сизни тинглаётган ёки кузатаётган одамларга уларга вақт ажратганингиз учун афсусда эканингиз, аслида бундан ҳам муҳимроқ ишлариз бор эканлиги тўғрисида хабар етказиб туради. Натижада суҳбатдошингиз ёки тингловчиларнинг қаршисида иккиюзламачи одам сифатида тасаввур уйғотасиз.

  1. Суҳбатдошга орқа қилиш

Кимгадир орқа қилиш ёки стулга суяниб, орқага тисарилиш миянгиз бошқа нарса билан бандлигини, бу ерда кўрилаётган масала сиз учун қизиқ эмаслигини, ўзингизни ноқулай ҳис қилаётганингизни, сизга сўзлаётган одамга ишонмаётгангизни англатади.

Кимнидир тинглаётганда ва бу сиз учун муҳим учрашув ёки фойдали мавзу бўлса, гавдангизни бир оз суҳбатдош томонга ташланг ва бошингизни чўзиб, уни тинглаётгангизни ифодаланг. Бу орқали унга у сизнинг диққат-марказингизда эканини ифодалаган бўласиз.

  1. Қўлларни чалиштириш

Қўл ёки оёқни чалиштирган ҳолда кимнидир тинглаш – суҳбатдошнинг айтаётган сўзларига очиқ муносабатда бўлмаётгангизни, дилингиздагини айта олмаслигингизни англатади. Қўл ёки оёқни чалиштириш – гавданинг жисмоний тўсиқлари ҳисобланади. Гарчи, суҳбат мобайнида жилмайиб, гўёки учрашувдан завқланиб ўтирганингизни ифодалашга уринсангиз ҳам, гавда тилини биладиган одам унга сергап одам эканини, гапни калта қилиши кераклигини айтмоқчи бўлаётгангизни сезиб қолади.

Тўғри, қўлни чалиштириш гавда учун қулай, аммо бу белги инсон руҳияти, онгининг таржимони. Одамлар наздида очиқ кўнгил ва қизиқувчан, эътиборли бўлиб тасаввур уйғотиш учун бу одатдан воз кечинг.

  1. Сўз ва ҳаракатларнинг номутаносиблиги

Баъзида сўзлар чалкашиб кетади, баъзида тил айтаётганини юз бошқача ифодалайди. Бундай вазиятда ёнингиздагилар қандайдир муаммо борлигини ва уларни алдамоқчи эканингизни тушуниб қолишлари мумкин. Гарчи, суҳбатдошингиз аниқ далилга суянмаса ҳам, дудуқланиб қолиш ёки хатти-ҳаракатингизнинг бир-бирига қовушмаслиги унинг учун яхши тасаввур қолдирмайди.

Мисол учун, асабий ёки норози ҳолатда табассум билан қайсидир таклифни зўрма-зўраки қабул қилиш бошқаларда сиз билан ишлаш қийин, деган тасаввур ҳосил қилади, тилингиз ва дилингиз бошқалигини изоҳлайди.

  1. Ҳадеб бошни ирғатиш

Бирор нимани тушунганингизни, унинг маъқул эканини ифодалаш учун бошни ҳадеб ирғатиш ёки чайқатиш аслида сиз ўртадаги суҳбатни тушунмаётгангиз ва уни тезроқ тугатиш истагида эканингизни англатади.

  1. Қўлнинг тинимсиз ҳаракати

Дейлик ҳадеб қўлни чўнтакка тиқиш ёки сочни тартибга келтириш, юзни силаш, қўл рўмолчаси билан пешонани артиш сизнинг хотиржам эмаслигингиз, қандайдир ташвишингиз борлиги, асабингиз қўзигани, мушкул аҳволда эканингиз ва бу суҳбатни тезроқ тугатишни исташингиз ҳақида хабар беради.

  1. Кўзни олиб қочиш

Суҳбат чоғида тўрт томонга аланглаш, кўзни олиб қочиш ниманидир яширишга уринаётганингиз, ўртада қандайдир хижолатга арзирли нарса борлигини билдиради ва бу суҳбатдош ёки сизни тинглаётган кишининг шубҳасига сабаб бўлади.

Шу билан бирга, нигоҳсиз алоқа қилиш, кўзни олиб қочиш мавзуга нисбатан қизиқишнинг йўқлиги ва ишончни оқлай олмаслигингизни англатади. Жуда уятчан одам бўлсангиз, суҳбатдошнинг ёки раҳбарнинг кўзига тик қарамасангиз ҳам, нигоҳингизни унинг кўзининг остки қисмига йўналтиринг.

Муҳим фикрларни етказиш, унга бошқаларни ҳам ишонтиришда кўзнинг аҳамияти юқори. Бу етакчилик, ўзига ишонч, куч-қудрат ва ақл-заковат белгиси. Айтишади-ку, кўз – дилнинг ойнаси.

  1. Ҳадеб тикилиш

Аммо ҳаддан зиёд тикилиш ҳам инсон руҳиятида тажовузкорликнинг борлигини англатади. Нигоҳни узоқ қадаб туриш ҳукмронлик ёки эгалик қилишга бўлган чексиз хоҳишни ифодалайди. Нигоҳ орқали алоқа қилишнинг давомийлиги 7-10 сония бўлиши кифоя қилади. Бирор фикрни етказгандан сўнг кўз орқали алоқанинг узилиши суҳбатдошга ўша фикр мазмунини англаб етиши учун имкон беради.

Ерга тикилавериш ҳам айтилаётган сўз ёки яхши фикрнинг аҳамияти йўқолишига олиб келади. Ҳадеб ерга қараш – бу бўйсуниш майлининг юқори эканини билдиради.

  1. Кўзнинг серҳаракатлилиги

Кўзни ҳаддан ташқари кўп юмиб-очиш, пирпиратиш ёки қорачиқларни айлантириш ҳам ҳурматсизлик белгиси. Аксига олиб, бу шунчаки жисмоний иллат бўлса, зудлик билан унинг олди олиниши керак ва бу жуда зарур, фойдали иш бўлган бўлар эди.

  1. Қош-қовоғини солиш

Қош-қовоқдан қор ёғдириб ўтириш атрофдагиларга бу ер сизга манзур эмаслигининг ифодаси. Бу ҳолат атрофдагиларнинг ҳам ҳолатига таъсир қилади ва суҳбатдошга айтмоқчи бўлган фикрларини жамлашига халақит қилади. Натижада учрашув ёки муҳокама самарасиз якунланади. Бу каби одамлар олдида инсонлар ўзларини судья қаршисидагидек ҳис қиладилар ва улардан узоғроқда бўлишни афзал кўрадилар.

Шу сабабли, табассум қилинг, жилмайинг ёки шунчаки юзингизда ижобийлик кайфиятини зоҳир қилинг. Руҳий тадқиқотларнинг хулосаси шуни кўрсатмоқдаки, инсон мияси табассум қилишни хуш кўрган одам билан суҳбатга киришга интилади ва доимо кайфияти яхши одам томонга шошади.

  1. Енгилгина қўл сиқишиш

Биз илгари ҳам оҳиста ва енгилгина қўл сиқишиш эркак кишига хос эмаслигини кўп бора айтган эдик. Мустаҳкам қўл сиқишиш ишонч ва имкониятнинг юқорилигини билдиради. Аммо кимнингдир қўлини, айниқса аёл кишининг кафтини ҳаддан ташқари қаттиқ сиқиш тажовузкорлик белгиси бўлиб, бу орқали ундан қудратли эканингизни кўрсатмоқчилигингизни ифодалайди. Қўл сиқишганда унинг кимлиги ҳамда вазиятни ҳисобга олинг ва ўртача меъёрни ўзингиз аниқланг. Имкони борича самимийликни йўқотманг.

  1. Кафтни мушт қилиш

Чалиштирилган қўл ёки оёқлар сингари, мушт кўринишга келтирилган кафт ҳам сизнинг "ёпиқ" одам эканингизни англатади. Қолаверса, бу сиз тўғрингизда баҳс-мунозарани яхши кўрадиган, ўзини ҳимоя қилишга тайёр турган киши, деган тасаввур уйғотади. Натижада сиз билан суҳбатлашаётганлар асабийлаша бошлашади.

  1. Суҳбатдошга жуда яқин келиш

Оралиқ масофанинг меъёрида бўлиши тинглаш ва мулоқот қилишда қулай шароит яратади. Акс ҳолда, қаршингиздаги одамга жуда яқин келиш, бу – ҳурматсизлик белгисига айланади.

Юқорида қайд этилган, гавда ҳаракатининг хато тилига хос алоқа воситаларининг олди олиниши шахсий ҳаётда ҳам, касбий жараёнда ҳам самарали мулоқот қилиш учун замин яратади.