Биласизми?

Россия йил охиригача Ўзбекистонга нефтни тўлиқ ҳажмда етказиб беради

Россия 2018 йил охирига қадар Ўзбекистон режалаштирилган нефть ҳажмини экспорт қилади. Бу транспорт тизимининг ўтказиш имконияти билан боғлиқ муаммоларга қарамасдан юз беради. Бу ҳақда Kun.uz мухбирига «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Одил Темиров маълум қилди.

«Етказиб бериш ишлари давом этяпти. Биз 700 минг тонна нефть ва нефть маҳсулотларини импорт қилдик. Нефть хомашёсини импорт қилиш режасига амал қилмоқдамиз. Йил охиригача биз ўз олдимизга қўйган вазифалар бор, улар бажарилади», - деди Темиров. Раис ўринбосари Россия йил охиригача етказиб бериши мумкин бўлган хомашёни аниқ ҳажмларини маълум қилмади.

Аввалроқ, Россия энергетика вазири собиқ ўринбосари Кирилл Молодцов «Газпром нефть» келгуси йилда Ўзбекистонга 1 миллион тонна нефть етказиб бериш имкониятларини ўрганиб чиқаётгани, бироқ барчаси транспорт тизимининг самарадорлигига боғлиқ экани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистонга нефть етказиб бериш бўйича ҳукуматлараро битим муҳокамаси ҳам охирги босқичда турибди. Темиров музокаралар жараёни ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермади.

Россия Федерацияси Ёқилғи-энергетика комплексининг Марказий диспетчерлик идораси маълумотларига кўра, 2017 йилда Ўзбекистонга Россия нефтининг экспорти 68,2 минг тоннани, 2018 йил январь-апрел ойларида - 36 минг тоннани ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил апрель ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Москвага ташрифи чоғида Ўзбекистонга 500 минг тонна Россия нефтини етказиб бериш бўйича икки томонлама меморандум имзоланди.