Қирғизистон Давлат Миграция хизмати Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирларига мурожаат қилиб, уларни қонунларга риоя қилишга чақирди, акс ҳолда, жаримага тортилишлари борасида огоҳлантирди.
Ўзбекистон билан чегаралар очилганидан сўнг Қирғизистонда қурилиш ва қишлоқ хўжалигида ишлаш мақсадида келаётган ўзбекистонликлар сони кўпайгани кузатилмоқда. Бишкек, чегара яқинидаги Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятларида уларнинг сони кўп.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон ватандоши Қирғизистон ҳудудига кириб келганидан беш кун ўтиб рўйхатга олиниши керак, акс ҳолда, 10 минг сўм (150 долларга яқин) миқдорида жаримага тортилади. Қонунбузарлик такрорланадиган бўлса, муҳожир Ўзбекистонга депорт қилинади.
Иш берувчи Давлат миграция хизматига мурожаат қилиши ва иш учун рухсатнома олиши керак. ИИВ, ТИВ, Давлат Миграция хизмати вакилларидан иборат Комиссия талабномани ўрганиб чиқади ва икки ҳафталик муддат ичида рухсатномани бериш-бермаслик масаласини ҳал қилади.
Қирғизистон Давлат миграция хизмати масъули А.Асанбаевга кўра, Қирғизистонда Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирлари сони ортиб бормоқда, бироқ уларнинг аниқ сони ҳақида маълумот йўқ.
Хорижлик ватандошга рухсатнома бу иш жойига Қирғизистон ватандоши даъвогарлик қилмаган тақдирдагина берилади. Рухсатсиз иш берганлик учун жарима миқдори 10 минг сўмни (150 АҚШ доллари) ташкил қилади.