Биласизми?

Президент қарори билан ОТМ тизимида баъзи ўзгаришлар амалга оширилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш тўғрисида қарорни имзолади. Ҳужжат илмий тадқиқотлар билан ишлаб чиқариш тармоқлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмларини йўлга қўйишга, алоқаларни мустаҳкамлашга тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Қарор билан олий таълим муассасаларида илмий ишлар бўйича проректор лавозими ўрнига илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор лавозимини жорий этиш тасдиқланди. Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг илм-фан бўйича директор ўринбосарлари бир вақтда тегишли йўналишдаги олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори лавозимларига тайинланади.

Олий таълим муассасалари тузилмасида инновацион жамғармалар ва илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича бўлинмалар ташкил этилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилмасида Фан ва илмий-техник тадқиқотларни ривожлантириш бошқармасини ташкил этилади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органларида бир нафар раҳбар ўринбосарлари инновацион ривожланиш масалалари бўйича жавобгар ҳисобланади. Ҳар йили 1 октябрга қадар давлат органлари келгуси йил учун тегишли тармоқ ва соҳаларни инновацион ривожлантиришнинг «йўл хариталари"ни ишлаб чиқиши лозим.

Молия вазирлиги устувор инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, «стартап» лойиҳаларини ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириш учун 2018 йилда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 50 млрд сўм миқдорида бюджет маблағларини ажратади.

Илмий-тадқиқот ташкилотлари 2022 йил 1 январга қадар уларнинг асосий фаолияти бўйича барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалардан озод қилинади, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ажратмалар бундан мустасно, бўшаётган маблағлар уларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш учун мақсадли йўналтирилади. Шунингдек, илмий-тадқиқот ташкилотлари томонидан олиб кириладиган илмий асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, сарфлаш материаллари, реактивлар, дастурий таъминот божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) озод қилинади.

Қарорга мувофиқ, ҳар йили мамлакатда InnoWeek.Uz инновацион ғоялар ҳафталиги ўтказилади.