Идрокка қисқа қилиб таъриф берадиган бўлсак, бу – муайян жараёнга диққатли бўлиш ва унинг оқибатини англаш дегани. Оқибатини англаш, ўз навбатида шу жараённи назорат қилиш ва энг маъқул қарорни қабул қилишдир.
Идрок ва мушоҳада билим натижаси эмас. У миядаги кўникма. Бу кўникмани шакллантирган одам барча вазиятда, турлича масалаларда яхши ечимни излаб топиши, муносиб қарор қабул қилиш мумкин.
Мисол учун, ақлли одам доим ҳам мушоҳадали ёки мушоҳадали одам доим ҳам ақлли бўлавермайди.
Модомики инсон ўй-хаёллари ва ҳисларини назоратда тутиб тура олмас экан, унда идрок ҳам, диққатини жамлаш ва нимагадир тўғри муносабатда бўлиш кўникмаси ҳам бўлмайди.
Инсон ўз танасини, мушакларини кўз-кўз қилишни яхши кўради. Аммо барчамиз ҳам мияда худди шундай мушаклар борлигидан, турли машқ ва усуллар орқали уларга ҳам салобатли кўриниш бериш мумкинлигини билмаймиз.
Миядаги мушаклар бизга диққатимизни жамлаб, узоқни кўришга, вазиятни тезроқ аниқлашга, керак пайтда ҳисларга қулоқ ёпиб, керак пайтда тилни тийишга ёрдам беради. Психологияда идрок руҳиятнинг клиник доираси ёки руҳиятнинг таҳлилга бўлган эҳтиёжи билан боғланади. Уни юксалтириб бориш инсон ҳаётини янада гўзаллаштиради.
Руҳшунос ва тадқиқотчи Юна Кангнинг фикрича, идрок ва мушоҳаданинг 4 та муҳим омили бор.
Бохабарлик – мавжуд маълумот ҳақида ҳам руҳан, ҳам жисмонан хабардор бўлиш. Бу масалага оид қарама-қаршиликларни солиштириб, унга муносабат билдиришнинг асосидир.
Диққатнинг барқарорлиги – айни вақтда содир бўлаётган жараённинг ички ва ташқи сабабларини кузатиб бориш. Мушоҳада қилганда инсон масалага оид аввалги жараённи ҳам диққатдан узоқлаштирмайди.
Айни пайтга диққат қилиш – барқарор диққат каби, идрокли ҳамда мушоҳадали одамлар жараённинг ҳозирги ҳолатини ҳам кўздан қочирмайдилар.
Холис қарор қабул қилиш – мушоҳадали одам жараён ҳақидаги ўй-хаёллар, ҳисларни аралаштирмасдан, шошма-шошарлик билан хулоса чиқармайди. Ҳаммасига оқиллик билан баҳо беради.
Қуйида эътиборингизга идрокли ва мушоҳадали бўлишга, онгда идрок кўникмасини шакллантиришга оид тавсияларни берамиз.
Яхши тингловчи бўлинг
Яхши тингловчи қаршисидаги инсоннинг ҳар бир сўзига диққатли бўлади. Бунда диққатнинг барқарорлиги муҳим ўрин тутади. У суҳбатга ҳар қандай шароитда эътибор билан ёндашишни таъминлайди.
Муносабат билдиришга шошманг
Кўп ҳолларда инсоннинг ички овози уни жаҳолатга бошлайди. Айниқса, инсон ёшлик чоғларида қарор чиқаришга шошиб қолади. Сизга тақдим этилаётган маълумотларга нисбатан муносабатда бўлишдан аввал уларнинг асосли эканлигини аниқланг. Агар муаммоли вазиятда бўлсангиз, асабийлашманг. Асаб толаларининг зўриқиши – керакли ахборотнинг мияга етиб бориши, инсоннинг фикрлашига тўсқинлик қилади. Ўринли саволни ўз пайтида самимий оҳангда беринг.
Журъатли бўлинг
Ҳақиқатни тан олиш ёки таваккал қилиш учун журъат керак бўлади. Ички овозга қарши бориш ҳам инсоннинг қатъий феъл-атворидан дарак беради. Зарур пайтда адолатли бўлишга интилинг.
Диққатни мақсадингизга қаратинг
Баъзида китобнинг бир саҳифасини ўқиб тугатиб унинг бирор жумласига ҳам тушунмаган вақтларимиз бўлади. Сабаби, мақсад ва диққат ўзаро қовуша олмайди. Гарчи, инсоннинг кўзи жумлаларни ўқиса ҳам, мияга бирор маълумот етиб бормайди. Бунинг барчаси диққатнинг бўлинишидандир. Натижада, ўша саҳифани қайта ўқиб чиқишга мажбур бўламиз.
Хотираларни тез-тез эсга олинг
Анча йиллардан кейин дўстларимиз билан учрашиб қолсак, ҳар доим ҳам гапни гапга уланиб кетиши қийин бўлади. Баъзида бундай учрашувларга завқ бағишлайдиган энг яхши хотиралар эсдан кўтарилиб кетиши мумкин.
Хотира – бу тажриба дегани. У бирор ишга киришганда шу билан боғлиқ олдинги билимни ёдга олиб, хулосалар асосида янги ва муваффақиятли қадамни ташлашга ёрдам беради.
Яқинларингизга эътиборли бўлинг
Бу кўникмани онгда ва руҳиятда шакллантиришнинг усуллари кўп. Мисол учун, китоб мутолаа қилиш. Фарзандингиз бўлса, уни кун давомида 15 дақиқа кузатинг. Боланинг феъл-атвори, қизиқишлари юзасидан хулосалар чиқаринг ва режалар қабул қилинг.
Осуда табиат қўйнида сайр қилинг
Бир кунда 15-20 дақиқа давомида табиат қўйнида сайр қилиб, табиатни кузатинг, ўзгаришларга қаранг. Бундай вақтда шошманг. Шошган одам идрок қила олмайди.
2013 йилда Буюк Британияда ўтказилган тадқиқот хулосалари шуни кўрсатдики, табиат қўйнида, яшиллик бағрида сайр қилиш инсонга диққатни жамлашига, кераксиз хаёллардан халос бўлишига ёрдам берар экан.
Ижодий ёндашув
Санъаткорлар, рассом ва адиблар ўз номи билан идрок одамларидир. Улар кун давомида камида 10 соат идрок ва мушоҳада билан банд бўладилар. Сизда ҳам расм чизиш ёки шеър битишга қизиқиш бўлиши мумкин. Ўзингизча қўшиқлар хиргойи қилинг ёки бирор нима яратинг.
Изланишлар ижодий ёндашувга киришган одамларнинг идроки ҳам чуқурлашишини кўрсатмоқда.
"Агар сизга кичик балиқ керак бўлса, зовурга боринг. Агар каттароқ балиқ ушлаш ниятингиз бўлса, дарёга боринг." Яъни, эҳтиёжларингиз доирасида идрок қилиш – онг-шуурда мушоҳада кўникмасини шакллантиришнинг осон йўлидир.
Қўл телефонига боғланиб қолманг
Сўнгги йилларда электрон қурилмаларнинг кўпайиб бораётгани инсонларда диққатлиликнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмоқда. Ҳар замон мобиль қурилмаларга мўралаш, уларни титкилаш бирор ишга диққат билан киришишнинг белига тепади. Шу сабабли, улардан фойдаланиш қоидаларига амал қилинг.
Тилингизга эрк берманг
"Олдига қўйганни емоқ – ҳайвоннинг иши. Оғзига келганни демоқ – нодоннинг иши" деган эканлар бобомиз Алишер Навоий. Инсон бирор нимани оғзига солишда қанчалар эҳтиёткор бўлса, оғзидан бирор сўзнинг чиқишига ҳам шу қадар эътиборли бўлиши керак.
Кексаларни тингланг
Кексаларнинг маслаҳати – энг қимматли билим. "Бошидан ўтказган – табиб" деган нақл бор. Бобо-бувингиз, ота-онангиз билан маслаҳатлашиб, уларнинг насиҳатига қулоқ тутинг.
Буюк файласуф Суқрот шогирдларидан бирининг идрокини синовдан ўтказиш учун ундан ҳаёт ҳақидаги фикрларини сўрабди. Аниқ-тиниқ жавоб ололмагач, шогирдини етаклаб бозорга борган экан.
Хулоса шундай – атрофни кузатиш, кимнингдир хатти-ҳаракатидан, тақдиридан хулоса чиқариш – идрок ва мушоҳаданинг тиниқлашувига хизмат қилади.
Муносиб ва тўғри қарор доимо ҳамроҳингиз бўлсин!