Биласизми?

Ўзбекистонлик божхоначилар ўз байроғи ва таниқлилик белгисига эга бўлади

Яқин кунларда Давлат божхона хизмати органлари ўз байроғи ва таниқлилик белгисига эга бўлади. Ушбу рамзлар намуналари Давлат божхона қўмитаси томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталига жойлаштирилган.

Давлат божхона хизмати органларининг байроғи тўқ яшил рангли тўртбурчак шаклдаги матодан иборат бўлиб, ушбу ранг фаровонлик ва барқарорлик рамзи ҳисобланади. Унинг марказидан махсус таниқлилик белгиси — четлари тўқ яшил рангли ҳалқа бандли кумуш доира ичида жойлашган.

Доира марказида учи пастга йўналган, юқори бурчаклари қирқилган қалқон жойлашган бўлиб, у Ўзбекистон иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлашни англатади.

Қалқон марказидан давлат герби жой олган, қалқон четидан барча томондан қуёш нурларини ифодалувчи тўғри чизиқлар тортилган. Қалқон ортида икки илон чирмашган иккита қанотли белги ўрин олган (Меркурий белгиси) бўлиб, улар диагонал бўйича учини пастга қаратиб турибди.

Меркурий белгиси тижорат, мўл-кўлчилик, ақл-заковатни, фидойилик ва меҳнатсеварликни, шунингдек, низоларни тинч йўл билан ҳал қилишни англатади. Марказдаги қалқоннинг орқасида миллий байроқ ён томонга силкинган ҳолда симметрик тасвирланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2018 йил 1 июлдан бошлаб бутунлай халқаро нормалар ва стандартларга асосланган божхона назоратининг мутлақо янги тизими ишга тушади.