Биласизми?

Ўзбекистонда тиланчилик билан шуғулланганлар жамоат ишларига юборилади ёки қамоққа олинади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Унга кўра, Жиноят кодексининг 127-моддасига қуйидаги қўшимча киритиш таклиф қилинмоқда:

Аэропорт, вокзал, парк, дам олиш масканлари, бозорлар ва савдо мажмуаси ҳудудлари, шунингдек, уларга тегишли ҳудудлар — автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари, бекатлар, автотранспорт воситалари ўтадиган йўл қисмлари, маданий ва маънавий мерос объектлари жойлашган ҳудудлар, барча турдаги жамоат транспортлари ва бошқа жамоат жойларида фаол тарзда пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа қимматбаҳо буюмлар сўрайдиганлар:

300 соатдан 600 соатгача жамоат ишларига жалб қилиш ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Худди шундай ҳаракатлар вояга етмаган шахс иштирокида ёки ундан фойдаланган ҳолда, шунингдек, руҳий хаста, ногиронлиги бор шахслар, ўзини ногирон қилиб кўрсатган одамлар, ёки мажбуран наркотик ва психотроп моддалар, алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилган, лекин ақлий фаолиятига путур етмаган шахслар томонидан содир этилса:

300-600 соатдан 400-800 соатгача жамоат ишларига жалб қилиш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар ушбу ҳаракартлар:

а) бир гуруҳ шахслар ёки хавфли рецидивистлар томонидан такроран содир этилса;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан амалга оширилса;

в) мажбуран наркотик ёки психотроп моддалар таъсирида содир этилса;

г) зўрлаш ёки зўрлаш билан таҳдид қилиш орқали амалга оширилса,

5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик ҳақидаги кодекснинг 188-моддасига қуйидаги қўшимча киритилади:

Аэропорт, вокзал, парк, дам олиш масканлари, бозорлар ва савдо мажмуаси ҳудудлари, шунингдек, уларга тегишли ҳудудлар — автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари, бекатлар, автотранспорт воситалари ўтадиган йўл қисмлари, маданий ва маънавий мерос объектлари жойлашган ҳудудлар, барча турдаги жамоат транспортлари ва бошқа жамоат жойларида фаол тарзда пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа қимматбаҳо буюмлар сўрайдиганлар:

энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага тортиш ёки 5 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланади.

Худди шундай ҳаракатлар вояга етмаган шахс иштирокида ёки ундан фойдаланган ҳолда, шунингдек, руҳий хаста, ногиронлиги бор шахслар, ўзини ногирон қилиб кўрсатган одамлар, ёки мажбуран наркотик ва психотроп моддалар, алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилган, лекин ақлий фаолиятига путур етмаган шахслар томонидан содир этилса:

энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жаримага тортиш ёки 5 суткадан 10 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланади.

Эслатиб ўтиш керак, ушбу ҳужжат ҳозирча фақат лойиҳа бўлиб, у тасдиқланиши, ўзгариши ёки рад этилиши мумкин.