Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 1 майдан бошлаб паспорт-виза соҳасидаги давлат хизматларининг соддалаштирилган тартиб-таомилларини таъминловчи электрон тизимни ишга туширди.
Мазкур тизимда ҳозирча саноқли хизматлар кўрсатилади. Булар Тошкент шаҳрида турган жойи бўйича ҳисобга олишни расмийлаштириш ҳамда манзил маълумотларини тақдим этиш хизматларидир.
"Ушбу тизим синов тариқасида ишлатилаётганлиги сабабли давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида техник носозликлар ёки хатоликлар юзага келса ёки тизимни яхшилаш бўйича таклифларингиз бўлса, бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг [email protected] электрон почтасига маълумот юборишингизни сўраймиз", — дейилади ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси томонидан.
Эслатиб ўтамиз, 1 ноябрдан миллий ID-карталар тизими жорий этилади. Дастлабки синов режими Тошкентда бошланади.
Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб чиқиш стикерларини бекор қилиш ва хорижга чиқиш паспортини жорий қилиш ҳақидаги қарорни имзолаганди. Стикерлар тизими 1995 йилдан бери амал қилади.
Бундан аввал амалдаги биометрик паспортлар республика ҳудудида фойдаланиш, чет элга чиқиш учун эса хорижий паспортларни татбиқ этиш этиш режалаштирилганди.
Ўз навбатида кўплаб экспертлар ва мутахассислар иккинчи паспорт ўрнига ID-карталар жорий этиш бўйича таклифларни билдиришди. 2011 йил октябр ойида Ўзбекистонда 1994 йилда киритилган паспортларни янги биометрик паспортларга алмаштиришга киришилганди.
2014 йил 1 июлдан ҳукумат қарорига кўра Ўзбекистон фуқаролари хорижга фақат биометрик паспортлар билан чиқишмоқда.