Ўзбекистон «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг хусусийлаштирилишига тайёр, аммо олтин конлари ва нефть қазиб олиш устидан назоратни сақлаб қолишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Reuters мамлакат бош вазири ўринбосари Суҳроб Холмуродов ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси вакили Сардор Саъдуллаевга асосан хабар тарқатган.
«Биз асосий сектор деб ҳисоблайдиган, бизнинг фикримизча, давлат назорати остида тутиб туришимиз керак бўлган нарса — бу асосан олтин қазиб олиш ва бизнинг бош нефть компаниямиз», — деди Саъдуллаев айни пайтда Иорданияда бўлиб ўтаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг анъанавий йиғилишида.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ўз авиабозорини очишга тайёр, бу, шу жумладан, Миллий авиакомпанияни хусусийлаштириш ҳисобига амалга ошиши мумкин.
«Бизда битта монопол авиакомпания — «Ўзбекистон ҳаво йўллари» бор, аммо биз авиакомпания дахлсиз компаниялар рўйхатидан чиқиши учун секторни ислоҳ қилиш мақсадида Жаҳон банки билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз», — деди Саъдуллаев.
Шунингдек, Саъдуллаев энергетика тармоғини ҳам изоҳлади.
«Биз шунингдек, энергетика сектори ҳақида ҳам ўйлаяпмиз, аммо биз давлат-хусусий шериклик модели жуда тўғри усул бўлади, деб ҳисоблаймиз», — деди Саъдуллаев давлат мулкидан фойдаланиш бўйича тўлиқ ҳуқуқ эмас, акциялар сотилишини назарда тутиб.