Erkak.uz сайтининг бу галги мақоласида букилмас иродали, сабр-матонатли кўп қиррали бир йигит ҳақида ҳикоя қиламиз. У мутахассислигига кўра бухгалтер, фан ва маданият ҳомийси, дунёга таниқли мотивацион нотиқдир. Хўш, нима бўлибди, дейсизми? Гап шундаки, унинг иккала оёғи йўқ. Оёқсиз ҳам бунинг иложи бор, дейсизми? Унинг иккала қўли ҳам йўқ. Бахтсиз фалокат туфайли ногирон бўлмаган, Ник Вуйчич тетраамелия синдромига учраб қўлсиз-оёқсиз дунёга келган.
...1982 йилнинг 2 декабрида пастор Борис Вуйчич оиласида фарзанд дунёга келаётган эди. Борис туғруқ жараёнида иштирок этди. Туғилаётган чақалоқнинг икки қўли йўқлигини кўриб, она унинг юзидаги ўзгаришни кўрмаслиги учун хонадан чиқиб кетди. Фарзанд туғилгач, шифокорлардан “фарзандимнинг қўли йўқми”, дея сўради. “Йўқ”, дейишди шифокорлар. “Унинг қўли ҳам оёғи ҳам йўқ”. Доялар онага фарзандини кўрсатгани қўрқишарди.
Болани Ник (Николас) деб аташди. У Австралиядаги серб муҳожирлари оиласида дунёга келганди.
Никнинг қўллари ўрни текис, оёқлари мутлақо “ўсиб чиқмаган”, фақат бир оёғининг товон қисми балиқ думига ўхшаб чиқиб қолган эди. Шу аъзоси ёрдамида у юришни, сузишни, ёзишни, аравачада юришни ўрганди. У аввал ногиронлар мактабида, сўнг барча болалар ўқийдиган мактабда таълим олди. Соғлом болалар орасида Никка жуда оғир, у барчага ўхшамаслигидан сиқилар, нега дунёга келгани ҳақида хаёл сурар эди.
Саккиз ёшида у ваннадаги сувга чўкиб ўзини ўлдирмоқчи бўлади. Аммо ўзини жондан ортиқ яхши кўрган ота-онасини ўйлаб аҳдидан қайтади. Кунлардан бир куни унга онаси одамларни ҳаётсеварликка ўргатган ногирон инсон тўғрисида ҳикоя ўқиб беради. Бу Ник ўзлигини англаши учун туртки беради.
Еттинчи синфда Никни синф сардори этиб сайлашади. У кенгашда ўқувчилар масалаларини муҳокама қилар эди.
Мактабни тамомлагач, Ник таҳсилни давом эттирди. Бухгалтерлик ва молиявий режалаштириш мутахассисликлари бўйича олий маълумот олди. 19 ёшида унга университет талабалари олдида нутқ сўзлашни таклиф қилишди. У бор-йўғи 7 дақиқа сўзлади. Учинчи дақиқадаёқ тингловчиларнинг ярми кўзларига ёш олди. Бир қиз Никка яқинлашди ва йиғлаганча уни қучиб “Ҳеч ким ҳеч қачон мени ёқтиришини изҳор қилмаган, ҳеч ким ўз ҳолимча гўзаллигимни айтмаган. Бугундан менинг ҳаётим ўзгарди”, дейди. Шундан сўнг Ник ҳаётининг мазмунини кашф этади – у инсонларнинг ўзига ишончини мустаҳкамлаш, ҳаётига қувонч улашиш, кўтаринки руҳ ва илҳом бахш этиш учун дунёга келган.
2005 йилда у “Австралиялик йилнинг ёш инсони” нуфузли мукофотига сазовор бўлди.
2009 йилда у “Капалаклар цирки” фильмида рол ижро этди. Йигирма дақиқали фильмда у қўлсиз ва оёқсиз Уилл тақдири ва матонатини гавдалантириб берган.
Ҳозир Николас Вуйчич 34 ёшда. У эришган муваффақиятларга қўли ва оёғи бутун инсонлар ҳавас билан қарашади. Ник хайрия ташкилотининг президенти саналади. Мотивацион компанияси: “Attitude Is Altitude”. 10 йил мобайнида у бутун дунёни айланиб чиқди, миллионлаб одамларга ўз тарихини сўзлаб бериб руҳлантирди. Турфа аудиторияларда нутқ сўзлади.
Ник Вуйчич сайти lifewithoutlimbs.org. Youtube.com сайтида Ник Вуйчичнинг юзлаб мотивацион видеолари мавжуд.
У ўз чиқишларида столда турганча “Баъзан мана бундай йиқилиб тушасизми?” - дейди ва юзи билан тап этиб столга йиқилади. “Ҳаётда йиқилиб тушасиз, аммо туришга ҳолингиз йўқ вазиятлар бўладими? Умид бор-йўқлиги ҳақида ўйга толасизми... Менинг на қўлим на оёғим бор! Юз марта турсам ҳам улар ўсиб чиқмайди. Аммо навбатдаги омадсизликдан кейин умидимни сўндирмайман. Қайта-қайта уриниб кўравераман. Омадсизлик - бу интиҳо эмаслигини тушунишингизни истайман. Энг асосийси – қандай тамомлашингиздир. Сиз кучли инсон сифатида тамомламоқчимисиз? Унда ўрнингиздан туришга куч топинг – мана бундай қилиб”, дейди у ва пешонасига таяниб кўтарилади, елкаларига тиралади, сўнг туриб олади. Бу пайтда тингловчиларнинг кўзидан ёш оқади. Ник сўзида давом этади: “Мендан сўрашади: Нимага бунча кўп куласиз?”
Ник Вуйчич 2012 йилнинг 12 февралида Канаэ Миахара исмли қизга уйланган. Тўй Калифорнияда ўтказилди. Ёшлар Гавайига саёҳатга боришди. 2013 йилнинг 14 февралида Ник ўғил кўрди, уни Кийоши Жеймс Вуйчич деб номлашди. 2015 йилнинг августида эса Вуйчичлар оиласида иккинчи фарзанд - Деян Леви Вуйчич туғилди. Никнинг иккала ўғли ҳам тўрт мучаси соғ.
Ник оиласи билан Лос-Анжелесда яшайди.