Биласизми?

Миллиардер Доналд Трамп қандай автомобилда юради?

АҚШ президентлигига номзод, кутилмаган баёнотлари билан ажралиб турувчи қизиқ феълли миллиардер Доналд Трамп кўплаб хусусий мулклар, самолёт ва вертолётларга эгалик қилади. Яқинда у яхта сотиб олди. Унинг автомобилларига эса алоҳида тўхталиб ўтиш лозим.

“Бизнесда ҳар бир доллар ва ҳаттоки, 10 цент муҳимдир. Эътиборга арзимайди, дейсизми? Саломат бўлинг. Мен бўлса автомобиль ёки тиш чўтка харид қилишимдан қатъи назар ҳар доим нархларни солиштириш учун вақт топаман”, деб тан олганди Трамп интервьюларидан бирида.

Трампнинг сайловлардаги рақобатчиси Хиллари Клинтоннинг автомобиллар коллекцияси йўқ. Хиллари хоним 1986 йилда ҳаворанг Oldsmobile Cutlass Ciera седанини сотиб олган. Унинг эри Билл Клинтон президентликка сайлангач, оила Оқ Уйга кўчиб ўтган, седан эса сотилган. Гап шундаки, давлат раҳбари ва унинг оила аъзоларини Махфий хизматлар қўриқлайди, улар эса ўзлари машина минишлари мумкин эмас. Ҳаттоки, президентлик муддати ўтганда ҳам машина ҳайдамаслиги мумкин.

Трамп эса автомобилга пулни аяб ўтирмайди. Америкага буюкликни қайтармоқчи бўлган номзод машина танлашда унчалик ҳам ватанпарвар эмас.

Rolls-Royce Silver Cloud

Rolls-Royce-Silver-Cloud

1964 йилда Нью-Йоркдаги ҳарбий академияни тугаллагач, кино мактабига кирмоқчи бўлдим… аммо кўчмас мулк фойдалироқ бизнес, деган хулосага келдим”, деб ёзган Трамп ўзининг “Битим тузиш санъати” китобида. 22 ёшида у отасининг фирмасида ишлай бошлаган, уч йил ўтиб фирма раҳбарига  айланган. Трампнинг биринчи йирик лойиҳаси Манхэттендаги 68 қаватли Trump Tower ҳисобланади. Шундан бери ойнаванд осмонўпар иморатлар Трампнинг ташриф қоғозига айланди. Трапмнинг ўзи ғайриоддий характерли киноқаҳрамонга ўхшарди. Унинг биринчи автомобилини кўрсангиз, “мол эгасига ўхшайди”, иборасини эслайсиз. 1956 йилда ишлаб чиқарилган тўқ қизил Rolls-Royce Silver Cloud эски модада бўлиб, Трампнинг Британия маркаларига ишқибозлиги шундан бошланган.

Rolls-Royce Phantom

Rolls-Royce-Phantom

Ўтган йилнинг июн ойида Трамп “Америкага буюклигини қайтарамиз” шиори билан президентлик учун курашга киришди. Америкаликлар, агар Трамп ғалаба қозонса, “Кадиллак” эмас, “Роллс-Ройс”да юради, деб ҳазиллашмоқда. Номзоднинг ўзи республикачилар номзоди сифатида қора Phantom автомобилида юради. Трампнинг “Фантом”и барча қўшимча опциялари билан 507 950 доллар туради. У баъзан оммага лимузин рулида ҳам кўриниш бериб туради.

Cadillac Trump Golden Series

Cadillac-Trump-Golden-Series

Трамп ўзини “ҳеч ким баҳосини билмайдиган хусусий компания” деб аташни хуш кўради. Хорижий девелоперлар унинг шарафига биноларни номлаш учун ҳам ҳақ тўлашади. Трамп номи турли даврларда чой, ароқ, ҳаттоки, гўшт маҳсулотларида ҳам ёзилган. 1980 йилларнинг охирида Cadillac узайтирилган лимузинлар сериясини ишлаб чиқариб, Трамп шарафига номлашни мўлжаллаган. Лимузинлар оддий Executive Series ва ҳашаматли Golden Series вариантларида чиқарилиши керак эди. Уларни безатиш билан GM эмас, Dillinger Coach Works ательеси шуғулланарди.

“Кадиллак”ларнинг салонида минибар, факс, телевизор, видеомагнитофон, телефон, ҳаттоки, ҳужжатқиймалагичгача (шредер) бор эди. Автомобиллар ташқи кўринишдан томи баландлиги (эгасининг соч турмагини бузмаслиги учун) ва Rolls-Royceдан андоза олган радиатор панжараси билан ажралиб турарди. Golden Series лимузинига тилла суви юритилган. Бошида Трамп элликта автомобилнинг ўз номи билан аталишини режа қилган, автомобилсоз компания миннатдорчилик тариқасида ҳатто унга Allante кабриолетини совға қилган.

Аммо бу битим Трамп 1991 йилда касодга учрагунча пайсалга солиб келинди. Шундай қилиб “трампмобил”лар тўлақонли ишлаб чиқарилмасдан иккита прототиплигича қолиб кетди.

Acura NSX

Acura-NSX

1991 йилда Доналд Трамп актриса Марла Мейплзга Acura NSX суперкарини туҳфа қилган. Икки йил ўтгач унга уйланган эди. Бизнесмен ва актриса ўртасида ришта боғлаган қора суперкар ўтган йили eBay кимошди савдосига қўйилди. Алюминий кузовли ўртача моторли суперкар Honda компаниясидан чиққан. Уч литрли мотори 100 км/соат тезликка беш сониядаёқ эришиш имконини беради.

Mercedes-Benz SLR McLaren

Mercedes-Benz-SLR-McLaren

2004 йилда миллиардер Mercedes-Benz SLR McLaren суперкарига буюртма берган. Гап-сўзларга қараганда, автомобиль Трампнинг учинчи хотини Меланьега аталган. McLaren ва Mercedes-Benz ҳамкорлигининг меваси бўлмиш SLR карбонпластикдан ишланган. V8 мотори 626 от кучига эга. Тўрт сонияга бормай соатига 100 км тезликка чиқади. Энг юқори тезлиги 334 км/соат. Бироқ рафиқасига бағишланган автомобиль режада белгиланганидек 3500 нусха ишлаб чиқарилмай қолиб кетди.

Lamborghini Diablo

Lamborghini-Diablo

1997 йилда миллиардер тўла узатмали Lamborghini Diablo родстерини харид қилган. 500 от кучига эга ҳаворанг родстер ҳам ўтган йили савдога қўйилди. Сайловолди жараёнлари авжига чиққан пайтда номзоднинг “табаррук” родстери нархи 299 мингдан 460 минг долларгача кўтарилиб кетди.

Chevrolet Camaro

Chevrolet-Camaro

2011 йилда Indianapolis 500 пойгасининг очилиш марсимида General Motors компанияси қайта дунёга келган Chevrolet Camaro рулига “Кандидат” телешоуси орқали машҳур Доналд Трампни ўтиргизмоқчи эди. Кейинроқ уни машҳур пойгачи Эй Джей Фойт билан алмаштирган.

autonews.ru сайти асосида тайёрланди