2018 йилнинг 11 май куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида Франциянинг Лувр музейи делегацияси билан музокаралар бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.
Томонлар Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида Лувр музейида Ўзбекистон миллий кўргазмасини ташкил этиш масалаларини муҳокама этдилар.
Кўргазма мақсади - бугунги Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Жанубий ва Марказий Осиёдаги карвон йўлларидаги цивилизациялар ва маданиятларни намойиш қилиш.
Музокаралар чоғида кўргазманинг асосий жиҳатлари, миллий экспозициянинг дастлабки таркиби, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасида Лувр музейи томонидан Ўзбекистонда маданий қадриятларни асраш ва тиклаш бўйича ихтисослаштирилган марказининг очилишида, шунингдек, музей коллекцияларининг электрон реестрини яратиш бўйича кўмак кўрсатишга оид дастлабки келишувларга эришилди.