Иш

Иш бошлаётган тадбиркорга олти муҳим маслаҳат

Хусусий иш бошлашга ҳамманинг ҳам юраги дов бермайди. Давлат ишида фаолият юритсангиз масъулият тўла сизда эмас, аммо хусусий тадбиркор ҳар бир қадамига фақат ўзи жавоб беради. Йўлда уни фақат омад эмас, муваффақиятсизликлар ҳам кутиб турган бўлиши мумкин. Бугун австралиялик тадбиркор Эндрю Гриффитснинг бошловчи тадбиркорларга берган маслаҳатларини ҳавола этамиз.

Эндрю Гриффитс (Andrew Griffiths) туғилганидан олти ой ўтибоқ ота-онаси ташлаб кетишган, шу сабаб қачон дунёга келганини билмайди. Бошидан ўтказган аччиқ болалик келгусида омадли тадбиркор бўлиб етишишига халақит бермади. Ҳозир у таниқли бизнес-мураббий ва маслаҳатчи бўлиб, қанчадан-қанча тадбиркорларга йўл-йўриқ кўрсатган. Маркетинг тўғрисидаги 11 бестселлер муаллифи.

  1. Скептикларга қулоқ солманг

Скептиклар – барча нарсага ишончсизлик ва шубҳа билан қаровчилардир. Эндрю Гриффитс унга тижоратдаги дўстлари китоб ёзиб ўтирмасликни маслаҳат беришганини эслайди. Аммо у маслаҳатларга қулоқ осмай, ўз билганидан қолмади. Биринчи китоби тезда оммалашиб кетди ҳамда Гриффитсга шуҳрат ва бойлик олиб келди. Шундан сўнг яна ўнта китоб нашр эттирди.

  1. Мақсад сари интилинг

Эрталаб кўзингизни очишингиз биланоқ нима иш бажаришни ўйлаб олинг. Мақсад ва интилишларингизни назоратда тутинг. Баъзида хоҳиш-истакларингиз ўзгараётганини сезиб қоласиз. Шундай бўлса, сабабини аниқлаштиринг.

Кундалик юмушларингиз асосий мақсадга йўналтирилган бўлиши лозим. Агар асосий мақсад ўзгарса, кун тартибингиз ҳам ўзгаради.

  1. Кўп учрайдиган хатоларни содир этманг

Замондош тадбиркорларимизнинг кўпчилиги сабрсиз, иши ўнгидан келмаса қўл силтаб кетади. Иш ўнгидан келиши учун эса унинг кўзини билиш зарур. Шундагина бизнес наф келтиради.

Яна бир кенг тарқалган хатолардан бири тадбиркорнинг ўзи ва бизнеси ҳақида бошқаларга ҳикоя қилиб бермаслигидир. Харидорлар бу ҳақда билгиси келади.

Эндрю Гриффитс “ўз бизнесингиз бошқаларникидан фарқ қилишини англаш керак ва ўзгалардан ажралиб туриш учун буни мижозларга етказиш зарур”, дейди.

  1. Муаммоларни имконият сифатида қабул қилинг

Муаммони янги имконият ўрнида қабул қилиш лозим, аммо бунга тайёр бўлиш керак. Воқеалар ривожининг нохуш вариантларини кўриб чиқинг ва фикр қилинг: шу вазиятда нима қилган бўлардим? Катта талафот етардими? Балки, катта муаммога учрагач, компаниянгиз иши ўнгланиб кетар. Танг ҳолатдан компаниянгизни ривожлантириш учун фойдаланинг.

20 ёшга етганимда 50 минг доллар йўқотганман. Кейинроқ англаб етдимки, бу маблағ йиллар ўтиб мол-мулкимни асраб қолишига тикилган сармоя экан.

Эндрю Гриффитс.

  1. Обрў-эътибор ҳақида унутманг

Тадбиркор учун виждонан ишлаш ва обрўга эришиш жуда муҳимдир, чунки нонингизни шунинг орқасидан топасиз. Шунинг учун ҳамкорлар танлашда ҳушёр бўлинг. Ҳамиша ўз устингизда ишланг. Келажакка бугундан ғишт қўйинг. Тоқатли бўлинг. Танишлар орттиринг.

Одамлар истаганига эришишида ёрдамлашинг, улар ҳам сиз истаганни тақдим этишади.

  1. Ҳамдардликни ўрганинг

Ўзингизни бошқаларнинг ўрнига қўйиб кўринг. Ўз ҳақингизда эмас, сизни тинглаётганларга ёрдамлашиш ҳақида ўйланг. Гап бошлашдан олдин ҳамсуҳбатингиз учун нима қилиб бера олишингиз ҳақда ўзингизга савол бериб кўринг.

lifehacker.ru сайти мақоласи асосида тайёрланди