Давлатга тегишли бўлган объектларни сотиш ва ижарага бериш тартиби жорий этилади. Ундан ташқари хусусийлаштирилган, лекин самарали фойдаланилмаётган объектлар мулкдорларига нисбатан кескин таъсир чоралари қўлланилади.
Бу ҳақида Ўзбекистон президентининг 4 сентябрда қабул қилинган “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтиб ўтилган.
Қарорда хусусан, шундай дейилган:
2018 йил 15 сентябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) давлат мулки бўлган фойдаланилмаётган объектлар ўрнатилган тартибда сотилади, давлат-хусусий шериклик асосида, шу жумладан, ижарага берилади;
б) фойдаланилмаётган объектлар мулкдорлари – юридик шахсларга қуйидаги таъсир чоралари қўлланилади:
- соддалаштирилган солиққа тортиш тартибидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказиш;
- мол-мулк ва ер солиқларини икки карра миқдорда тўлаш, 6 ой ўтгандан сўнг – беш карра, 12 ой ўтгандан сўнг ва кейинчалик – ўрнатилган ставкага нисбатан ўн карра миқдорда тўлашга ўтказиш;
- қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган солиқ имтиёзлари ва преференциялар амал қилишини тўхтатиш.
Қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.