Демократия энг зўр номзодни эмас, энг кўп овоз олган номзодни тепага олиб келади
Агар кўпчиликни ўзига оғдира олса, ҳатто масхарабоз ҳам президент бўлиши мумкин экан.
Демократиянинг камчиликларидан бири бу. Яъни, кўпчиликнинг овози масалани ҳал қилади. Кўпчилик эса нотўғри қарор қабул қилиши мумкин.
Нега кўпчилик Трампни танлади?
Муҳожирлар ва мусулмонларни камситган, аёлларни ҳақоратлаган ва ҳатто уларга жинсий тажовуз қилгани айтилган ва бошқа кўплаб жиддий айбловларга дучор бўлган одам нега президент этиб сайланди? Бу америкаликларнинг ярмидан кўпи мусулмонларни ёмон кўради ва уларнинг мамлакатдан қувилишини истайди, деган хулосани берадими? Менимча, йўқ.
Биринчидан, бу халқнинг ҳозирги ҳолатдан ва бошқарувдан кескин норози эканини ва халқ мавжуд режим вакилидан бошқа ҳар қандай одамни қабул қилишга тайёр эканини кўрсатди. Ким бўлса бўлсин, лекин эскилар тепага келмасин, деган қараш кучли.
Иккинчидан, демократлар Трамп солаётган таҳдидни жиддий кўра олмади.
Республикачиларнинг бўлиниб кетгани устидан кулиб келди ва Клинтон осонликча уни мағлуб қилишига ишонди. Аммо бошидан ҳаммани ажаблантириб ва енгиб келган Трамп охирги кунгача шу анъанасини давом эттирди.
Демократлар Берни Сандерсни номзод қилиб кўрсатганда, Трампни енгиш имконияти жуда катта эди. Чунки Сандерсда айнан Трампдаги каби кўпчиликни ўзига қарата оладиган, ҳақиқатни очиқ ва кескин айта оладиган жозиба бор эди. Сандерснинг пойгани тарк этгани, аксинча, демократларни бўлиб ташлади. Сайловда ҳар томонлама республикачилар мутлоқ ғалаба қозонди. Сенатда ҳам, Вакиллар палатасида ҳам улар устунликни сақлаб қолди. Энг муҳими, Оқ уйни қўлга киритишди.
Учинчидан, Трампда кўпчиликка ёқадиган таклифлар ҳам бор эди. Масалан, АҚШни ташқи сиёсатда "ҳамманинг ишига бурун суқиши"га чек қўйиш, дунёни полициячидек кузатмаслик ва бировларнинг урушларига аралашмаслик каби. Трампга овоз берганлар орасида мана шу гап-сўзларни ёқлаб, унинг бошқа айбларидан кўз юмганлар кўп бўлди.
АҚШ халқи шокда
Америкадаги ҳозирги вазият Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан ажралиб чиқиш ҳақида қарор беришидан кейинги ҳолатга ўхшаб кетади. Чунки халқ қандай олов билан ўйнашаётганини кеч тушуниб етди.
Трамп шу пайтгача кўнгилочар дастурларни олиб борган "шоумен" сифатида танилган. Унинг чиқишларини одамлар худди комедия кўргандек мириқиб томоша қилишди. Унга қарши бўлганлар ҳам Трампнинг сайлов кампаниясини кузатиб завқланди. У қайсидир даражада дўсту-душманнинг, ҳамманинг ёқимтойига айланди. Билиб-билмай, шу ёқимли шоунинг давом этишини истаб, шу пайтгача уни қўллаб келганлар кўп бўлди ва уларнинг кўзи энди мошдек очилади. Нима қилиб қўйганларини энди пайқашяпти. Шоу давом этади, лекин энди бу телеканалда эмас, ҳаётда бўлади.
Энди нима бўлади?
АҚШ ички сиёсатида жиддий ўзгаришларни кутиш қийин. Трамп кўплаб радикал ўзгаришларни таклиф қилган бўлса ҳам, ҳатто республикачилар ҳукмрон Конгресснинг бу ўзгаришларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини кутиш қийин.
Трамп Обаманинг бир қатор фармонларини бекор қилиши мумкин, аммо Конгресс тасдиғини талаб қиладиган кўплаб масалаларда муросага боришга мажбур.
Муҳожирлар, оз сонли элатлар ва мусулмонларга қарши расмий даражада айирмачилик сиёсати олиб борилмайди. Ҳукуматдан мустақил суд ҳокимияти бунга йўл бермайди.
Аммо Трамп тарафдорлари орасида мусулмонларга қарши, оз сонли бошқа элатларга ва муҳожирларга қарши салбий кайфият, ирқчилик янада кучайиши мумкин ва энг қўрқинчлиси шунда.
Ташқи сиёсатда жиддий ўзгаришларга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Чунки АҚШ президентлари, одатда, ташқи сиёсатларини юритишда кўпроқ мустақилликка эга бўлади.
Трамп халқаро можароларга кўп аралашмаслик, АҚШни политсиячи ролини бажариш вазифасидан озод қилиш, хавфсизликни таъминлаш масъулиятини ва харажатини ҳар бир давлат ёки иттифоқчининг ўзига юклаш каби жиддий таклифларни олға сурган. Булар, агар амалга ошса, анъанавий АҚШ ташқи сиёсатида туб бурилишларга сабаб бўлади. Аммо бу ўзгаришлар АҚШ ҳамда глобал ҳамжамият учун ижобий бўладими ёки салбийми, ҳозирча бу ҳақда бир нарса дейиш қийин.
Лекин шуниси аниқки, Кремлда бугун байрам.