2018 йилнинг 1 октябридан бошлаб давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун асос бўладиган кўздан кечириш далолатномасини тузиш орқали солиқ тўловчиларнинг паспортлаштирилишининг юритилиши белгиланган.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг ижросига киришилди. Айни пайтда тажриба синов тариқасида Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида жойлашган 54та маҳаллада фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг паспортларини тузиш, белгиланган жойида мавжудлиги, ҳақиқатда шуғулланаётган фаолият турини ўрганиш, ҳисоботдаги ва амалдаги ишчилар сонини солиштириш, ноқонуний ва ҳужжатсиз фаолият юритаётганларни аниқлаш ва уларни давлат рўйхатидан ўтказиш тадбирлари ўтказилмоқда.
Мирзо Улуғбек тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан мазкур тадбирларда иштирок этиш учун Тошкент шаҳар молия бўлими, туманда жойлашган тижорат банклари ҳамда давлат солиқ бошқармаси ва инспекция ходимларидан иборат 17та ишчи гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, жами 170 нафар ходим ушбу фаолиятга жалб этилган.
Ўтказилган ўрганиш маълумотларига кўра, туманда жами 7891та хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан 6167таси юридик шахс ва 1724таси якка тартибдаги тадбиркорларни ташкил этади.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан 19август ҳолатига жами 6083та тадбиркорлик субъектларининг паспортлари тузилиб, маълумотлар базаси шакллантирилган.
Шундан, фаолият турлари бўйича – чакана савдо фаолияти билан шуғулланаётганлар 1172тани, умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланаётганлар 342 тани, ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётганлар 576тани, қурилиш фаолияти билан шуғулланаётганлар 238тани, хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётганлар 2554тани ва якка тартибдаги тадбиркорлар 1 035 нафарни ташкил этади.
Шунингдек, белгиланган тартибда ўтказилган паспортлаштириш жараёнида 166 нафар фуқаронинг давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланиб, уларга белгиланган муддатларда давлат рўйхатидан ўтиши тўғрисида огоҳлантириш хатлари берилгандан кейин яна 108 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Шу билан бирга, савдо, ишлаб чиқариш, қурилиш ҳамда хизмат кўрсатиш корхоналарини паспортлаштириш жараёнида 1070 нафар фуқаронинг норасмий равишда ишлаётганлиги ҳамда 277 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар тасарруфида 507 нафар фуқаронинг тегишли ҳужжатсиз ёлланган асосда меҳнат қилаётганлиги аниқланди.
Бу каби тадбирларнинг ўтказилиши натижасида солиқларни тўлашдан мунтазам равишда бўйин товлаётган шахсларни, шунингдек, солиққа оид ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи омилларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ва таҳлил қилиш ҳамда уларга барҳам бериш чоралари кўрилади.